Танзила Норбоева: Барқарор ривожланиш мақсадларининг Ўзбекистондаги ижроси — парламент назоратида

02:14 15 Май 2020 Сиёсат
352 0

Сўнги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ҳаётида туб ўзгаришлар кузатилди. Пировардида қўшни давлатлар ҳамда бошқа минтақалардаги мамлакатлар билан алоқалар мустаҳкамланаётгани, изчил ҳамкорлик асосида кўплаб ижобий натижаларга эришилаётганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Айни чоғда халқаро молиявий институтлар билан амалга оширилаётган чора-тадбирлар туфайли мамлакатимизнинг турли соҳаларига хорижий инвестицияларни жалб этиш ва бу орқали ислоҳотларимизни жадал ривож­лантиришга эришилмоқда. Қатор халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилиниб, юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш чоралари кўриляпти. Буни БМТ билан муносабатларимиз янги бос­қичга кўтарилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Зеро, мазкур тузилма билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш янгиланаётган Ўзбекистон миллий манфаатларига ҳар томонлама уйғундир.

Мамлакатимизда БМТ Бош Ассамблеяси ҳамда тузилмалари томонидан қабул қилинган резолюция, конвенция, декларация ва баённомалар самарали ижроси бўйича пухта иш олиб борилаётир. Жумладан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига изчил эришиш йўналишида ҳам тизимли тадбирлар йўлга қўйилганлигини мамнуният билан айтмоқчимиз.

БМТ Бош Ассамблеясининг 70-сон резолюциясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси “2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) соҳасида миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш”ни ўз зиммасига олган. Шу мақсадда ­Вазирлар Маҳкамасининг “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Шу ҳужжатга асосан, миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари раҳбарлигида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган бўлиб, ҳозирги пайтда самарали фаолият олиб боряпти.

Шунингдек, Ҳукумат қарори билан тегишли “Йўл харитаси” қабул қилингани ва ҳаётга изчил татбиқ этилаётганлиги эътиборга молик. Яъни миллий кўрсаткичлар (индикаторлар) рўйхати тасдиқланиб, улар жаҳон амалиётига мувофиқ янгиланиб келинмоқда.

Бу масала Президентимизнинг ҳам доимий эътиборида бўлиб кел­япти. Хусусан, давлатимиз ­раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистонда мазкур миллий мақсад ва вазифаларни самарали амалга ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Айтиш лозимки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади.

Шу ўринда Барқарор ривожланиш мақсадларининг ҳар бири аниқ ва манзилли белгиланган 169 та вазифадан иборат бўлган 17 мақсадни ўз ичига олганлигини қайд этиш ўринлидир. Хўш, бу вазифа ва мақсадларга эришсак, қўлга киритадиган натижаларимиз қандай бўлади? Дастурда белгиланган вазифалар ва кўрсаткичларнинг 2030 йилгача самарали ижросини таъминлаш мамлакатда юқори иқтисодий ва ижтимоий ­натижаларга эришиш имконини беради.

Бу жараёнда Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари мазкур йўналишда юртимизда олиб борилаётган ишларни икки юзга яқин миллий кўрсаткичлар (индикаторлар) асосида баҳолаб боришади. Ана шундай тизимли ишларимиз самараси ўлароқ, бугун ушбу индикаторларни амалга ошириш бўйича ижобий натижаларга эриша бошладик. Биргина мисол, юртимиз 2019 йилда Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида 7 поғонага кўтарилди, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича 190 та давлат орасида 8-ўринни эгаллади.

Фаол инвестициялар ва ижти­моий ривожланиш йилида республикада иқтисодий ўсиш 5,6 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ­ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 фоиз, экспорт 28 фоиз кўпайди. Энг муҳими, иқтисодиётимизга жалб этилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори 2018 йилдагига нисбатан 3,1 миллиард долларга ортди. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури ­доирасида ўз бизнесини бош­лаётган оилаларга 5,9 триллион сўм кредит ажратилиб, уларнинг ўз бизнеси, мунтазам даромад манбаини яратишга кўмаклашилди. Янги солиқ сиёсати натижасида расмий секторда ишлаётганлар сони 500 мингтага кўпайди. Қолаверса, олиб борилган иқтисодий ислоҳотлар сабаб ўтган йилда кўплаб янги тадбиркорлик субъектлари фаолият бошлади.

Иқтисодиётнинг барқарор ва тизимли ривожи мамлакатда ижти­моий соҳани ривожлантиришга ҳам катта туртки бўлди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам кўплаб ижобий натижалар қўлга киритилди. Хусусан, соғлиқни сақлаш йўналишида даволаш фаолияти турлари 50 тадан 126 тага ошди, тиббиёт муассасалари моддий-техника базаси тубдан қайта мустаҳкамланмоқда, тизимда янги технологиялар жорий этилиб, кадрлар салоҳиятини юксалтириш борасида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар ҳал қилинмоқда. Бундан ташқари, қатор имтиёзлар берилгани боис ўтган йили 634 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди.

Маълумки, болаларнинг соғлом ва билимли, етук кадрлар бўлиб вояга етишида мактабгача таълим тизими жуда муҳим ўрин тутади. Президенти­миз ушбу тизимга ҳам алоҳида аҳамият қаратиб, бу борада тарихий ҳужжатларни қабул қилди. Ўтган қисқа вақт давомида Мактабгача таълим вазирлиги тузилиб, тизимни комплекс ривожлантириш, бу йўналишда давлат ва нодавлат тармоқни кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, малакали педагог кадр­лар билан таъминлаш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш ишларига алоҳида эътибор берилмоқда.

Қолаверса, мактабларда ўқитиш услублари, таълим стандартлари ҳамда дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш, билим беришда ил­ғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса миллий анъана ва қадриятларни эътиборга олишга алоҳида аҳамият қаратилаётир. Зеро, инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш бугун халқ таълими тизимининг асосий вазифаларидандир.

Шу билан бирга, олий таълимга ёшларни кенгроқ қамраб олиш юзасидан аниқ чоралар кўрилмоқда, янги олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Олий таълим даргоҳларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий қилиш масалалари ҳам устуворлик касб этган. Халқаро стандартлар даражасига мос бўлган олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Бундан ташқари, юртимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишини таъминлаш борасида ҳам мутлақо янги йўналишлар асосида фаолият йўлга қўйилган. Гендер масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари қаторидан ўрин олган.

Бундан икки йил муқаддам, яъни 2018 йилда юртимизда оғир ша­роитда яшаётган 47 мингга яқин аёллар, шу жумладан, 14,6 минг ногиронлиги бўлган аёллар рўйхати тузилди. Улардан 14 минг нафарига тиббий ёрдам, 13,5 минг нафари учун иш жойлари яратиб берилди, 22 минг нафарига моддий ёрдам кўрсатилди. Кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 5 мингта оилага, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жой сотиб олиш учун 116 миллиард сўмдан зиёд бошланғич бадал тўлаб берилди. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирил­моқда.

Бугунги кунда ҳам аёллар бандлиги масаласи устувор вазифалардан бири сифатида аниқ қилиб белгиланган. Унга кўра, 2025 йилгача юртимизда 295 та тикувчилик корхонаси ишга туширилади ва натижада 44 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланади.

Булар шунчаки рақамлар эмас. Аслида, уларнинг ортида нафақат аёллар, балки оилалар тақдири мужассам. Аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилиятини рағбатлантириш сиёсатининг замирида ҳам оилаларнинг тинчлиги, фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсад ётибди.

Бу борада, айниқса, гендер тенгликни таъминлаш бўйича юртимизда дадил қадамлар қўйилди. Ўтган йили парламентимиз томонидан иккита муҳим ҳужжат, яъни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Эндиликда республикада ишлаб чиқи­лаётган барча норматив ҳужжатлар лойиҳалари гендер экспертизасидан ўтказилиши Ҳукуматнинг махсус қарори билан белгиланади.

Шуларга мос ҳолда республикамизда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия, Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузилди. Аёлларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштироклари ҳам сезиларли даражада кучаймоқда. Уларнинг депутат, сенатор, вазир, ҳоким каби масъулиятли лавозимларга қўйилаётгани бунинг яққол ҳаётий тасдиғидир.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари парламентга йўллаган Мурожаатномасида БРМ соҳасидаги мақсад ва вазифаларни бажариш юзасидан назоратни кучайтириш, давлат билан жамият ўртасида янада яқин алоқаларни ўрнатиш учун парламент, Ҳукумат ҳамда фуқаролик жамияти инс­титутлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, айниқса, ушбу масала бўйича мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик муҳокамаларини ўтказишни таклиф қилди. Шу ташаббус асосида Олий Мажлис палаталари Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича парламент комиссиясини ва унинг регламентини тасдиқлади.

Ушбу комиссияга сенатор ва депутатлар аъзо бўлиб, унга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикери ҳам раҳбарлик қилади.

Комиссия зиммасига жуда залварли вазифалар юкланмоқда. Аввало, у БРМни бажаришда парламент, Ҳукумат ва фуқаролик жамияти ­институтлари амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масалада мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш, ҳар бир инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган сиёсатни амалга оширишга йўналтирилган фаолиятни олиб боради.

Парламент комиссияси БРМ соҳасида олиб борилаётган ишларни ўрганади ва таҳлил қилади. Шу асосда миллий мақсадлар ва вазифаларнинг манзилли ижроси бўйича юзага келган муаммолар, уларнинг ечимига оид тегишли хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқади.

Бугунги кунга келиб янги пар­ламент Ҳукумат билан биргаликда БРМ доирасидаги вазифаларни бажаришга қаттиқ киришган. Сенатор ва депутатлардан иборат Парламент комиссиясининг энг асосий вазифаларидан бири, бу — БРМга эришишда ижро ҳокимиятининг, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятлари самарадорлигини оширишдан иборат. Шу мақсадда Парламент комиссияси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолиятини қўллаб-қувватлайди, назорат қилади ва унга кўмаклашади. Ўзбекистон Республикасини ­барқарор ривожлантириш соҳасидаги мақсадлар ва вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини тизимли мониторинг қилишни ҳам йўлга қўяди.

Айтиш жоизки, шу кунларда бутун дунё ҳамжамиятини ўйлантираётган COVID-19 инфекцияси, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмади. Коронавирус пандемиясига қарши курашиш давлатимизнинг устувор вазифаси сифатида белгиланди ҳамда бу борада Ҳукуматга аниқ вазифалар топширилди. Бундан ташқари, Президентимизнинг бир қатор Фармон ва қарорлари пандемиянинг хатарли таъсирининг олдини олишга қаратилган бўлиб, ушбу ҳужжатлар аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш, унинг турмуш тарзини яхшилаш, тадбиркорларимизнинг фаолияти барқарорлигини, аҳолининг бандлигини таъминлашда дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур шароитда парламент аъзолари ҳам ўз олдига аниқ вазифаларни белгилаб олди. Қисқа муддатларда пандемия тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этадиган қонунлар қабул қилинди. Ушбу қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилишида, аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишларининг олиб борилишида депутатлар ва сенаторлар фаол қатнашмоқдалар.

Шу билан бирга, мазкур мураккаб вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга қаратилган Олий Мажлис палаталари Кенгашлари қўшма қарори қабул қилинди, парламент палаталари аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан аҳолига томорқадан самарали фойдаланиш бўйича ҳар томонлама амалий ёрдам берилади.

Мурожаатномада Президентимиз томонидан илк маротаба юртимизда камбағаллар борлиги очиқ тан олиниши ва уларга оид рақамлар келтирилиши ҳам ижро ҳокимияти, шу жумладан, бизнинг олдимизда нақадар муҳим вазифалар турганлигидан далолатдир. Камбағалликни бартараф этиш масаласи БРМнинг ҳам асосий мақсадларидандир. Шулардан келиб чиқиб, БМТ билан ҳамкорликда камбағалликни кескин камайтириш юзасидан тегишли қонунлар, дастурлар ва уларни амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилади.

Мазкур йўналишдаги фаолиятни такомиллаштириш учун Парламент комиссияси ҳар чоракда Ҳукуматнинг Мувофиқлаштирувчи кенгаши ва масъул вазирликлар, ҳокимликлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади. Амалий мулоқотлар давомида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади. Юзага келган муаммоли ҳолатларни бартараф этиш учун, зарурат бўлган тақдирда, миллий БРМга тааллуқли бўлган масалаларда қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ­ишлаб чиқиш бўйича таклифлар ­тайёрлаш ҳам кўзда тутилган.

Парламент комиссияси зиммасига Ҳукумат томонидан тақдим этиладиган йиллик бюджет параметрлари қай даражада белгилангани ва миллий БРМни Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича режаларига мослигини кўриб чиқиш ваколати ҳам юкланмоқда. Зарурат бўлганда, Давлат бюджети ва Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритиш юзасидан ҳам таклифлар ишлаб чиқилиши мумкин.

Бундан ташқари, парламентимиз бу соҳада илғор хорижий тажрибани ўрганиш, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришни ҳам мақсад қилган. Чет эл парламентлари ва нуфузли парламентар тузилмалар билан мулоқотлар бу масалага оид тажрибаларни ўрганиш ва юртимизда муваффақиятли татбиқ этишга ҳам ҳисса қўшади. Пар­ламент комиссияси аъзолари Ўзбекистоннинг БРМ соҳасидаги ютуқларини кенг ёритиш мақсадида, жумладан, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг (ЭКОСОС) юксак даражадаги сиёсий форумида ­Ихтиёрий миллий шарҳларни муҳокама қилишда ва тақдимотида қатнашади. Бу каби нуфузли тақдимотлар ҳам юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг ­ёритиш, халқаро майдонда Ўзбе­кистоннинг ижобий имижини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Албатта, бу ишлар Ўзбекистондаги БМТ тузилмалари ваколатхоналари ёрдамида амалга оширилмоқда. Улар билан биргаликда ­халқимизнинг келажак тақдирига дахлдор бўлган кўплаб муҳим лойиҳалар йўлга қўйилганлигини ҳам ­айтиш зарур. Шулар қаторида “БРМнинг миллий интеграциясини жадаллаштириш ва чуқурлаштириш бўйича парламент жараёнларини кучайтириш” концепцияси БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда ­ишлаб чиқилди. Муҳими, асосий эътиборни ислоҳотларни амалга ошириш жараёнидан уларнинг натижадорлигини таъминлашга қаратиш лозим.

Шунингдек, мазкур йўналишда парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш ҳам ­талаб этилади. Бундан ташқари, ­давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ваколатларини тубдан кучайтириш механизмлари жорий этилади. Чунки айнан улар жойларда бу борада олиб борилаётган ишлар устидан депутатлик назоратини амалга оширадилар.

Жойлардаги депутатлар томонидан маҳаллий ижро органларининг БРМни бажариш юзасидан амалга ошираётган ишлари назоратга олинади. Ўзбекистонда белгиланган ҳар бир мақсадга оид кўрсаткичлар маҳалладан тортиб республика даражасигача қандай бажарилаётгани ­танқидий ва таҳлилий ўрганиб чиқилади. Бу натижалар ҳам БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ­билан биргаликда муҳокама қилиб борилади.

Умуман олганда, БМТнинг Бар­қарор ривожланиш мақсадларининг миллий манфаатларимизга, мамлакатимизда белгилаб олинган стратегик вазифаларга тўла мос эканлигини инобатга олиб, уларни амалиётга тўлиқ татбиқ этиш барча давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар олдида турган муҳим вазифалардан саналади.

Албатта, бундай вазифаларни амалга ошириш жараёнларига ­фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб этиш талаб қилинади. Бинобарин, улар кўмагида олдимизга қўйилган улкан мақсадларга тезроқ эришамиз. Муҳими, шунинг орқасидан халқимиз фаровонлиги ошади, турмуш даражаси янада юксалади.

Танзила НОРБОЕВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати Раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?