Таълим тизими ислоҳотлари Ўзбекистонда янги Уйғониш даври пойдеворини яратади

16:24 29 Октябр 2020 Жамият
1405 0

Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу — илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Замонавий ҳаётни бугун илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди, инсоният фан ўқи атрофида айланаётгандек гўё. Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Бугунги кунда университетларнинг таълим бериш фаолияти янада такомиллаштирилиб, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган илм сари интилиш фазилати яна бир бор намоён бўлмоқда. Ёшларимиз соғлом ҳамда гўзал турмуш кечириш, эгаллаган касби бўйича доимий иш ўрнига эга бўлиш, масъулиятни ўз зиммасига олиш, инсоний қадр-қимматини камситишга йўл қўймаслик, қисқача айтганда, комилликка эришиш учун ҳаракат қиляпти ва бу жараёнда таълим олишни энг асосий шарт сифатида кўрмоқда.

Мамлакатимизда 2019 йилнинг октябрида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш сингари вазифалар асос қилиб олинди. Концепция мазмуни мамлакатимиз олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини акс эттиради. Унда олий ўқув юртларида қамров даражасини кенгайтириш ҳамда таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш, халқаро эътирофга эришиш ҳамда бошқа кўплаб аниқ йўналишлар белгилаб берилган. Буларнинг барчаси таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги даъваткор нутқи ҳам ана шундан далолат беради. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик.

Шакл ва мазмун моҳияти

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти охирги тўрт йилда очиқлик шароитида, жаҳондаги бир неча машҳур университетларнинг илмий, таълимий ва тадқиқот фаолияти, шунингдек, халқаро таълим дастурлари тизими билан ҳамкорликда иш олиб борди. Бу эса бизни таълим жараёнининг шакл ҳамда мазмунини кенгайтириш моҳиятини англашга ундайди.

Мазкур фаолият Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳаётидаги жадал янгиланиш ҳамда ўзгаришлар шароитида таълим ва фанни инновацияларга йўналтирилган ҳолда ривожлантириш мақсадларига тўла мос келади. Бу борада янги таълимий парадигмаларни, тадқиқот университетлари томонидан мамлакатда инсон капиталини ошириш бўйича олимлар ҳамда талабалар учун яратилаётган имкониятларни тушуниб етиш керак бўлади.

Айни даврда Ўзбекистон олий таълим соҳасида сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Билим даргоҳларининг қиёфаси ўзгариб, моддий-техника базаси яхшиланяпти, илмий ишланмаларни молиялаштириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш кучайтирилмоқда, жумладан, профессор-ўқитувчиларнинг даромадлари ҳам ортяпти. Инновация йўналишидаги алоҳида давлат тузилмалари ташкил этилиб, олий ўқув юртларида ҳам янги бўлинмалар очилмоқда. Буларнинг барчаси олий таълимга бўлган ёндашувни ўзгартириб, унинг сифати ҳамда даражасини кўтаришга хизмат қилиши аниқ. Жумладан, бизнинг институтда ҳам.

Шу ўринда Президентимизнинг 2016 йил декабрида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида бўлиб ўтган олимлару зиёлилар билан учрашуви ёдга тушади. Ўшанда давлат раҳбари мамлакатимиз саноати, аграр тармоғи ва умуман, иқтисодиётида хорижда ишлаб чиқарилган замонавий технология ҳамда жиҳозларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратганди. Ўзбекистондаги йирик таълим даргоҳининг раҳбари сифатида мен бу фикрни ўзимга ҳамда институтимиз жамоасига ҳам тегишли, деб қабул қилдим. Негаки, гап рақамли ечимлар асосида ишлайдиган мураккаб технологик комплекслардан тортиб, то оддий муҳандислик ишланма ва ускуналаригача четдан келтирилаётгани ҳақида борар эди.

Давлат эҳтиёжларига мос ҳолда

Таълимнинг асосий вазифаларини, мавжуд илмий салоҳият ва алоҳида шахсларнинг истеъдодини давлатнинг, унинг тузилмалари ҳамда иқтисодиёти тармоқларининг амалдаги эҳтиёжларига мослаштириш жуда муҳим. Агар шундай қилинмаса, бир кун келиб, тамаддундан йироқлашиш, мамлакат учун кераксиз, ортиқча дахмазага айланиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Йиллар давомида биз ривожланмадик, кузатувчи бўлиб қолавердик, дейиш, албатта, нотўғри бўларди. Фанлар академиясидаги учрашув эса Ўзбекистоннинг энг янги тарихида биз илмий ҳамжамиятда қандай ўринни эгаллаяпмиз, халқаро таълим жараёнида қатнашяпмизми, ўзгаришлар ва инновацияларни мақсад қилганмизми — ана шу каби саволларни кўндаланг қўйди.

Хўш, аграр тармоқни, унинг сув хўжалиги комплексини, муайян фермер хўжалигини мустаҳкамлаш, ривожлантириш учун қандай янги, аниқ технологиялар, жиҳозлар ва дастурий маҳсулотларни таклиф қила оламиз? Таълим ҳамда илмий тадқиқотлар соҳасидаги кучли рақобат шароитида инновацион ечимларни яратиш ва уларни кўпайтириш учун институтимиз стратегияси қандай бўлмоғи лозим? Ахир ҳозирги тезкор замонда бир жойда қотиб қолиш, бор билим ҳамда малакаларни ҳам йўқотиб, саводсизлик туфайли таназзулга юз тутиш асло мумкин эмас-ку.

Бугун тобора кучайиб бораётган талабларга жавоб бериш мақсадида ҳаракат қилиш зарурлигини чуқур ҳис этяпмиз. Олдинга, янгиланиш сари бир неча қадам қўйиш учун эса халқимиз асрлар давомида тўплаган бебаҳо тажриба, яъни кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамда илмий-таълимий соҳада эришилган ютуқлар, услубий, тузилмавий, моддий ва ниҳоят, инновацион ривожланиш тажрибасини ҳисобга олиш ҳамда ундан фойдаланиш лозим. Айни шундай йўл — янгиланиш ва кашфиётлар йўли — Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтини замонавий тадқиқотлар университетига айлантириш йўлидир.

Бу — «мода»га эргашиш эмас

Тадқиқотлар университетини яратиш энг асосий мақсад эмас ёки урфга берилиш ҳам эмас. Бу таълимий ва илмий фаолиятни инновацион ривожлантириш учун кенг имкониятларни очиш, деганидир. Дунё тажрибаси кўрсатишича, тадқиқотлар университетини шакллантиришнинг муҳим омили унинг кўп функцияли бўлиши, таълим — фан — ишлаб чиқариш “занжири”да инновацион жараёнларнинг қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ.

Жаҳондаги аксарият етакчи тадқиқотлар университетлари инсоний захиранинг юқори сифати, яъни: профессор-ўқитувчилар таркибининг малакасини доим ошириб бориш; иш берувчилар ҳамда илмий ишланмалардан фойдаланувчилар билан ҳамкорлик қилиб, билимлар ва илғор инновацияларни кенг ёйиш; муассасанинг ўз замонавий илмий-тадқиқот ҳамда тажриба ўтказиш инфратузилмасига эга бўлиши каби кўрсаткичлар билан ажралиб туради. Шунингдек, унда академик, молиявий, ташкилий ва кадрлар масаласидаги мустақиллик нуқтаи назаридан автоном бошқарув модели ҳам мавжуд бўлиши керак.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида тайёрлаётган мутахассислари, профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш, фундаментал ҳамда амалий илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, ихтисослаштирилган лабораториялар ва тажриба-ишлаб чиқариш майдончалари ҳамда ҳудудлардаги филиалларининг мавжудлиги каби йўналишларда бирмунча ноёб тажриба тўплади. Олий даргоҳимизнинг таълимий вазифаси ирригатор, механик, энергетик, қурувчи, насосчи, мелиоратор, ердан фойдаланувчи, гидроэнергетик, иқтисодчи, сув таъминотчиси, гидрогеолог ва геодезист — жами 33 та мутахассислик ҳамда фаолият йўналиши бўйича кадрлар етиштиришдан иборат, умумий илмий салоҳияти 69 фоиз. Инновацион инфратузилмани эса институтда технопарклар, технополислар, илмий-инновацион кластерлар ва лабораториялар, бизнес-инкубаторлар, янги замонавий кафедралар ташкил этмоқда.

Тижорий маҳсулотга айлантириш учун

Юқорида санаб ўтилган тузилмаларни инновацион корхоналарнинг ўзига хос инжиниринг фабрикаси, дейиш мумкин.

Уларнинг вазифаси — тадбиркорларга лойиҳавий таклифлар тайёрлашни, инновацион бизнес-лойиҳа тузишни, саводли консалтинг юритишни, сармояларни даромадли бизнесга йўналтириш ёки “ғоядан — тайёр маҳсулотгача” жараёни учун локал экомуҳит яратишни ўргатишдир. Технопарклар, кластерлар ва инкубаторлар бўлса, олимларга ўз илмий ғояларини тижорий маҳсулот даражасига етказишда ёрдам беради.

Шуни билиш ҳамда тушуниш муҳимки, мамлакат раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган вазифа — Ўзбекистон иқтисодиётига инновацияларни жорий этишни жадаллаштириш — кўп жиҳатдан унинг янгиланаётган тузилмасини шакллантиришга боғлиқ. Тузилма таркибида энг аҳамиятли ўринни илмий-таълимий соҳа эгаллайди. Бу эса институционал тизимнинг, яъни олий таълим муассасалари, жумладан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг мавқеини янада кўтариш, мустаҳкамлаш билан чамбарчасдир.

Билим ва кўникмалар — пойдевор сифатида

Ўзбекистоннинг агросаноат комплексини ривожлантириш стратегиясини тузишда инновациялар билан қуролланган янги авлоднинг билим ва кўникмаларига таянувчи иқтисодиётни шакллантиришдан бошқа йўл йўқ. Илмий-таълимий соҳанинг юқори салоҳияти қишлоқ хўжалиги ҳамда ирригация секторида инновациялар жорий этилишини таъминлар экан, ушбу ижтимоий-иқтисодий тузилма мамлакатнинг макроиқтисодий тизимида алоҳида ўрин эгаллайди.

Бугунги давр талаб этаётган инновацияларни амалга ошириш учун эса илмий-таълимий соҳанинг ўзи ҳам энг замонавий инновацион технологияларни ўз фаолиятига татбиқ қилиши лозим. Бу иш илмий-таълимий соҳанинг инновацион ривожланишини бошқаришга мўлжалланган технологиялар, механизмлар ва усулларни такомиллаштиришни тақозо қилади. Бизнинг институтимиз ушбу йўналишда муайян тажриба тўплади, аниқроғи — ўзини инновацион ривожланиш векторига эга олий ўқув юрти сифатида танитадиган кўрсаткичларга эришди. Булар:

– инновацион инфратузилмани шакллантириш, унинг асосий элементлари бўлган технопарклар, кластерлар, технополислар ва бизнес-инкубаторлар;

– таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг макроиқтисодий интеграцияси — у институт атрофида кластер тузилмалари билан тўлдириладиган, ихтисослаштирилган илмий-техник ва иқтисодий майдончани шакллантиришга олиб келади;

– қулай таълим жараёнини ташкил этиш — бунда илмий тадқиқотлар, таълим ҳамда фаннинг инновацион фаоллигини оширишга хизмат қилувчи шароитлар, яъни ўқитувчилар, докторантлар, магистрант ва талабаларни илмий ишланмаларга жалб этиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, илмий тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш учун шарт-шароитлар яратилади;

– илмий-техник ҳамда иқтисодиётнинг инновацион соҳасида ишлашга қодир бўлган юқори малакали кадрлар тайёрлаш чора-тадбирлари.

Юқорида келтирилган, институтнинг замонавий илмий-таълимий фаолиятига тегишли кўрсаткичларнинг аксарияти ушбу соҳадаги интилишларимиз ва салоҳиятимиздан дарак бериб турибди. Улар босиб ўтилган ривожланиш босқичига холис баҳо бериш билан бирга, келгусида тадқиқотлар университетига айланиш учун йўл очиб беради.

Бундай университетлар МДҲ бўйича қўшниларимиз — Қозоғистон ва Россия Федерациясида бор. Уларнинг тажрибаси катта қизиқиш уйғотади, масалан, ушбу олий даргоҳлар давлат ташаббуси билан ўтказиладиган, “миллий тадқиқотлар университети” тоифаси бериладиган олий таълим муассасаларини ривожлантириш дастурлари бўйича танловда қатнашади. Россияда бундай танлов университетнинг айни вақтдаги ҳолати ҳамда кейинги йиллардаги ривожланиш динамикасини таҳлил қилиш асосида амалга оширилади. Жумладан, бунда университетнинг кадрлар салоҳияти, таълим жараёни ва илмий тадқиқотлар инфратузилмаси, таълимий ҳамда илмий-инновацион фаолиятнинг самарадорлиги, халқаро ва миллий даражада тан олинган ютуқлари, тақдим этилган ривожланиш дастурининг асосланганлиги ҳамда кутилаётган натижадорлиги сингари кўрсаткичлар ҳисобга олинади.

Қозоғистон мисолида оладиган бўлсак, санаб ўтилган мезонлар бўйича айрим кўрсаткичлар қуйидагича:

– ушбу олий ўқув юрти асосий иш жойи бўлган ўқитувчилар орасидан илмий даража ва илмий унвонга эга бўлганлари — 70 фоиздан кам эмас;

– олий таълимдан кейинги таълим дастурлари бўйича таҳсилни давом эттираётган магистрант ва докторантлар улуши — умумий контингентнинг 15 фоизидан кўпроғи;

– “Times Higher Education World University Rankings” рейтингига мувофиқ равишда дунёнинг энг яхши 200 та университети сафига кирган хорижий олий ўқув юрти иштирокида ишлаб чиқилган олий таълимдан кейинги таълим дастурларининг улуши — 20 фоиздан кам эмас;

– илмий-педагогик ходимларнинг умумий таркибида четдан таклиф этилган хорижий ўқитувчи ва тадқиқотчилар улуши — 12 фоиздан кам эмас;

– хорижий ўқитувчи ва тадқиқотчилар билан ҳаммуаллифликда тайёрланган илмий мақолалар улуши — кейинги уч йилда халқаро рейтингли журналларда чоп этилган илмий мақолаларнинг умумий сонига нисбатан 10 фоиздан кам эмас.

Умуман, танловни ташкил этишда танлов ғолиблари бўлган университетлар (олий таълим муассасалари)нинг ривожланиш дастурларини молиялаштириш тартиби ва шартлари ҳисобга олинади. Албатта, Россия ҳамда Қозоғистонда олий ўқув юртларининг фаолиятини баҳолашда қўлланиладиган ёндашувлар тўлароқ ва чуқурроқ ўрганишга лойиқдир. Шунингдек, Ўзбекистонда уни жорий этиш кўзда тутилаётган бўлса, демак, ҳар томонлама, жумладан, ҳуқуқий жиҳатдан ҳам, давлат томонидан қўллаб-қувватланиши керак.

Бу борада “QS Quacquarelli Symonds” компанияси консалтинг бўлими бошлиғи Д. Реджионинг “Народное слово” газетасида чоп этилган таҳлилий мақоласи фойдали ва ўз вақтида чиққан мақола бўлди. Унда Ўзбекистоннинг университетлари таълимий ҳамда илмий тажриба асосида халқаро эътирофга сазовор бўлиш ҳаракатини кучайтириши лозимлиги айтилган.

Ортда қолиш эмас, олдинда юриш керак

Ўзгаришлар йўлидаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳатига тўхталиб ўтиш жоиз.

Яхши тушунамизки, тадқиқотлар университетига айланиш ва унинг самарали фаолият юритиши учун замонавий, юқори даражада ташкиллаштирилган инновацион рақамли базага таяниш лозим бўлади. Бу масалада анча орқада қолганмиз. Кўриб турганимиздек, дунё аллақачон рақамли глобаллашув даврига қадам босди, бу давр эса ахборот, ғоялар ҳамда инновациялар оқими тўхтамаётгани билан ажралиб туради.

Экспертларнинг башоратига кўра, 2021 — 2023 йилларга бориб, жаҳон иқтисодиётининг 25 фоизи рақамлаштирилган технологияларни жорий этишга ўтади. Бу жараён эса давлат, бизнес, таълим ва умуман, жамият самарали фаолият юритишига имкон яратади.

Бундай шароитда истиқболли таълим технологиялари, янги ахборот-коммуникация воситалари, инновацион педагогик ечимлар ва ижтимоий технологиялардан кенг фойдаланаётган smart-таълим тизими бугунги кун талабларига, давлат ҳамда жамиятнинг интилишларига тўла жавоб беради. Мисол учун, Европада ушбу чақириқларга жавобан ягона Европа университети ҳақидаги ғоя илгари сурилмоқда, токи у интернет тармоғида smart-таълимнинг умумий стандартлари, битим ва технологиялари асосида ҳамкорликдаги таълимий фаолиятни олиб борсин. Россия Федерациясида “20.35” Миллий технологик ташаббус университети фаолият юритади, у эса инсоннинг рақамли иқтисодиётдаги касбий ривожланишини таъминлайди.

Жаҳон таълим ҳамжамиятида шунга ўхшаган мисоллар кўп.

Жаҳон тенденциялари сари

Ахир биз шундай жаҳон тенденцияларидан четда қолишимиз мумкинми? Албатта, йўқ. Бугунги кунда институтимиз минтақавий ва халқаро даражадаги аниқ лойиҳалар устида ишлаяпти, янги рақамли таълим платформасини яратиш, инфратузилмада замонавий бўлинмалар ташкил этиш бўйича инновацион ечимлар қабул қилмоқда. Шунингдек, кўплаб илмий ҳамда таълимий тадбирларда иштирок этяпти.

Биз янгиланишу кашфиётлар остонасига жуда яқин келдик. Мақсадни белгилаб олганмиз ва биздан аввалги устозлар ўз ҳаётини институтга, Ватанга бағишлагани сингари фидойилик талаб этилади шунда, албатта, мақсадга етамиз.

Кўпчилик билмаса ҳам керак: узоқ 1922 йилда Туркистон давлат университетининг гидротехника бўлимини илк бора 16 нафар сув тежаш бўйича мутахассис битириб чиққан. Демак, яқин орада биз Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг 100 йиллигини нишонлаймиз. Ушбу шонли тарихнинг кейинги тўрт йили жадал ривожланиш даври бўлди. 2016 йилда олий таълим даргоҳимиз қайтадан тикланди. Институтимизда “Тempus”, “Erasmus” ҳамда “Erasmus+” халқаро лойиҳа ва танловлари, Евроиттифоқнинг “Susadisa” ҳамда “GIZ” лойиҳалари, Ўзбекистон — Россия таълим форумининг лойиҳалари тўлақонли амалга оширилмоқда.

2022 йилда нишонланадиган бир асрлик юбилей арафасида биз институт тарихидаги янги юз йилликка инновацион ютуқлар билан, янги вазифаларни ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар билан, янги платформада ривожланиш ва муваффақиятлар билан қадам қўймоқчимиз.

Ўктам УМУРЗОҚОВ, 

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти ректори, 

Республика олий таълим кенгаши раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?