Талафот етган ҳудудларда жиноят содир этилишига йўл қўйилмади

21:21 21 Май 2020 Жамият
13 0

АОКА штабида Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов иштирокида Сардоба воқеасига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда фуқароларимиз томонидан йўлланган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

Матбуот котибнинг таъкидлашича, “Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиши ҳақидаги хабарни эшитган туманидаги Қўрғонтепа маҳалласи профилактика инспектори, катта лейтенант Отабек Бегматов ҳудудда яшовчи фуқароларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилишда жонбозлик кўрсатиб, тошқинда қурбонлар сони ортишини олдини олди.

Дастлаб эвакуация ишларига Сирдарё вилояти ИИБ ходимларидан 1000 нафари ҳамда уларга тегишли бўлган 700 дан ортиқ авторанспорт воситалари жалб қилинди.

Айни кунларда талофат етган мазкур ҳудудларни ободонлаштириш ва хавфсиз ҳудудга айлантириш учун жами 1 минг 271 нафар ички ишлар органлари ходимлари сафарбар қилинган.

Ҳозирда аҳолини эвакуация қилиниши натижасида, бўш қолган ҳудудларни муҳофаза қилиш учун ички ишлар органлари ходимларидан иборат 35 та пиёда ва 25 та автопатруль ҳамда 15 та жойларда тўсиқ постлар ташкил этилди.

Талафот қурбонига айланган 6 нафар юртдошимизнинг шахсига аниқлик киритилди.

Сув босган ҳудудларда 74 дона ов қуролига эга бўлган фуқароларнинг хонадонларидан барчаси тегишли тартибда расмийлаштирилиб, ички ишлар бўлимларига сақлаш учун топширилди.

Сув тошқини оқибатида 3 448 нафар фуқаронинг фуқаролик паспорти йўқолганлиги аниқланди ва шундан, 1116 нафар фуқаронинг паспорти топилиб, ўз эгаларига қайтарилди. 1349 нафар фуқароларга янги биометрик паспортлар расмийлаштириб берилди, 983 нафар шахсларга эса фуқаролик паспортларини расмийлаштириш давом этмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу фуқароларнинг паспорт олишлари учун маблағ давлат ҳисобидан қоплаб берилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ушбу ҳудудларда олиб борилаётган хатлов давомида 258 нафар фуқаронинг транспортга оид техник ҳужжатлари талофат натижасида йўқолганлиги маълум бўлди. 100 нафар фуқаронинг ҳайдовчилик гувоҳномалари топилиб ўз эгаларига қайтарилди. Қолган 158 нафар фуқарога тегишли транспорт ҳужжатларини расмийлаштириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан ҳайдовчилик гувоҳномалари мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ўқув спорт техник клублари базасидан текширилиб қисқа вақт ичида қайта тиклаб берилмоқда.

Талафот етган ҳудудларда ҳуқуқбузарлик содир этилишини олдини олиш мақсадида, тадбир бошидан 309 нафар муқаддам судланган ҳамда 106 нафар профилактик ҳисобда турган шахслар билан тегишли профилактик ишлари амалга оширилди.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда талофат кўрган ҳудудларда ўғирлик жиноятлари қайд этилаётганлиги тўғрисидаги ноўрин ва асоссиз маълумотлар тарқалган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, талофат пайтидаги дастлабки саросима пайтида фуқаролар томонидан ўз қўшниси ёки маҳалладошларининг қаровсиз қолган ёки сув остида қолиб кетиши хавфи бор бўлган уй ҳайвонларини ўзларига тегишли бўлган юк автомашиналарида хавфсиз ҳудудларга кўчириш ишлари амалга оширилган ва улар сақланаётган жойлар тўғрисида маҳалла идоралари ва ИИО ходимларига тегишли маълумотлар берилган.

Талафот етган ҳудудларда бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

ИИВ Ахборот хизмати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?