Сурхондарёда фуқаролар ва ИИБ ходимлари ўртасида келиб чиққан жанжал юзасидан баёнот

19:46 15 Февраль 2020 Жамият
4429 0

Фото: iiv.uz

Сал аввал ижтимоий тармоқ ва сайтларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида аҳоли ва ИИб ходимлари ўртасидаги зиддиятли ҳолат акс этган хабар ва видеолар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати расмий изоҳ берди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизматининг маълумот беришича, жорий йилнинг 14 февралда вилоятнинг Олтинсой туманининг “Ҳалқабод” маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалигига тегишли бўлган ер майдонига маҳаллий фуқаролар томонидан ноқонуний уй-жой қуриб олинганлиги ҳолатига аниқлик киритиш ҳамда ушбу ерларни фермер хўжалигига қайтариш мақсадида, туман ҳокимиятининг қурилиш масалалари бўйича вакили, туман прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи, Сурхондарё вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Олтинсой филиали масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Олтинсой туман ҳокимининг 2019 йил 6 декабрь кунидаги фармойиши ижросини таъминлаш учун манзилга чиқиб, маҳаллий фуқаролар билан тушунтириш ишларини олиб бораётган вақтларида, айрим фуқаролар қўлларига турли буюмлар (таёқ, болта, тошлар, бел курак ва бошқа) билан ишчи гуруҳ вакилларига тажовуз қилганликлари оқибатида ўртада жанжал келиб чиққан.

Чақирувга асосан жамоат тартибини сақлаш учун 16:00ларда воқеа жойига етиб борган туман ИИБ ходимлари, маҳаллий аҳоли томонидан жамоат тартибини бузишни тўхтатиб, уйларига тарқашни талаб қилганларида, маҳаллий фуқаролардан И.Мухаммадиев, Д.Мухаммадиев, Ф.Нуров, А.Тошов, С.Мухаммадиев ва А.Сафаровлар ички ишлар органлари ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, қўлларидаги буюмлар билан тажовуз қилганлар.

Кўрилган чоралар натижасида жамоат тартибини бузаётган фуқаролар зарарсизлантирилиб, жамоат тартиби барқарорлаштирилган.

Ҳуқуқбузарларнинг тажовузлари натижасида ИИБ ходими сафдор Ш.Мустофоқуловга “Бош миянинг ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, бошнинг пешона ўнг қош усти, ўнг ён томони эзилган, йиртилган жароҳатлари, ўнг кўз қовоғи юмшоқ тўқималарнинг эзилиши ва гематомаси, бурнининг ўнг томони юз соҳасидаги йиртилган жароҳат”, шунингдек, профилактика инспектори ёрдамчиси А.Жабборовга “Чап елка ўмров акрамиял бўғими соҳаси юмшоқ тўқималарининг эзилиши” каби тан жароҳатлари етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтинсой туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда фуқароларимиздан ҳар қандай вазиятда жамоат тартибини бузишларига йўл қўймасликни, низоли вазиятларни қонуний тартибда ҳал этишларига чақириб қоламиз.

Мамлакатимизда қонун устуворлиги таъминланади ҳамда айбдорлар қилмишидан қатъи назар жавобгарликка тортилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?