Сўздурки нишон берур ўлукка жондин...

22:28 18 Октябр 2020 Маданият
165 0

Олам яратиқлари ичра энг аввали қаламу каломдир. Муқаддас диний китобларда бу борада асосли маълумотлар келтирилади. Инсонга калом ва тафаккур ҳадя этилди ҳамда ушбу иноят ила борлиқ мавжудотлари ичра азизу мукаррам саналди. Сўз асли мўъжизакор, сўз асли жилвадор. Огаҳий айтганидек, «Сўздур инсон кўнглида бир гавҳари қийматбаҳо».

Ҳар қандай тилнинг асоси сўз, ҳар турли фикрлар сўз воситасидагина юзага чиқади, англатилади, англашилади. Асрлар оша «Ғазал мулкининг султони», «Сўз мулкининг султони» дея эътироф этиб келинаётган ҳазрат Алишер Навоий даҳоси буюклигининг асл таянчи ҳам сўздир. Навоий сўзнинг нақадар улуғворлиги, беқиёслиги, маъни чексизлигини, руҳпарвар, жонбахш неъмат, илоҳиёт меваси эканлигини лисоний зеболиклар ила исботлаб берган моҳир сўз санъаткори. Мутафаккир ўз илмий-ижодий фаолияти орқали туркий тил, бугунги ўзбек адабий тили ривожининг тамал тошини қўйди. Адибнинг қуйидаги рубоийси «сўз» таърифларининг энг мукаммали ва оригиналидир:

Сўздурки нишон берур ўлукка жондин,

Сўздурки хабар берур жонга жонондир.

Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,

Билки, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.

Дарҳақиқат, сўз инсон учун тириклик нишонаси, маълумот-ахборот алмашиш воситаси. Инсониятни ҳайвонотдан фарқловчи энг қимматбаҳо гавҳар. Кишилар сўз орқали бир-бирларининг ҳолидан хабар топадилар, ўз аҳволларини баён қиладилар. Шунинг учун ҳам жамият ҳаётида сўзнинг ижтимоий аҳамияти ниҳоятда беқиёс саналади.

Манбаларда келтирилишича, «Пушкин ўз асарларида 21197 та бетакрор сўз ишлатган, Шекспир салкам 20 мингта, Сервантес мингтага яқин. Алишер Навоий эса 1 миллион 378 минг 660 та бетакрор сўз ишлатган. Боиси, буюк бобомиз фақат туркий эмас, форсий, арабий, урду, хитой, мўғул ва бошқа тиллардаги сўзлардан ҳам маҳорат билан фойдаланган». Бинобарин, Бобур таъбири билан айтганда: “Туркий тил била то шеър айтибдурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас”. Ҳақиқатдан ҳам, бадиий ижод оламида ҳали ҳеч ким Алишер Навоийчалик ҳисобсиз ва бетакрор сўз ишлатгани йўқ. Ҳусайн Бойқаро таъкидлаганидек: “Мир Алишер турк тилининг ўлик жасадиға Масиҳ нафаси ила жон ато этди”. Шунинг учун ҳам Навоий сиймоси ҳамиша буюк ва барҳаёт.

Алишер Навоий сўзнинг маънавий қудратини чуқур ҳис қилган ҳолда ўз ижодий фаолиятида сўз таърифига алоҳида аҳамият қаратади, «Хамса» достонларида бу борада махсус боблар ҳам ажратади. Тадқиқотчилар ушбу йўналишда бир қанча изланишлар олиб бориб, алломанинг сўз илоҳиёти, сўз таъсирчанлиги хусусида юксак бадиий пардаларда тараннум этилган фикрларини таҳлилу талқин қилиб келишади.

Навоий лирикасида «Сўз» радифли ғазалларининг мавжуд ҳолатини ўрганишларга кўра, адиб лирик меросида 1 та айнан «Сўз» радифли ғазали учрайди.

“Манга ул кўзи қора деди чучук чандин сўз,

Не ажаб ани қоракўз десаму ширин сўз”-

байти билан бошланувчи мазкур ғазал мазмунида «сўз» шунчаки ошиқ-маъшуқа муносабатларини ошкор этувчи восита бўлиб келган. Ғазал моҳиятан маъшуқанинг фикр баён қилиш услуби, сўз қўллаш, сўзлашиш санъати васфига бағишланган. Ошиқ маъшуқанинг «дилозор»лиги, «қаттиққўл»лиги, «чучук сўз»лигидан енгил шикоят қилади.

Алишер Навоий шеъриятида, «Хазойин ул-маоний» куллиётида, бундан ташқари, «лафз», «алфоз», «лаффоз» радифли ғазаллар ҳам учрайди. Буларда ҳам асосан, юқоридаги каби ошиқона мавзулар қаламга олинади, маъшуқанинг жонбахш алфози сифатланади, тараннум этилади.

Мумтоз адабиётда кузатиладиган «сўз» радифли ғазаллар орасида Шермуҳаммад Мунис ҳамда Огаҳий ижодига мансуб ғазал муҳим ўрин тутади. Хусусан, Муниснинг «сўз» радифли ғазали айнан сўз таърифига бағишланганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Шуни эътиборга олган ҳолда, ушбу ўринда мазкур ғазал таҳлилига кенгроқ тўхталишни жоиз деб топдик.

Гарчи аввал бор эди маҳбуби гулрухсора сўз[1],

Лек эрур ҳоло басе манкубу бахти қора сўз.

Шоири шўридаға дилжамлик қайдин етар,

Дахли бежодин авом оллидадур юз пора сўз.

Дема, сўз атрофиға чекмиш ливойи иштиҳор,

Қадрдоне топмай ўлмиш даҳрда овора сўз.

Шоир ўз аҳволиға дармонда-ву фазл аҳли хор,

Оҳким, топмас бу даврон ичра бир ғамхора сўз.

Қилма изҳори суханварлик фароғе истасанг,

Сийму зар ўрнига эр бошиға санги хора сўз.

Хоҳ назму хоҳ наср ўлсун фазилат аҳлидек

Хорлиғ домониға чекмиш оёқ якбора сўз.

Сўз чу мундоқ хор эса, сўз аҳли мундоқ хоксор,

Ваҳ, не тил бирла деёлғай Муниси бечора сўз.

Байтлар мазмунидан кўринадики, муаллиф ғазалда «сўз»нинг қадр-қимматини васф этади, унинг тобора ночорлашиб бораётганидан қайғу чекади.

Дарҳақиқат, «сўз» аввал яралишдан илоҳий бўлиб, юксак мақомда турган. Аммо замонлар оша одамлар орасида ўринсиз ишлатилиб, турли шакл ва мазмунда қўлланилавериб, парчаланди, ўз қимматини йўқота бошлади. Шоир наздида «бахтсиз»ликка юз тутди, хароб бўла борди. Бундай ҳолатда ижод, шеърият аҳли қандай хотиржам бўлсин? Қандай ижод қилсин? Шоиру олимларнинг ўзи қийин аҳволга тушаётган, хор бўладиган давронда «сўз» қандай меҳр кўра олади, қандай қадр топа олади?

Муаллиф томонидан ғазал байтлари моҳиятида мана шундай оғриқли саволлар ўртага ташланади. Адиб тўғрисўз, ҳақпарвар, мард кишилар бошига тош ёғилишини, мудом азобда қолишини назарда тутган ҳолда тинчлик, хотиржамликни истовчиларга ижодкорлик, сўз санъаткорлигини танламаслик муҳимлигини уқтиради.

“Хоҳ шеърият, хоҳ насрда бўлмасин, «сўз» ижодкор-олимлар каби бир йўла эзилди”, деган тушунча орқали шоир ҳам «сўз»нинг ўз юксак мақомидан айрилиб бораётганидан қайғуради, ҳам ижод аҳлининг хорликка юз тутганига ишора қилади. Шунингдек, ушбу байт моҳиятига ижодкорларнинг сўз қўллашдаги уқувсизлигини, бадиий тафаккури саёзлигидан танқид руҳини ҳам усталик билан сингдиради. Зеро, «сўзнинг хоҳ назм, хоҳ насрда хор бўлиши» ижодкорларнинг сўзга муносабатига, поэтик маҳоратига ҳам бевосита боғлиқдир. Сўзнинг маъно товланишлари, ифода имкониятлари, бадиий қудратидан моҳирона фойдаланиш асарнинг бадиий-эстетик аҳамияти, ўқимишлилигини ошириш билан бир қаторда, адиб истеъдодидан ҳам дарак беради. Бу ўз навбатида, сўз қадрини юксалтиришга, таъсирчанлигини таъминлашга ҳам сезиларли ҳисса қўшади.

Ғазалнинг охирги байтида эса моҳиятан хулосавий фикр ўртага ташланади. Муаллиф «сўз» ва «сўз аҳли» хорликда бўлганда, «э воҳ, мен қандай бир сўз айта оламан, қайси тил билан сўзлайман?» дея изтироб чекади. Бундай вазиятда сўз айтишнинг оғирилиги, аламини ошкор қилади.

Байтлар таҳлилидан кўринадики, шоир ўзининг сўзга муҳаббати, сўз олдидаги масъулиятини шунчаки баён қилиб қолмасдан, уни ўзига хос ва муносиб бадиий-тасвирий воситалар (сифатлаш, ташбеҳ, қиёслаш, жонлантириш) орқали поэтик образ даражасига кўтариб, ғазалнинг эстетик-маърифий қимматини оширишга, оригиналлигини таъминлашга эришган. Ижод аҳлини сўз қудратини, поэтик имкониятларини теран англашга, сўздан моҳирона ва санъаткорона фойдаланишга, сўзни қадрлашга ва эъзозлашга ундаган. Зеро, калом илмининг етук уламоларидан бўлган Алоуддин Мансур таъкидлаганларидек, «Сўзга масъулият керак, хусусан, Оллоҳнинг сўзига. Барча сўзнинг ранги, ҳиди, таъми, икки сўз орасидаги иқлимни ҳис қила олиши, билиши лозим». Ана шундагина сўз ўзининг юксак илоҳий мақом ва мартабасида мустаҳкам туради, маърифати ва таъсирини барҳаёт сақлайди.

Дарҳақиқат, дунёнинг аввали сўз. Борлиқ сўз воситасида яралган, жамият сўз воситасида муносабатга киришади, ривож топади. Ҳар қандай тил сўзлардан таркиб топади, сўзлар орқалигина ҳаракатланади, яшайди, қадру қиммат касб этади. Шунинг учун ҳам сўз тилнинг энг муҳим таянчи, бойлиги, асосий манбаси ҳисобланади. Бу икки тушунча бир-бири билан шу қадар қаттиқ боғланиб, уйғунлашиб кетганки, аксар ҳолларда сўз деганда тил, тил деганда сўз ҳам тушунилиб кетаверади. Сўзни англаш ва қадрлаш ўз тилини англаш ва қадрлаш билан баробардир.

Феруза АЗИМОВА, 
«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси,
филолог.

[1] Радифга олинган «сўз» фақат тил бирлиги эмас, балки кенг маънода бадиий адабиёт мазмунида ҳам қўлланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?