Сохта паспорт туфайли афсонавий футболчи Роналдиньо қамалиши мумкин

20:34 07 Март 2020 Спорт
417 0

Бразилиялик афсонавий футболчи Роналдиньо Парагвайда ҳибсга олинди. Бу унинг бир ҳафта давомида иккинчи марта ушланишидир. “Барселона”нинг собиқ ўйинчиси биринчи марта 5 март куни қўлга олинганди. Чунки у яшаётган меҳмонхона тинтув қилинганда, сохта паспортлар топилган. Бироқ кейинчалик қўйиб юборилди.

6 март куни эса Парагвай ҳуқуқ-тартибот органлари прокуратура талаби билан Роналдиньони яна ушлаб, маъмурий қамоққа олишди. Ушбу чоралар машҳур чарм тўп устаси мамлакат ҳудудида сохта ҳужжат билан кириб келгани билан боғлиқ.

ABC Color манбаси хабарига кўра, айни пайтда Рони ва унинг акаси ҳамда агенти Роберто Парагвай пойтахти Асуньсон шаҳридаги миллий полиция махсус қабулхонасига олиб келинган. Бразилиялик собиқ ярим ҳимоячига нисбатан қандай санкциялар қўлланилиши кейинроқ маълум бўлади. Ҳар ҳолда шу иш билан шуғулланаётган судья қоидабузарларни қўйиб юборадими ёки иш кўриб бўлинмагунча, қамоқда сақлайдими, ҳозирча аниқ эмас.

Гап шундаки, “Олтин тўп” соҳиби 5 март куни Асуньсонга ўзи ҳақидаги “Genio de vida” (“Ҳаёт бўйича гений”) китобини тақдим этиш ҳамда Парагвай болаларига бепул тиббий хизмат кўрсатиш хайрия дастури тақдимотида нутқ сўзлаш учун ташриф буюрган эди. Унинг ташрифи мазкур мамлакатда ажиотаж билан кутиб олинди. Аэропортга мухлислар оқиб келди, унинг шарафига кўплаб тантанали маросимлар ўтказилди, ўзи “Асуньсон фахрий фуқароси” унвонига сазовор бўлди.

Аммо шундан сўнг ҳаммаси тескарисига айланиб кетди. Тўхтаган ҳашаматли меҳмонхонасида у қўлга олинди. Чунки маҳаллий прокуратура олган маълумотларга кўра, Роналдиньо Парагвайга сохта паспорт билан учиб келганди. Бу эса мамлакат қонунчилигига кўра жавобгарликка сабаб бўлади.

Қизиқ томони, спортчига тегишли ҳужжатнинг ҳақиқийлига шубҳа аэропорт ходимларидаёқ пайдо бўлган экан. Лекин улар шов-шув ва можаро кўтаришни исташмаган. Мамлакат ички ишлар вазирлигини эса меҳмоннинг обрўси ҳам, мақоми ҳам қизиқтириб ўтирмади. Маҳаллий полиция ака-укалар ва уларнинг таниши Вильмондеш Соуза жойлашган люкс хонада тинтув ўтказишди. Натижада ҳуқуқ-тартибот идоралари тахмини тўғри бўлиб чиқди. Улардан сохта паспортлар топилди. Ушбу ҳужжатларда бразилияликлар Парагвай фуқароси деб кўрсатилган эди. Ваҳолонки, бу ҳақиқатга мутлақо зид эди.

Шундай қилиб паспортлар ноқонуний йўл билан олингани ва меҳмонлар ҳам ўз ватанлари, ҳам Асуньсон аэропорти чегара назорати хизматларини алдашгани аён бўлди. Аввалига улар меҳмонхонадан ҳеч қаерга чиқарилмай, ушлаб турилди.

Шундай пайтда уни аргентиналик афсона Диего Марадона қўллаб-қувватлаб чиқди.

“Хавотир олма, дўстим! Ҳақиқат ҳамиша ғалаба қозонади. Сени қучоқлаб қоламан, чемпион!”, — деб ёзади Марадона ўзининг Инстаграм аккаунтига бразилиялик футболчи билар биргаликда тушган суратини жойлаштириб.

Орадан бир кун ўтиб улар қўйиб юборилади. Бу Роналдиньо Парагвайда қонунга қарши ҳеч қандай иш қилмагани билан изоҳланади.

“Мижоз полиция вакилларига ўзининг Бразилия паспорти ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим этди. Агар у ниманидир яширмоқчи бўлганида, бундай қилмаган бўларди. Роналдиньо ва унинг акаси барча ҳуқуқ ва эркинликларга эга, аммо суд қарори чиққунга қадар улар Парагвайда қолишларига қарор қилинди. У ўзига нисбатан айблов эълон қилиниши мумкинлигини билади, аммо у ҳеч қандай жиноий ҳаракатлар содир этмаган”, — дея спортчининг адвокати сўзларидан иқтибос келтиради Globoesporte.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, 6 март куни меҳмонлар яна қайта ҳибсга олин

Қайд этиш жоиз, 2002 йилги жаҳон чемпионида ўз ватанида солиқ органлари билан боғлиқ катта муаммолари бор, шунинг учун ундан Бразилия ва Испания фуқаролиги паспортлари, шунингдек, мамлакатдан чиқиш имконияти олиб қўйилганди. 2015 йилда Рони Гуайба кўли яқинида балиқ овлаш платформаси ва омборхона қургани учун жаримага тортилганди. Чунки ушбу ҳудуд қўриқхонага тегишли бўлган. Ўшанда қурилиш қилиб, экологияга зарар етказгани учун Роналдиньога 2,4 млн. доллар тўлаш мажбурияти қўйилганди.

Бироқ футболчи буни қилмади ва шундан сўнг 2018 йилда давлат унга тегишли 57 та кўчмас мулк объектини блоклаб, ҳар икки паспортини ҳам олиб қўйганди.

Хуллас, Парагвайга келиш учун ноқонуний йўлни танлаб, сохта ҳужжатлар олишга қарор қилган. Ғарб оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, афсонавий футболчи жарима тортилиши ҳам, ёки қамалиши ҳам мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?