Соғлиқни сақлаш вазирлигига Лойсон қишлоғи фуқароларидан очиқ хат

15:30 20 Июнь 2019 Жамият
914 0

Фото: «Халқ сўзи»

Тўғриси, мақола шу номда бўлишини қишлоқ фаоллари илтимос қилишган. Уларнинг айтишича, сарлавҳа орқали мутасаддиларининг қуйида баён қилинадиган муаммоларига етарлича эътибор қаратиши эҳтимоли кучли эмиш. Хуллас, лойсонликлар баён қилинажак масаланинг очиқ хат тарзида қабул қилинишидан умидвор!

Фото: «Халқ сўзи»

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги 4 минг сонли Лойсон аҳолиси 2014 йилдан буён Қишлоқ оилавий пунктининг узоқдалигидан азият чекишади. Шифокор кўригидан ўтиш, фарзандларини эмлашга олиб бориш учун ҳар бир фуқародан ўртача бир кун вақт сарф этилади. Фаолларнинг саъй ҳаракатлари билан ҳудудда қишлоқ оилавий поликлиникасининг филиалини ташкил қилишган бўлсада, бу ташаббус муаммонинг мукаммал ечими бўла олгани йўқ. У ерда фақат фавқулодда биринчи тез ёрдам кўрсатилади холос...

Фото: «Халқ сўзи»

МАВЗУГА ЧУҚУРРОҚ ЁНДАШАМИЗ

1985-1991 йиллар давомида Лойсон қишлоғи Мулкобод кўчасининг 19-уйида собиқ жамоа хўжалиги ёрдами ва ҳашар йўли билан қишлоқ врачлик амбулаторияси бунёд этилган. Қўшни Деҳқонобод қишлоғи билан бирга шифохона 22 йил давомида 7 минг аҳолига хизмат кўрсатган. Вақт ўтиши билан соғлиқни сақлаш тизимидаги талаблар ўзгарди. 2014 йилда эса врачлик пункти биноси фойдаланишга яроқсиз, деб топилиб фаолияти тўхтатилди. Қишлоқ фаоллари аҳолининг сарсон бўлмаслиги мақсадида 46-мактабгача таълим муассасасидан жой олиб ўрнатилган тартиб асосида вақтинча шифохона фаолиятини йўлга қўйишади. 2017 йилда эса туман тиббиёт бирлашмасининг 49-сонли буйруғига билан ўз фаолиятини тўхтатади.

Фото: «Халқ сўзи»

Абдусаттор УСМОНОВ,

Лойсон МФЙ жамоатчилик назорати, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комиссияси кенгаши раиси:

Эски бино ўрнига янги замонавий қишлоқ врачлик пункти бино иншоотини Давлат манзилли дастурига асосан қуриб ишга туширилиши юзасидан туман, вилоят, юқори давлат органларига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатига оғзаки ва ёзма равишда 2014 йилдан буён таклифлар ва ариза билан мурожаат қилиб келяпмиз. 2015 йил 4 февралда тасдиқланган Манзилли Дастурда Лойсон ҚВП ни янгитдан қуриш учун 400 млн. сўм маблағ ажратилиши ва шу йилнинг 3 чорагида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган эди. Лекин бундай бўлмади. Қоғозларда битказиб юборилдими, буниси бизга қоронғи. Биз умидимизни узмадик. Қайтадан жойларга мурожаат қилдик. Ва ниҳоят Фарғона вилоят ҳокимлиги, вилоят Соғлиқни сақлаш, молия, иқтисодиёт бошқармаси томонидан 2016 йилда тасдиқланган дастурга асосан 2017 йилдан Лойсон ҚВП қурилиш лойиҳаси Манзилли Давлат дастурига қайта киритилиб 500 млн. сўм маблағ ажратиш белгиланди. Дастурга асосан, Қўштепа туман ҳокимининг 2016 йил 18 июль кунги 688- сонли қарори ҳам қабул қилинган. Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичаркан. Бизда шундай бўлди. Кўнглимиз жойига тушмай қурилажак янги бинонинг архитектура ҳужжатлари, техник шартлар ҳужжатлар тўпламини ҳам ўзимиз елиб-югуриб тайёрлаб бердик. Муҳим жойларга тақдим қилдик.

Фото: «Халқ сўзи»

97-Қўштепа сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган Умиджон Сулаймонов ҳам бу ечимталаб масалага томошабин бўлиб турмади. Мақсадли дастурга киритилишида амалий ёрдам берди. Ҳатто маҳаллий газеталардан бирига берган интервьюсида “...бир пайтлар ҳашар йўли билан қурилган Лойсон, Каттаболтакўл қишлоқ врачлик пунктлари тегишли жойларга депутатлик сўровлари юборилиб, ҳолати бир мунча яхшилангани ва яхшиланишига киришилганида... ҳиссам борлигидан мамнунман”, дейди. Бироқ Республикада қишлоқ врачлик пунктларини мақбуллаштириш ва янги поликлиникалар ташкилланаётганлиги туфайли негадир қурилиш лойиҳаси яна тўхтатиб қўйилди. Устига устак, туман ҳокими ва кенгашининг қарорига асосан, Лойсон ҚВП фаолияти тугатилиб Қашқар ҚВП негизида 86-сонли ҚВП ташкил этилди ва 4 минг сонли Лойсон аҳолиси қўшиб юборилди. Собиқ Лойсон ҚВП эса бўш қолганлиги боис туман ҳокимлиги захирасига олиниб электрон аукцион савдоларига қўйиб юборилди.

Тоҳиржон ҲАЙДАРОВ, маҳалла фаоли:

Мурожаатларимизга келган яна бир жавоб хатда тор соҳа мутахассислари ва 12 турдаги лабаратор таҳлиллар топширишга мўлжалланган 86-сон оилавий поликлиникага бириктирилгансизлар, дейилади. Ахир, Лойсонда янги поликлиника қурилса, шу шароитларни бизда ҳам яратиб олиш мумкинку. Қишлоғимиздан бориб келиш жуда ноқулай бўлган оилавий поликлинакага боргандан, ёнгинасидаги Марғилон шаҳарга тушиб қўйган яхши эмасми?! Янаям соддароқ айтганда, 4 минг сонли оддий фуқаролар, ёш болалилар, кекса ва ногиронларни қишнинг совуқ, ёзнинг жазирамасида қийнаб узоқдаги поликлиникага боришга мажбур қилгандан, тор доирадаги мутахассис шифокорлар ва лабараторияни қишлоққа олиб келган яхши эмасми. Шунда қўшни Деҳқонобод қишлоғидаги аҳоли ҳам узоққа қатнамай, Лойсон ҚОП га бириктириб қўйиларди. Менимча мақбуллаштиришда туманимиздаги депутатлар ва ҳокимлик вакиллари мана шундай таклифларни комиссия аъзоларига айтишмаган.

Фото: «Халқ сўзи»

Илҳомжон ЖАЛИЛОВ, Умумий амалиёт шифокори:

Лойсон қишлоқ фуқаролари йиғини биносида халқнинг талаби ва фаоллар ташаббуси билан 4 дона хона ажратилиб, ҳашар йўли билан таъмирланган ва бу ерда 86-оилавий поликлиниканинг шохобчаси ташкил этилган. Ҳозирда бу филиалда 10 ходим ишлайди. Бироқ биз бу ерда фақатгина биринчи ёрдамни кўрсатишимиз ва консультатив маслаҳатлар беришимиз мумкин холос.

Муқимжон ОБИДЖОНОВ, маҳалла фаоли:

Кимнидир қоралашдан йироқмиз аслида. Фақат мақбуллаштириш халқ хоҳлаганидек бўлмаган, тўғри қарор қабул қилинмаган, деган фикрдамиз. Мутасаддилар оилавий пунктдаги шароитлар ва аҳоли сонини ҳисобга олишган, бу яхши! Лекин аҳолининг қатнови, иссиқ совуқ кунларини ҳисобини қилишмаган, бизнингча. Масалан, менинг қон босимим юқори. Шифокор назоратида тураман. 86-сонли оилавий поликлиника биздан 9 км. узоқликда, Лойсондан ғарбда жойлашган. Дамас қатнайдиган йўлгача эса 1,5 км. Қишлоққа қайтишда дамаслар “тўла” келганлиги учун мен Лойсонга эмас, балки қарама қарши томон – Марғилон шаҳрига бориб, бўш дамасга миниб, қайта Лойсонга келишим керак. Бу еса борди келди масофаси 30 км ва 15 минг сўм харажат, дегани. Ҳар куни қатнайдиганлар нима қилишади унда? Масаланинг боқа томони ҳам бор. Агар туман марказий шифохонасига йўлланма зарур бўлиб қолса, биринчи навбатда поликлиникага ҳозир айтган қийинчиликларни бошдан кечириб, кейин шарқ томонда жойлашган туман марказига қараб йўл олишим керак. Ахир поликлиника ёки шифохонага қатнайдиган одамнинг ҳаммаси ҳам соғлом бўлмайдику? Шикояти борлиги учун боради у ерга. Ёш болали, ногирон, кекса ёшдагилар, беморлар шу йўналишда қанчалик қийналишини тасаввур қиляпсизми?

Фото: «Халқ сўзи»

Лойсонликлар билан суҳбатлашсангиз юқорига арз дод қилишдан ҳафсаласи сўнган. Уларнинг деярли бормаган идораси қолмади. Барибир мурожаатлар туман тиббиёт бирлашмасига юборилади. Тиббиёт бирлашмаси эса 6 йиллик пластинкани чайнайверади, бир ҳил мазмундаги хатлар келаверади, деган фикрда. Масалан, қишлоқ фаоли Абдусаттор Усмонов 2019 йил 5 феврал кунида маҳалла аҳолиси номидан президент номига ёзган аризасига жавоб хати шу йил 7 март куни туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғидан келди. Ўзбекистон Республикаси президентининг Фарғона вилояти халқ қабулхонасига ёзилган мурожаатга ҳам Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори жавоб хати йўллади. 2017 йилда виртуал қабулхонага йўлланган аризага ҳам тиббиёт бирлашмаси “балогардон” бўлди. “Менинг юртим” телеканалига йўллаган арзга ҳам тиббиёт бирлашмаси туман бўлимидан жавоб йўлланди. Қуйидан юқорига деган тамойилни асос қилиб олсак, қуйидан нажот бўлмагандан кейин юқорига масала кўтаришади ку? Мурожаатлар эса, ўзинг ҳал қил қабилида қуйи бўғинга тушириб юборилаверган. Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига бу тўғримикан?!

Фото: «Халқ сўзи»

Маҳалла фаолларининг жон куйдирганича бор. Улар шу янги оилавий поликлиника қурилиши юзасидан мурожаатлар, ҳужжатлар билан ишлашга шу қадар тажрибали бўлиб кетишганки, ҳатто ана шу баён қилинган аризалар, шикоятлар, келган жавоб хатлари, бино кадастр ҳужжатлари, манзилли дастурлар...қўйинки, барчасини йиғиб китоб шаклига ҳам келтириб қўйишган. Масала билан қизиқсангиз фаоллар билан суҳбатлашиш шарт эмас. Тўпламга кўз югуртириб чиқсангиз кифоя. Барчаси кундек равшан бўлади.

Аслида эса, масала жуда оддий: мутасаддилардан белгиланган тартибда эскисининг ўрнига замонавий, талабларга жавоб берадиган янгисини қуриб бериш ва аҳолининг оғирини енгил қилиб бериш сўраляпти холос. Бироқ негадир масала 6 йилдан буён эски тос, эски ҳаммомлигича қолмоқда.

Биз ҳам лойсонликлар айтганидек, Соғликни сақлаш вазирлиги мутасаддилари ушбу мақолани очиқ хат сифатида қабул қилишларидан умидвормиз.

Элёржон ЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019