Содиқ Сафоев қирғизистонлик ҳамкасби билан видеомулоқот қилди

21:37 04 Июнь 2020 Сиёсат
317 0

2020 йил 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон-Қирғизистон парламентлараро ҳамкорлик комиссияси ҳамраиси С.Сафоевнинг Қирғизистон Жокорку Кенеши Торағаси ўринбосари (спикери), ушбу Парламентлараро комиссия ҳамраиси М.Бакиров билан видеомулоқот тарзида суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Дўстона руҳда ўтган суҳбатда икки томонлама парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ҳақида фикр алмашилди.

Бундан ташқари, икки мамлакат раҳбарлари томонидан олиб борилаётган сиёсат ва Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг шахсий саъй-ҳаракатлари натижасида икки томонлама ҳамкорлик сифат нуқтаи назардан янги поғонага кўтарилганлиги қайд этилди. Эришилган ҳамкорликнинг янги даражаси, айниқса, пандемия шароитида ўзаро кўрсатилган ёрдам туфайли яққол намоён бўлганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, икки давлат чегарасида юз берган сўнгги воқеалар жиддий хавотир уйғотаётгани тўғрисида сўз юритилди.

Бу вазиятда парламент аъзолари четда турмаслиги лозимлиги қайд этилди. Улар ҳукумат ва ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органлари билан биргаликда бу борада ҳар томонлама кўмаклашиш, чегарадош туманларда барқарор ҳолатни мустаҳкамлаш юзасидан фаол иш олиб бориши лозим.

Шу муносабат билан тез орада Парламентлараро ҳамкорлик комиссиясининг навбатдаги мажлисини ўтказиш таклиф этилди.

Ўз навбатида, Қирғизистон парламенти спикери ўринбосари, Парламентлараро ҳамкорлик комиссияси ҳамраиси М.Бакиров икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги жиҳатларини юксак баҳолаши ва қадрлашини таъкидлади. «Янги аҳамият касб этган ҳамкорлигимизни кўз қорачиғимиздек асрашимиз керак», деди у.

Бундан ташқари, М.Бакиров рўй берган воқеа хусусида парламент дипломатияси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ресурсидан фойдаланиш муҳимлигини қўллаб-қувватлади.

Томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлараро мулоқот икки мамлакат халқлари ўртасида ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Суҳбат якунида томонлар икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мунтазам мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?