“ Сизга ҳайитлик олиб келдик”

10:43 23 Май 2020 Жамият
102 0

Наманган вилояти аҳли ҳам эзгу амаллар ойи бўлган Рамазонни муносиб якунламоқда. Бунда садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп, ажри улуғ бўлишига эътибор қаратилиб, жойларда ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, беморлар холидан ҳар қачонгидан кўп хабар олинди. Меҳрибонлик ва Саховат уйларига хомийлик ёрдамлари кўрсатилди. Кеча-бугун ҳайит арафасида, айниқса, йўқловлар янада кўпайган.

Масалан, “Агробанк”нинг Тўрақўрғон туман бўлими вакиллари “Лангарбобо” маҳалласидаги 30 та ночор аҳволдаги оилага байрам саватлари билан кириб борди. Хонадонларга бир қопдан ун, шунингдек, шакар, гурунч, гўшт, картошка, пиёз ва макарондан иборат озиқ-овқатлар  тортиқ қилинди. Икки фарзандли, боқувчисидан айрилган Насиба Тожибоеванинг оиласи ҳақиқатда ёрдамга муҳтож. Бироқ, аёл шукроналик билан болаларини тарбияламоқда. Банк ходимлари йўқловидан унинг боши осмонга етди.
 

- Ҳовлимиздаги ўрик ва бошқа мевалар ҳам пишиб қолди, — дейди Н. Тожибоева. – Уларни бозорга чиқаргунимизга қадар бугун банк томонидан берилган маҳсулотлар рўзғоримизни бут қилиб туради.

Вилоятда бу сингари хайрли тадбирларга кўплаб қўли очиқ саховатли инсонлар ҳам фаол қўшилишмоқда. Хусусан, кейинги кунларда 30 нафардан ортиқ тадбиркор кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 2 миллиард сўмликдан зиёд миқдорда моддий ёрдам кўрсатди. Улар орасида косонсойлик фермер Музаффархон Нажмиддинов ҳам бор. Ўзи истиқомат қилаётган маҳалладаги ночор хонадонларга 10 тонна ун, 2 тонна ўсимлик ёғи билан ҳайитлик туҳфа қилган бу инсон олган дуолар унинг ишини янада юриштириши табиий.Тўрақўрғонлик хусусий тадбиркор Маматхон Мирзаев ҳам 375 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари билан юзлаб маҳалладошларининг кўнглини олди.

Шаҳар ва туманларда ҳайит муносабати билан йўқловлар давом этмоқда. 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?