Сирдарё вилояти ҳокими энг чекка ҳудуддаги мактабда дарс ўтди

14:57 04 Сентябр 2019 Жамият
1214 0

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаев Сардоба туманидаги 18-мактабнинг 11-“А” синфида янги ўқув йилининг илк – “Мустақиллик”дарсини ўтди.

Унда вилоят ҳокими Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ҳамда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида ўтказилган халқимиз озодлиги ва юртимиз мустақиллиги йўлида қурбон бўлган марҳумларни ёд этиш тадбирида билдирган фикрлари мазмун-моҳияти ҳақида ўқувчиларга батафсил гапириб берди.

-Муҳтарам Юртбошимиз нутқининг ҳар бир сатрида ҳаёт бор, ҳар бир сўзида Ўзбекистонимизнинг юксак тараққиётига қаратилган аниқ мақсад бор,- деди вилоят раҳбари.- Масалан, Президентимиз ташаббуси билан мактаб таълимини ривожлантириш масаласи буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланмоқда.Энди ҳар биримиз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб билишимиз,“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”деган устувор ғояни асосий дастуриламал қилиб олмоғимиз керак. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек,виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир.

Дарсда шунингдек, фидойи ва ватанпарвар боболаримизнинг ҳаёти ва меросини ўрганиш ёшларда Ватанга меҳр-муҳаббат, садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Эътиборлиси, вилоят ҳокими ўқувчиларнинг физика, математика, она тили фанлари бўйича билимларини амалий машғулотлар асосида синовдан ҳам ўтказди. Ҳоким она тили бўйича берган машқларини тўғри бажарган ва саволларига тўлиқ жавоб берган ўқувчи Мадина Ўрозбоеванинг кундалигига “5” баҳо ҳам қўйиб берди.

Пировардида синф раҳбари Дилфуза Бердибековага дарсларда фойдаланиши учун планшет , ўқувчиларга эса турли номдаги китоблар совға қилинди.

Айни чоғда вилоят ва туман-шаҳар ташкилотлари раҳбарлари ҳам мактабларда ана шундай дарслар ўтказишди.

Маълумот учун. Бундан олдин Сирдарё вилоятида ҳафтанинг ҳар жумаси “Мактаб куни” деб, шунингдек,“Энг яхши мактаб”, “Энг яхши мактаб директори”, “Энг яхши фан ўқитувчиси” танлови ҳам эълон қилинган эди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019