Шифохона ички касалликлар бўлимини сувараклар босиб кетгани ростми? - ССВ изоҳи

17:13 14 Август 2019 Жамият
123 0

Жиззах вилояти Фориш туманилик Р.М. ўзи даволанган туман  марказий шифохонасининг ички касалликлар бўлимида шароит йўқлиги туфайли хоналарни суварак (таракан) босиб кетгани ҳақидаги видеолавҳа ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги  ушбу вазиятни ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилади.

Фориш туман марказий шифохонасида тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича ўнга яқин бўлим фаолият юритади. Шифохонанинг барча бўлимлари 2017-2019 йилларда реконструкция қилинган. Хусусан, 50 ўринга мўлжалланган ички касалликлар бўлими ҳам жорий йил бошида капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилган. Замонавий мебеллар билан жиҳозланган барча хоналарда музлаткичлар бор. Шу билан бир қаторда бўлимларда беморлар овқатланиши учун махсус ошхона ҳам ташкил этилган.

Шифохонанинг барча бўлимларида санитария қоида ва меъёрларига риоя этилиши устидан туман санитария-эпидемиология назорати бўлими томонидан доимий назорат ўрнатилган. Тиббиёт муассасасининг барча бўлимларида кунига уч марта жорий тозалов ўтказилади. Барча хоналар ҳар ҳафтада мукаммал тозаланади, ҳар чоракда дезинфекция, дезинсекция ва дератизация ишлари ташкил этилади. Охирги марта жорий йил 15 июль куни ҳам шундай санитар тозалов тадбирлари ташкил этилган. 

Ўрганиш жараёнида тиббиёт муассасасининг бўлимлари ва хоналарида антисанитария ҳолатлари аниқланмаган. Хоналарда сувараклар ва бошқа ҳашаратлар йўқ. Буни шифохонада даволанаётган бошқа беморлар ҳам тасдиқлади. 

Маълум бўлишича, бемор Р.М. даволанаётган пайтда шифохона ички тартиб-қоидаларига риоя қилмаган. Натижада навбатчи шифокор ва ҳамшира уни огоҳлантирган, ҳатто иш тиббиёт ходимларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилишигача бориб етган. Табиийки, бу ҳолат Р.М.га ёқмаган ва шифокорлардан қасд олиш мақсадида ушбу видеолавҳани уюштирган. Буни у ўз тушунтириш хатида ҳам қайд этиб, шифокорлардан узр сўраган. 

Шу ўринда, юртдошларимизга яна бир бор мурожаат қилиб, таъкидлашни истардикки, тиббиёт муассасаларида даволанишнинг ҳам ўз тартиб-қоида ва масъулияти бор. Бунга барча бирдек риоя қилиши, аввало, шифо истаб келган ҳар бир инсоннинг соғ-саломат оиласи бағрига қайтиши учун муҳимдир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019