ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ўзбекистонлик ҳамширанинг меҳнатларини эътироф этди

11:56 23 Май 2020 Жамият
272 0

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатия маркази шу кунларда COVID-19га қарши курашда олдинги сафларда туриб хизмат қилаётган ўзбекистонлик шифокорлар ва тиббиёт ходимлари, шу жумладан ҳамшира Фотима Ҳусанова кўрсатаётган инсоний жасоратни юксак эътироф этди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

Хусусан, Марказ томонидан чоп этилган мақолада шундай дейилади:

“Бугунги пандемия дунё нечоғлик мўрт эканини исботлади. Ҳатто етакчи давлатлар ҳам янги синов олдида ожиз бўлиб қолди ва катта инсоний, иқтисодий ва маънавий йўқотишларга дуч келди.

Ўзбекистондаги вазият бошқа кўплаб давлатларга қараганда анча яхши. Масалан, 22 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари сони 3 минг 6 нафарни ташкил этди. Айни пайтда 2 минг 438 нафар фуқаро мазкур касалликдан тўлиқ соғайган. Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида 568 нафар бемор даволанмоқда.

Бу эса мамлакат раҳбарияти томонидан дунё мамлакатларида касаллик тарқалишининг дастлабки босқичида кўрилган зарур чора-тадбирларнинг тўғри экани ва ўз вақтида амалга оширилгани натижасидир.

Шифокорларнинг бу йўналишдаги фаолияти ва турли даражада пандемияга қарши кураш бир лаҳза ҳам тўхтамайди.

Бу курашда эса илгари жамият фақат эҳтиёжи тушгандагина эътибор берилган касб эгалари биринчилардан бўлиб майдонга чиқди. Бу қаҳрамонлар оддий шифокорлар ва ҳамширалардир.

Орамизда яшаётган бу инсонлар эпидемиянинг қақшатқич зарбини биринчи бўлиб ўзларига қабул қилишди. Улар ўз касбий бурчларига содиқ қолган ҳолда, қатъият ва жасорат, масъулият ва меҳр-мурувват фазилатларини кўрсатиб, пандемия билан курашда давом этмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали беморлар коронавирус билан даволанадиган шифохонада ишлайдиган ҳамшира ҳақида маълум қилишди.

Тарқатилган хабарда “Фотима Ҳусанова Тошкент тиббиёт Академиясининг кўп тармоқли тиббиёт клиникаси ходими бўлиб, кўплаб фидойи тиббиёт мутахассисларидан бири. Кўп йиллик тажрибага эга ҳамшира биргина ўтган ойда коронавирусга чалинган 43 нафар беморнинг соғайишига беқиёс ҳисса қўшди“, дейилади.

Хабарда чоп этилган Ф.Ҳусанованинг фотосуратида ўзининг машаққатли меҳнати натижасида пайдо бўлган юзидаги чандиқлар аниқ кўринади.

У ҳимоя қопламалари ва ниқобларини олиб ташламасдан, ўз ҳаёти ва соғлиғи ҳақида ўйламасдан инсон имкониятлари чегарасида кечаю кундуз меҳнат қилган.

Мақолада замонамиз қаҳрамони “Шундай олийжаноб касбни танлаганимдан фахрланаман. Муаммо ва синовларни ортда қолдириб, мен ва ҳамкасбларим қисқа вақт ичида ўнлаб беморларни касалликдан даволаб, уларга ва оилаларига қувонч улашдик“, дея интервью беради.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда коронавирус инфексиясига чалинган беморларни даволаш билан 50 мингдан ортиқ ана шундай ҳамшира шуғулланмоқда.

Бу қандай инсонлар экан-а? Уларни нима бошқаради? Ахир, улар ишдан воз кечишлари, уйда қолишлари, ўзларини ҳимоя қилиб яқинларини ўйлашлари мумкин эди-ку? Эҳтимол, жавоб оддийдир: улар бизнинг замонамиз қаҳрамонлари. Тақдир уларга тўсатдан синов берганда, ҳеч иккиланмай шундай қарор қабул қилишди. Соғлиқлари ва ҳаттоки, ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, ўз ватандошлари учун кураш майдонига чиқишди. Шу боисдан ҳам биз ҳамшира Фотима Ҳусанова каби инсонларнинг орамизда яшаётганидан фахрланишга ҳақлимиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?