Шавкат Мирзиёев ташаббусини бошқа мамлакатлар жамоатчилиги қандай кутиб олди?

12:15 03 Октябр 2019 Сиёсат
510 0

«Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши нуфузини оширишга хизмат қилади»

Туркий тилли давлатларни азалдан ўхшаш маданият, маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб туради. Бу мамлакатлар долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш, ёндашувларга амал қилади. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан, таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда.

Бунда юртимизда кейинги уч йил ичида Президентимиз 
Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, очиқ ва амалий ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда вазият тубдан ўзгаргани, минтақа давлатлари ўртасида дўстона алоқалар янада мустаҳкамланаётгани ҳам муҳим туртки вазифасини бажараётир.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, фаолиятининг асоси туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, ҳудудда ва жаҳонда тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ушбу тузилмага Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ҳамда Қозоғистон аъзо ҳисобланар эди. Жорий йилнинг 
14 сентябрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун имзоланди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон халқаро тузилманинг бешинчи аъзо давлати бўлиб қўшилди.

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ушбу Кенгашга аъзо мамлакатларнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиларига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:

1. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусини Сизнинг мамлакатингиз жамоатчилиги қандай кутиб олди?

2. Ўзбекистоннинг бу қадами Кенгаш фаолиятига қай даражада таъсир этади?

Гусейн ГУЛИЕВ,

Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

1. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлиши билан табриклаш имкониятини берганингиз учун ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдираман. Нафақат Озарбайжон, балки барча туркий тилли мамлакатлар табрикларимизга қўшилади, деб ўйлаймиз.

Шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистоннинг Нахичеван Битимини ратификация қилиши Кенгаш салоҳиятини сезиларли даражада оширади ва бутун дунёда унинг аҳамияти ҳамда салмоғини мустаҳкамлайди.

Махсус ҳужжатнинг қабул қилиниши ва Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг Боку шаҳрида 15 октябрь куни бўлиб ўтадиган еттинчи саммитида иштироки нафақат Озарбайжон, балки барча туркий тилли мамлакатлар учун муҳим аҳамият касб этади.

Озарбайжон халқи ҳақида гап кетганда, уни ҳамиша қардош Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий соҳаларда эришган муваффақиятлари қувонтирган ва қувонтирмоқда. Мамлакатларимизни анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик ришталари боғлаб туради.

2. Дунё сиёсатида Ўзбекистон нуфузи яққол кўриниб турибди. Айниқса, Ўзбекистоннинг туркий дунёдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги асосий давлатлардан бири ҳисобланади. Минтақадаги бирор масала унинг иштирокисиз ҳал этилмайди.

Ўзбекистон Марказий Осиё юрагида жойлашган. У Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон билан чегарадош. Санаб ўтилган мамлакатларда кўплаб этник ўзбеклар яшайди.

Ўзбекистон барча қўшни мамлакатлар билан яқин алоқаларни ўрнатиб, уларни қўллаб-қувватлаб келяпти. Зеро, Ўзбекистон тарихий ва географик нуқтаи назардан минтақа ҳаёти фаолиятининг барча соҳасини бир-бирига боғлайдиган ҳалқадир. Мазкур феномендан минтақа фаровонлиги йўлида фойдаланилмоқда. Фикримча, замонавий Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати концепцияси айнан мазкур тамойиллар асосида қурилган. Бугунги кунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакат ва умуман, минтақада узоқни ўйлаб олиб борилаётган сиёсат тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаяпти.

Ўзбекистон барча туркий давлатлар билан савдо ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича икки томонлама битимларга эга, аммо шу билан биргаликда Ўзбекистонда машинасозлик, маиший техникалар ишлаб чиқариш мисли кўрилмаган суръатларда ривожланяпти. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш юқори даражада.

Ўзбекистон иқтисодиёти хом ашё ресурсларини сотишга боғланиб қолмаган. Агар туркий дунё билан интеграция Ўзбекистон томонидан белгилаб берилган режа бўйича амалга оширилса, у етказиб бериш ва логистикага кўп миллионли маблағларни сарфлаб, ўз маҳсулотларини узоқ мамлакатларга экспорт қилиши ёки зарур товарларни ташқаридан импорт қилишига ҳожат қолмайди. Зеро, туркий давлатларда Ўзбекистон учун зарур нарсаларнинг барчаси бор.

Марказий Осиё минтақасида 80 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди, агар буни Туркия ва Озарбайжон ҳисобига кенгайтирсак, қарийб 160 — 170 миллион нафарлик инсон салоҳияти юзага келади. Бу истеъмолчиларнинг улкан оммаси, демакки, ўзбек маҳсулотларини сотиш учун катта бозор деганидир.

Ибрагим ЖУНУСОВ, 
Қирғизистон Республикасининг
 Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

1. Ўзбекистоннинг Кенгашга кириши, ҳақиқатан ҳам, қувончли янгилик. Бу ўтган йилнинг 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг олтинчи саммитида илк бор ғоя сифатида шаклланган эди ва бугун ҳаётий воқеликка айланди. Эътиборлиси, тузилмага аъзо давлатлар мамлакат Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг тўлақонли аъзолигини олишини қисқа муддатларда расмий тарзда қўллаб-қувватлади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши нуфузини оширишга хизмат қилади.

Шубҳасиз, бу мамлакатларнинг ўзаро бирдамлик ва интеграцияга эҳтиёжи борлигидан дарак беради. Бинобарин, мазкур қарор қардош халқларимиз бирлигини яна бир бор тасдиқлаб, биргаликда иқтисодий юксалиш, маданий ўхшашлик, шунингдек, бепоён минтақамизда тинчлик ва барқарорликка интилишдек умумий мақсад сари биргаликда боришга тайёр эканлигимизни халқаро ҳамжамиятга намоён этди.

2. Мазкур тарихий воқеа асносида Ўзбекистон Республикаси Туркий Кенгаш фаолиятига янги нафас олиб киради, туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилади, 2018 йил Чўлпон ота шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг олтинчи саммитида имзоланган декларацияда белгилаб қўйилган йўналишларда аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик равнақига ижобий туртки беради.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томонидан бундай муҳим қарорнинг қабул қилиниши Кенгашга Қирғизистон раислик қилаётган ва Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битими имзоланганлигининг 10 йиллиги нишонланаётган пайтга тўғри келгани жуда қувонарлидир.

Катта ва кўп миллатли Ўзбекистон тимсолида биз ўз ташкилотимизда чин дўст ҳамда сафдошни қабул қилиб олишимизга ишончим комил.

Дархан САТИБАЛДИ,

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

1. Ўзбекистон охирги уч йилда нафақат Қозоғистон жамоатчилиги, балки жаҳон ҳамжамияти диққат марказида турганини эътироф этишни истардим. Мамлакатингизда олиб борилаётган ислоҳотлар турли, ҳам сиёсий, ҳам экспертлик ва ижтимоий даражаларда қизғин қизиқишга сабаб бўляпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг республикаТуркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига кириши тўғрисидаги ташаббуси мамлакатимизда кўтаринки кайфият билан кутиб олинди. Қозоғистоннинг расмий баёнотида ҳам мазкур ташаббус қўллаб-қувватланди. Жумладан, Ўзбекистоннинг ушбу тузилмага аъзолиги туркий дунёда интеграцияни мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳамкорликнинг янги уфқларига олиб чиқиш учун хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистоннинг қарори мамлакатимиз учун Қозоғистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини англатади. Қолаверса, расмий Тошкент томонидан узоқни ўйлаб қўйилган ушбу қадам, ҳам Марказий Осиё, ҳам туркий тилли мамлакатлар жипслигига хизмат қилувчи ташқи сиёсат олиб борилаётганидан яна бир далолатдир.

Ўзбекистоннинг Кенгашга кириши барқарорлик, яхши қўшничилик ва қардош туркий халқларнинг биргаликда иқтисодий ривожланиши учун платформа яратиш йўлида мамлакат раҳбарияти томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг тадрижий давоми саналади. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил март ойида Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувида бошланган эди. Зеро, у узоқ йиллар давомида минтақани бирлаштиришга қаратилган мана шундай форматдаги юқори даражали илк учрашувга айланди. Ўз навбатида, Ўзбекистон фақат минтақавий даража билан чекланиб қолмай, дунёнинг илғор мамлакатлари билан муносабатларни ривожлантириш учун имконият дарчаларини очяпти. Албатта, бу Ўзбекистоннинг Туркий Кенгаш ва бошқа бирлашмалар бўйича ҳамкорлари фойдасига хизмат қилади.

2. Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзолиги, албатта, Кенгаш фаолиятига турли ўлчовларда ижобий таъсир кўрсатади ва уни фаоллаштиради. Марказий Осиёдаги барча давлатлар ва Афғонистон билан чегарадош бўлган Ўзбекистоннинг иштироки ҳамкорлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Кенгаш фаолияти миқёсларини кенгайтириш, бирлашманинг минтақадаги аҳамиятини ошириш имконини беради. Бугун Ўзбекистоннинг дунёда нафақат чуқур ислоҳотларни амалга ошираётган, балки минтақавий, шу жумладан, хавфсизлик соҳасидаги жараёнларга фаол кириб бораётган давлат сифатидаги нуфузи юксаляпти. Фикримча, минтақавий хавфсизлик масаласини расмий Тошкентсиз муҳокама қилиш кутилган самарани бермайди. Бинобарин, Ўзбекистоннинг тажрибаси ва имкониятлари бирлашма фаолиятига салмоқли ҳисса қўшади.

Қолаверса, бунинг иқтисодий аҳамияти Ўзбекистон учун ҳам, унинг шериклари учун ҳам жуда муҳимдир. Қайд этиш лозим, Қозоғистон ва Туркия Ўзбекистоннинг бешта йирик савдо шериги қаторидан жой олган. Бугун республикада амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар эса савдо ва инвестициявий алоқаларни кенгайтиришни тақозо этади. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашидаги иштирок ана шундай имкониятларни кенгайтиради. 2019 йил май ойида Нур-Султон шаҳрида Истанбулда доимий фаолият юритувчи Котибиятига эга бўлган Қўшма туркий савдо-саноат палатаси ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси туркий тилли давлатлар ишбилармонлик доиралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришдир. Шунингдек, Қозоғистоннинг 90 дан зиёд компаниялари 5 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий Кенгашга аъзо давлатлар Инвестиция форумида қатнашишни режалаштиряпти. Яъниҳозирнинг ўзида биз ташкилотдаги ўзаро амалий алоқаларни ва унда Ўзбекистон фаол қатнашаётганини кўрмоқдамиз.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши мамлакатлари ўртасидаги транзит-транспорт коммуникациялари ривожи ҳам муҳим роль ўйнайди. Жорий йил июль ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари иштирокида халқаро аҳамиятга эга бўлган “Бейнау — Акжигит — Ўзбекистон чегараси” автомобиль йўли очилди. Бу ўзбек маҳсулотларини Озарбайжон ва Туркия бозорларига чиқиши учун янада қисқа йўл беради. Туркия ва Ўзбекистон истеъмол бозорлари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши мамлакатлари орасида энг йириклари ҳисобланади. Шундай экан, оптимал транспорт йўналишларини очиш эса бирлашманинг барча аъзоси учун кун тартибидаги муҳим банд саналади.

Кенгашда Ўзбекистоннинг иштироки гуманитар нуқтаи назардан ҳам табиий мантиқ касб этади. Ўзбекистон, том маънода, дунёнинг туркий мамлакатлари маданиятлари бешиги, илм-фан ва санъат, ҳунармандчилик маркази сифатида тан олинган. Ўзбек халқи ўзининг бой миллий ва маданий мулки билан дунё меросига бебаҳо ҳисса қўшган, қўшмоқда.

Шубҳасиз, Ўзбекистон Туркий Кенгашга кирувчи мамлакатлар халқларини бир-бирларига янада яқинлаштирувчи туризм ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга ҳам қўшимча имкониятлар тақдим этади.

Меҳмет Сурейя ЭР,

Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

1. Аввало, Туркий Кенгаш деб номланган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши 2009 йилда туркий халқлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ғояси асосида Марказий Осиё ва Кавказ минтақасида ҳамда ундан ташқарида кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилганини айтиб ўтмоқчиман. Бугунги кунда мазкур Кенгашнинг халқаро майдонда аҳамияти ва самарадорлиги тобора кўпроқ сезилаётган минтақавий ташкилот даражасига етди. Евросиёнинг қоқ марказида жойлашган, тахминан 5 миллион квадрат километрлик жуғрофий майдонни ташкил этувчи Туркий Кенгашнинг асосий мақсади аъзо давлатларнинг кўплаб соҳаларда, шу жумладан, ташқи сиёсат, иқтисодиёт, транспорт, божхона, туризм, таълим, оммавий ахборот воситалари, ёшлар ва спорт соҳаларида ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдан иборат, деб шарҳлаш мумкин. Бошқа жиҳатдан, Кенгаш ташкил этилганидан бери Ўзбекистоннинг унга аъзо бўлмагани ушбу ташкилот олдидаги оғриқли масалалардан бири эди.

Жаноб Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Кенгаш аъзолигини ташкилотнинг муваффақияти ва мустаҳкамланиши нуқтаи назаридан муҳим ташқи сиёсий мақсад, деб билди. Бундан ташқари, ота юртимиз бўлмиш бу мамлакатда Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва ислоҳотлар жараёнларини Туркия ҳаяжон ҳамда мамнуният билан кузатмоқда. Президент Мирзиёев раҳбарлигида биродар Ўзбекистон ташқи сиёсат соҳасида конструктив қадамлар ташламоқда, шунингдек, Ўзбекистон ўз минтақасида ва ундан ташқарида глобал тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Қардош Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши аъзолигига кириши мамлакатимиз томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўрувчи давлат арбоби сифатида қабул қилган тарихий ва стратегик қарори, деб баҳоланди.

Туркия халқи давлатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг стратегик шериклик даражасига етишига қўшган ҳиссаси ва мамлакатимизга бўлган самимияти учун Президент Шавкат Мирзиёевга ўзгача ҳурмат билан қарамоқда. Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлиши халқимиз томонидан катта қувонч билан кутиб олинди.

Бу хушхабарни биринчи бўлиб Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу “Менда бугун жуда яхши хабар бор. Биродар Ўзбекистон ҳам Туркий Кенгашга қўшилишга қарор қилди. Улар расмий равишда Туркий Кенгаш котибиятига мурожаат қилишди. Бундан буён ташкилот минтақа миқёсида муҳим иштирокчига айланади”, деган сўзлари билан эълон қилди.

2. Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистон 33 миллиондан ортиқ ёш ҳамда динамик аҳолисига эга стратегик муҳим мамлакатдир ва Кенгашга аъзо бўлиши, энг аввало, ушбу тузилмани ҳам минтақавий, ҳам глобал даражада янги босқичга олиб чиқди. Таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон иштирокида ушбу ташкилот шу пайтгача муҳим бўлиб турган камчиликни бартараф эта олди: энди у, том маънода, Туркий Кенгашга айланди. Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг аъзолиги мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик даражасидаги муносабатларга, қолаверса, ташкилотнинг мустаҳкамланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Ўзининг бой тарихи, аҳолиси ва динамикаси билан Ўзбекистон Туркий Кенгашга салмоқли ҳисса қўшиши аниқ. Ўзбекистонни жалб қилган ҳолда, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши иқтисодиёт, таълим, ёшлар ва спорт, туризм ҳамда транспорт соҳаларида янада турфа ва самарали лойиҳаларни амалга ошириш учун ўзига хос салоҳиятга эга бўлади. Ўзбекистон иштирокида Туркий Кенгаш янада кучаяди. Шу сабабли ташкилот минтақавий ва глобал тинчлик, барқарорлик ва фаровонликка ҳисса қўшиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имконият ва мавқега эришди.

Ўзбекистон ҳар доим туркий дунёнинг марказий қисмларидан бири бўлиб келган. Қолаверса, у Буюк Ипак йўлидаги Самарқанд, Бухоро ва Хива каби ажойиб шаҳарлари билан Турк-Ислом тарихининг иқтисодий ва маданий бешиги ҳисобланади. Бундан ташқари, бой миллий ва тарихий мероси билан дунё цивилизациясига салмоқли ҳисса қўшган. Ўзбекистон бугунги кунда нафақат марказий жуғрофий жойлашуви ва ортиб бораётган имкониятлари билан ўзининг қардош мамлакатлари учун, балки бутун минтақани ривожлантириш учун янги имкониятларни таклиф қилмоқда. Биз Ўзбекистон ва бошқа туркийзабон давлатлар ўртасидаги асрий мустаҳкам қардошлик ришталари Туркий Кенгашнинг жипслаштирувчи байроғи остида янада мустаҳкамланишини кутмоқдамиз.

«Халқ сўзи».


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019