“Шаҳзода”нинг бутсисида магнити бормиди?

17:23 22 Май 2020 Спорт
654 0

Худди Диего Марадонага ўхшаб Фернандо Редондо ҳам ўз профессионал фаолиятини “Архентинос Хуниорс” клубида бошлаганди. Ўн бешидаёқ у мухлислар ва мутахассислар назарига тушди. Негаки, тўп билан ажойиб тарзда муомала қилиши уни бошқалардан яққол ажратиб турарди. Биринчи катта ютуқ Фернандони узоқ куттирмади. 1985 йилдаёқ Редондо Аргентина ўсмирлар терма жамоаси сафида 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган Жанубий Америка чемпионатида шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилди.

19 ёшида эса у клубнинг етакчи ўйинчиларидан, мухлисларнинг суюмли футболчиларидан бирига айланди. Айнан шу пайтда дастлабки муаммолар юзага келди. Клуб раҳбарлари ёш юлдузни Европага қўйиб юбормаслик пайига тушишди. Аммо Редондонинг ҳуқуқшунослари унинг шартномасида бўшроқ ишланган бандни топишнинг уддасидан чиқдилар. Натижада қаҳрамонимиз эркин агент мақомида Канар оролларига йўл олди. Испаниянинг камтарона клуби “Тенерифе” сафига бориб қўшилди. Ўшанда бу жамоани аргентиналик машҳур собиқ футболчи Хорхе Вальдано бошқарарди.

Европанинг кучли чемпионатларидан бирига мослашиш учун Редондога икки йил керак бўлди. Шундан кейин у ёрқин ўйин намойиш эта бошлади. Терма жамоа мураббийлари назарига тушди. 1994 йилда АҚШда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида аргентиналиклар муваффақиятсиз қатнашишди. Аммо Редондонинг ўйинини кўрган киши Аргентинада яна бир юлдуз пайдо бўлганини пайқамай қолмади.

Ўша йилнинг ёзида Редондо “Реал”дан таклиф олди. Мадрид клубида у дарҳол алмаштириб бўлмас футболчига айланди. Айнан унинг майдонни қойилмақом тарзда кўра билиши, қисқа ва узоқ масофага аниқ узатмалар бериши эвазига “Реал” беш йиллик танаффусдан кейин мамлакат чемпионлигини ўзига қайтариб олди. 1997 йилда эса “Реал” яна мамлакат чемпионати ғолиби бўлди. Орадан бир йил ўтгач, Европа Чемпионлар лигасида ютиб чиқди. Бу чўққини забт этишда икки плеймейкер –ҳимоявий планда ўйновчи Редондо ҳамда ҳужумкор ярим ҳимоячи Кларенс Зеедорфнинг ҳиссаси жуда катта. Бу жуфтликни “Ноёб” дея таърифлашгани бежиз эмасди. Орадан икки йил ўтиб, мадридликлар яна бир бор Чемпионлар лигаси ғолибига айланишди. Бу йўлда “Реал” Фергюсон қўл остидаги “Манчестер Юнайтед”ни чорак финалда мағлуб этишнинг уддасидан чиққанди. Бу ўйин тақдири “МЮ” майдонида ҳал бўлганди. Негаки, Мадриддаги учрашувда 0:0 ҳисоби қайд этилганди. ”Олд Траффорд”да кечган жавоб ўйинининг иккинчи бўлимида Редондо чап қанот бўйлаб ҳужумга ташланди. Рақиб ҳимоячисини жуда чиройли финт билан алдаб ўтгач, тўпни жарима майдончаси ичида турган Раулга оширди. Раул амалда бўш турган дарвозани ишғол этди. Кейинчалик Редондо бу ўзига хос финтни Аргентинада ўйнаб юрган кезларида ўйлаб топганини, Испанияда бирор марта ҳам қўлламаганини айтганди. ”Бу финтни ишлатиш фикри ҳужумга ташланган пайтимда хаёлимга келди”, дейди у. Якунда “Реал” 3:2 ҳисобида ғолиб чиқди. ”МЮ” устози Алекс Фергюсон ўша ўйиндан кейин “Нима бало, бу ўйинчининг бутсисида магнити борми?” дея таажжубга тушганди.

Редондо “Реал”да 2000 йилга қадар тўп сурди. Аммо клубга Флорентино Перес президент бўлиб келгач, кетишга мажбур бўлди. Перес уни “Милан”га сотиб юборди. Шу орқали “Барселона”дан харид қилинган Луиш Фигу учун сарфланган маблағнинг бир қисмини қоплади. Мухлислар томонидан “Шаҳзода” деган лақаб қўйилган қаҳрамонимиз, афсуски, Италияда кўпчилик кутган ўйинни намойиш этолмади. Бунга жароҳатлар халақит қилди. Редондо энди аввалгидек юқори савияда ўйнай олмаслигини ҳис этгач, “Милан”даги маошидан ўз хоҳиши билан воз кечди. 2004 йилда “Милан” вице – президенти Адриано Галлиани Фернандога шартномани узайтириш таклифини билдирди. Лекин у бутсисини михга илишга ва ҳаётининг қолган қисмини оиласига бағишлашга қарор қилди. Ваҳолонки, унга Англия, Испания ва Қатар клубларидан ҳам яхшигина таклифлар бўлганди.

Редондо Аргентина терма жамоасидаги дебют ўйинини 1992 йилда Австрияга қарши кечган учрашувда ўтказди. Тўғри, у бундан аввалроқ ҳам терма жамоа либосида майдонга тушиши мумкин эди. Бироқ Редондонинг ўзи 1990 йилги жаҳон чемпионатига бориш таклифини рад этганди. У ўшанда “Иқтисодиёт факультетидаги ўқишимни ташлаб кетолмайман”, деган мазмундаги сабабни важ қилиб кўрсатганди. Бизнингча, жаҳон футболи тарихида бунақаси учраган эмас. Дунёнинг юзлаб, минглаб профессионал футболчилари учун мундиалда қатнашиш ушалмас орзу саналади. Редондо эса... “Шаҳзода” бошқаларга ўхшамайди, деганларича бор.

1994 йилда Редондо миллий терма жамоанинг асосий таркиб футболчиси сифатида мундиалга йўл олди. Грецияга қарши кечган дастлабки учрашувдаёқ Марадонага голли узатма берди. Аргентиналиклар ўша учрашувни 4:0 ҳисобида ўз фойдаларига ҳал қилдилар. Бироқ Марадона дисквалификация қилинди. Бу терма жамоа учун катта йўқотиш эди. Усиз жамоа икки ўйинни бой берди. Болгария терма жамоасига қарши ўтган ўйиндан сўнг аламзада Редондо Марадонага “Мен сени майдондан изладим, аммо топа олмадим...Бутун ўйин давомида изладим”, деган сўзларни айтганди.

Унинг терма жамоадаги фаолиятига жароҳатлардан ташқари мураббий билан чиқиша олмагани ҳам халал берди. 1995 йилнинг сентябрида терма жамоани Даниэль Пассарелла бошқараётган эди. Мураккаб феъл- атворли бу мутахассис жамоа ички тартиб-интизомини мустаҳкамлаш ниятида футболчилар олдига турли талабларни қўя бошлади. Ажабланарлиси, у барча ўйинчиларга сочларини қисқартириш кўрсатмасини берди. Батистута рози бўлди. Аммо Редондо билан Канижа мураббийнинг бу ғалати талабидан очиқчасига кулишди. ”Пасарелла менга жамоани бошқариш борасидаги ўз ғоя ва принципларини тушунтирди, — деганди ўшанда Редондо. — Биз келиша олмаган ягона нарса бу сочларимнинг узунлигидир. Мен мураббийнинг ишига ҳурмат билан қарайман. Профессионал футболчиман. Лекин мен биринчи навбатда инсонман. Соч эса шахсиятимнинг бир қисмидир”.

Рендондосиз жаҳон чемпионатига борган аргентиналикларни чорак финалда нидерландлар мағлубиятга учратишди. Пасарелла истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини эгаллаган Марсело Бьеса қаҳрамонимизни терма жамоага қайтарди. Аммо Рендондо иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушгач, терма жамоадан кетиш фикрига келди. Марсело Бьеса унинг бу қарорига муносабат билдирар экан, “Рендондо учун терма жамоа эшиги ҳамиша очиқ... Биз телефон орқали бир соатдан зиёд гаплашдик. У клуб ва терма команда сафида ҳафтасига икки бор ўйнаш ўзининг организмига ҳаддан зиёд оғирлик қилишини айтди. Рендондо терма жамоа сафида керакли даражада ўйнай олмаслигидан хавотирда”, деганди.

Рендонда Чемпионлар лигасида уч бор шоҳсупага кўтарилган камдан кам футболчилардан бири саналади. Терма жамоа сафида эса у атиги 29 марта майдонга тушган. Шунга қарамай яқинда 50 ёшини нишонлаган бу истеъдод эгасини Аргентина футболи тарихидаги энг кучли марказий ҳимоячилардан бири сифатида тилга оладилар.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?