Шаҳарсозлик кодексининг​ янги таҳрири кўриб чиқилмоқда. Қандай ижобий ўзгаришлар бўлади?

13:50 22 Май 2020 Сиёсат
179 0

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Лойиҳа билан соҳага бир қатор муҳим янгиликларни жорий этиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, кодексга “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги жамоатчилик назорати” деган янги боб киритилмоқда. Унда жумладан, ер участкаларидан фойдаланишда, қурилишга рухсат беришда, аҳоли пунктлари, бино ва иншоотларни лойиҳалаш ҳамда қабул қилишда, фуқаролар манфаатларига дахлдор бўлган масалаларни ҳал қилишда аҳолиси томонидан жамоатчилик муҳокамалари ва эшитувлари ўтказилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Албатта, бу жуда ижобий ўзгариш.

Бундан ташқари, лойиҳада қайси ҳолларда фуқаролардан ер участкаларини олиб қўйиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Хусусан, Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ерлар:

- ерларни мудофаа ва давлат хавфсизлиги,

қўриқланадиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари учун, эркин иқтисодий зоналарни яратиш ва фаолият кўрсатиши учун бериш;

- Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларини бажариш;

- фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва ишлаш;

- автомобиль ва темир йўллар, аэропорт, аэродром, аэронавигация объектлари ва авиатехник марказлар, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитен туннеллари, энергетик тизим ва электр узатиш линиялари объектлари, алоқа линиялари, космик фаолият объектлари, свгистрал қувурўтказгичлар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилиши;

- таълим ва даволаш муассасалари, интернатлар ва меҳрибонлик уйларини, жумладан, давлат-хусусий шерикчилик доирасида қуриш;

- майдонлар, шунингдек, истироҳат боғлари, аллея, бульвар, дам олиш зоналари, кўллар, сув омборлари, ҳовузлар ва бошқа рекреация объектларини қуриш;

- аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағларидан ва давлат ташкилотлари маблағларидан молиялаштириладиган объектлар қисмида бажариш учун олиб қўйилиши мумкин.

Шунингдек, аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режалари мавжуд бўлмаган ҳолда аҳолининг турмуш ва маиший шароитларини яхшилаш, ижтимоий, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ер участкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан олиниши мумкин.

Умид қиламанки, кодекс лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида депутатлар айнан мана шу нормаларга асосий эътиборларини қаратадилар.
Акмал БУРХОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?