Сергели туманига янги умид, янги режа, янги ҳаёт берган ташриф

13:05 01 Июнь 2020 Сиёсат
266 0

Cергели тумани аҳолиси давлатимиз раҳбарининг ташрифини анчадан бери кутаётган эди. Мазкур ташрифга маҳаллий давлат органлари мутасаддилари қанчалик масъулият билан ёндашган бўлса, сўнгги уч йил ичида янги уйларга кўчиб келган оддий фуқаролар ҳам катта умид ва ишонч билан тайёргарлик кўрдилар.

Маълумки, Сергели тумани 1967 йил 20 январда ташкил топган бўлиб, асосан, 1966 йилдаги Тошкент зилзиласида талофат кўрган оилаларни бўш ерларга қурилган уй-жойларга кўчириш натижасида барпо бўлган. Бошпанасиз қолган оилаларга тезкор тахтадан қурилган ва ҳозирда сергелиликлар тили билан айтганда «деревяшкалар» қуриб берилди.

47 маҳалладан иборат мазкур туман салкам 50 йил мобайнида деярли ўзгаришсиз, бир маромда ҳаёт кечирди. 2017 йил бошида Сергели тумани аҳолиси 150 мингтани ташкил этиб, 1 дона туғуруқхона, 1 дона кутубхона, 4 та поликлиника фаолият юритарди. Ачинарлиси, туманда бирорта ҳам дам олиш маскани, истироҳат боғи, меҳмонхона, олий таълим муассасаси, касалхона мавжуд эмас эди.

Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида қад кўтарган уй-жойларга кўчиб келган аҳоли сони 300 мингга етди. Албатта, тобора кенгайиб бораётган Сергели тумани шунча аҳолига хизмат кўрсатувчи замонавий инфратузилмага, таълим масканларига, истироҳат боғларига муҳтож эди. 

Сергели туманига ташриф доирасида туман фаоллари билан бўлган учрашувда: “Бугун бу ерга келишимдан мақсад - коронавирус пандемияси туфайли юзага келган ҳозирги мураккаб вазиятда халқимизни нималар ўйлантираётгани, одамлар ҳаётини яхшилаш учун яна нималар қилиш кераклигини биргаликда фикрлашиб олиш", деди давлат раҳбари.

Таъкидлаш жоизки, Сергели тумани учун умумий қиймати 1,8 триллион сўмлик 61 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 5 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган эди. Хусусан, охирги уч йилда аҳолига муносиб шароит яратиш борасида Сергели туманида жами 19 минг 522 хонадонли 460 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. 26 та намунавий типдаги маҳалла гузарлари бунёд этилди. Ўсиб келаётган ёш авлодни давр талаби асосида тарбиялаш, замонавий билимлар бериш мақсадида қатор мактабгача таълим муассасалари, янги типдаги мактаблар, оилавий ҳордиқ чиқаришлари учун экобоғ барпо этилди.

Бугунга келиб Сергели туманининг қиёфаси, аҳолисининг ўз ҳудудига бўлган муносабати ўзгарди. Ҳеч бир муболағасиз, бугун Сергели туманида катта, замонавий бошқарувни талаб қиладиган мавзе пайдо бўлди. Айнан шу масала юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев шунча одамнинг фаровонлигини таъминлаш, бошқарувни самарали ташкил этиш мақсадида ушбу ҳудудда Тошкент шаҳар ҳокимлигига тўғридан-тўғри бўйсунадиган алоҳида «Янги ҳаёт» кичик туманини ташкил этиш таклифини билдирди.

Туманга ташриф давомида давлат раҳбари Сергели-5А мавзесидаги “MADENA СOLLECTION” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу тикувчилик корхонасида тиббиёт ходимлари учун йилига 150 минг дона махсус кийимлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, шу атрофда яшовчи 100 нафар хотин-қиз ишли бўлди.

Маълумки, туманда қурилган уй-жойларнинг аксарияти ҳукумат қарори билан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, боқувчисидан айрилган ёлғиз оналар, ногирон хотин-қизларга ажратилган бўлиб, уларни иш билан таъминлаш, фарзандлари учун етарли шароитлар яратиш масаласи кун тартибидан ўрин олган эди. 2019 йилда бу ерда тўртта янги мактаб барпо этиш ишлари бошланган эди. Ҳозирда уларнинг иккитаси қуриб битказилди.

Республика Президенти туманнинг 5А мавзесида жойлашган 329-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан яқиндан танишиб, мактаб дарсликлари савияси талабга мутлақо жавоб бермаслиги, ўқув дастурларини илғор хорижий билимлар асосида такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Болаларга сифатли таълим бериш, шу билан бирга, 7-синфдан бошлаб касбга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берди.

“Ўғил-қизлар ҳунар ўрганса, ўзига ишончи ортади, дунёқараши ҳам ўсади, ота-онасининг ҳам кўнгли тўқ бўлади. Кейинчалик ижтимоий муаммоларни бартараф этишга маблағ сарфламаслик учун бугун шу маблағни мактабларга беришимиз керак. Болаларимизни ватанпарвар, жамиятга керакли инсон қилиб тарбияламасак, келажакка хиёнат қилган бўламиз", деди Шавкат Мирзиёев.

Сергели тумани фахрига айланган яна бир объект умумий майдони 10 гектар бўлган "Flowers Garden Park"и бўлиб, шундан 5 гектари боғ, 5 гектари гул сотиш марказидир. Мазкур «гуллар кошонаси»га 30 турдаги 6 мингдан зиёд манзарали дарахт ва 20 турдаги 60 мингдан зиёд бута олиб келиб экилган бўлиб, аҳолининг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун ресторан, савдо шохобчаларини ташкиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Инвестиция жалб қилиниб, Туркиянинг “Natural Peyzaj” ширкати билан ҳамкорликда бунёд этилган мазкур боғда 200 та иш ўрни яратилганлиги, бунга малакали агроном ва энтомологлар жалб этилганлиги давлат раҳбари томонидан ижобий баҳоланди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги уч ой давомида карантин шароитида ҳаёт кечираётган Ўзбекистонда ривожланишнинг ҳеч бир жабҳасида иш тўхтаб қолгани йўқ. Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш юзасидан давлат раҳбарининг 16 та фармони эълон қилинди. Ўтказилаётган видеоселекторларда республиканинг иқтисодий барқарорлиги, аҳолини инқироз ҳолатидан талафатларсиз олиб чиқиш, озиқ-овқат захирасини тўлдириш каби долзарб масалалар муҳокама қилиниб, амалий чоралар кўрилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида жадал олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, аҳолининг кайфияти, бугунги кунидан розилиги, келажакдаги режалари давлат раҳбарининг доимий эътиборида эканлиги халқимиз қалбига олов ёқиб, ўзига ва эртанги кунига бўлган ишончини оширмоқда.

Гулрух АГЗАМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?