Сенатор: ёшларга нодир асарни ўқишни тавсия қиламан

15:08 02 Июль 2020 Сиёсат
228 0

Китоб – туганмас хазина, ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир.

Шахсий кутубхонамдан ўзбек насрининг йирик намоёндаларидан бири Пиримқул Қодиров асарларини севиб мутолаа қиламан.

Пиримқул Қодировнинг 1979 йилда нашрдан чиққан «Юлдузли тунлар» романини биринчи марта 1980 йилларда талабалик йилларимда ўқиганман. Ўшанда ушбу китоб ёшлар орасида қўлма-қўл ўтиб, баъзан навбат кутилар эди. 1999 йилда бу китобнинг иккинчи қисми бўлмиш «Юлдузли тунлар. Бобур» китоби нашрдан чиққан бўлиб, уни эл қатори мен ҳам катта қизиқиш билан ўқигандим. Мана, орадан йиллар ўтиб, шу китоб яна мени ўзига жалб этди. Унда шоир ва давлат арбоби Бобур Мирзонинг мураккаб ҳаёт йўли моҳирона акс эттирилган. Бобур Мирзо Амир Темур асос солган Темурийлар сулоласини ҳалокатдан қутқариб, асрдан-асрга, мамлакатдан-мамлакатга олиб ўтганлиги, бу улуғ сулола Ҳинд заминида яна уч юз йилдан ортиқроқ давр сурганлиги ҳайрат ва ифтихор туйғуларини уйғотиши шубҳасиз.

Бундан ташқари, Бобур Мирзо ёш ҳукмдор бўлишига қарамасдан жуда кўп жангу жадалларни бошидан кечириши, охири Шайбонийлар сулоласининг ғолиб келиши ва унинг Ҳиндистонга юришлари, у ерда Бобурийлар давлатига асос солиши ҳақидаги воқеалар бадиий ва тарихий образлар орқали очиб берилган. Мусофир юртда Бобурнинг шоҳ бўлса ҳам доимо Ватан соғинчи, Ватан туйғуси билан яшаши кишида ватанпарварлик туйғуларининг янада жўш уришига туртки бўлади.

Шоир ва давлат арбоби Бобур Мирзонинг қуйидаги мисралари доимо ёдимда қолади:

Толеъ йўқи жонимга балолиғ бўлди.

Ҳар ишники бошладим хатолиғ бўлди,

Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,

Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди!

Китобни ўқиб тугатар эканман, ана шундай мард, оқил, қалби илмга ошуфта, аждодларига садоқатли, авлодларини гўзал хулқли қилиб тарбиялаган буюк инсоннинг авлоди эканлигимдан яна бир карра фахрланаман.

Ёшларга, албатта, ушбу нодир асарни ўқишни тавсия қиламан.

Абира ҲУСEЙНОВА, 
Олий Мажлис Сенати аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?