Сенат раиси: “Камбағалликни бартараф этишда одамларнинг ориятига тегишдан эҳтиёт бўлиш керак”

18:00 28 Февраль 2020 Сиёсат
176 0

Сенат раиси ялпи мажлисда ўз сўзида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқнинг турмуш шароитини яхшилаш бўйича қўйилаётган вазифалар бўйича тўхталиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Танзила Норбоева бу вазифалар ичида энг муҳими – оғир шароитда яшаётган оилалар, яъни камбағал одамларни бу вазиятдан олиб чиқиш эканлигини таъкидлади.

"Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, айни пайтда Ўзбекистонда 5 миллионга яқин киши камбағалликда ҳаёт кечирмоқда.

Бироқ, бу ижтимоий муаммони бартараф этишда эҳтиёт бўлиш, инсонларнинг иззат-нафсига, ориятига тегиб қўймаслик ҳақида сўз юритилди. Зеро, халқимиз характерида орият туйғуси кучли бўлиб, уларга “камбағалсан” деб очиқ айтиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Камбағалликка тушиб қолаётган кишиларни аниқлаш баробарида уларга нафақат манзилли, балки амалий ёрдам кўрсатилиши керак. Уларнинг муносиб иш билан таъминланиши, турмушини яхшилаш манбаларини жорий этиш мақсадга мувофиқ.

Камбағалликка барҳам бериш мақсадида давлат даражасида эътибор қаратилмоқда.

Ҳар бир ҳудудда намунали туманлар ташкил этишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Бунинг моҳияти шундаки, ҳар бир вилоятда битта туман танлаб олиниб, қийин аҳволда яшаётган кишилар ва бошқа ижтимоий муаммолар аниқланиб, бартараф этилмоқда. Шу кунгача Сирдарё вилояти Сирдарё тумани ва Жиззах вилояти Пахтакор туманида бу иш амалга оширилди. Бу жараёнда сенаторлар ҳам фаол иштирок этди. Намуна сифатида кўрсатилган туманлардаги амалий ишлар шу вилоятларнинг бошқа туманларида ҳам амалга оширилади. Бу жараёнда эса масъуллар билан бирга маҳаллий кенгаш вакиллари ҳам иштирок этади" деди у.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?