Ромитанда “Узум ва анжир” фестивали бўлиб ўтди

16:36 13 Сентябр 2019 Lifestyle
840 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. 

Аввало хавфсиз туризмни таъминлаш, ҳудудда кўп асрлик тарихга эга маданий мерос иншоотлари, мақбара, масжид ва хонақоҳларни ўз ҳолича асраб-авайлаш, “Етти Пир” зиёратгоҳларида муайян инфратузилмани яратиш, ўша ҳудудларда йўл таъмири, ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда ташриф буюрадиган саёҳатчилар талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, меҳмонхона, “ҳалол” бренди остида миллий таомлар ошхонаси ва бошқа қулайликларни яратишга катта эътибор берилмоқда. 

Юртимизга ташриф буюраётган меҳмонларни нафақат муқаддас қадамжолар ва археологик ёдгорликларимиз, балки серқуёш ўлкамизда етиштирилаётган ноз-неъматлар, миллий ширинликлар, ҳолвалар ва таомларимиз, қолаверса, маданиятимиз ва беқиёс меросга эга санъатимиз билан ҳам ҳайратда қолдириш, бир сўз билан айтганда, ўзбекона меҳмондўстликни тараннум этиш мақсади устувор. 

Шу нуқтаи назардан, вилоятимизга хорижий ва маҳаллий сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш мақсадида ҳар бир шаҳар ва туманда маданий-кўнгилочар тадбирларни ташкил қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ғиждувонда кулолчилик ва пазандалик маҳорати фестивали, Қоракўлда “Пойкент оқшомлари” мусиқа оқшоми, Пешкўда “Халқ табобати ва табиблари танлови”, Олотда “Полвонлар маҳорати” деб номланган яккакураш намойиши каби байраму сайллар шулар жумласидан. 12 сентябрь куни эса Ромитан туманида “Узум ва анжир” фестивали юқори савияда ташкилаштирилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.  

Биламизки, ромитанликлар сархил ва тилими тилни ёрар анори-ю узуми, олма-ю шафтолиси, қовун-тарвузи билан ҳам довруғ таратган. Ўзига хос ҳосил байрамига айланган намойишда миришкор деҳқон-у боғбонлар ўз меҳнатлари маҳсули билан барчани хурсанд қилдилар. 

— Фестивалга боғимизда етиштирилган ҳусайни, шибирғони, қора кишмиши, қизил тойфи навли узумларимиз ҳосилидан олиб чиқдик, — дейди Шавкат Аминов. — Кўп йилдирки, уч гектар боғда деҳқончилик қилиб келамиз. Ўтган йили етиштирган узумчилигимиздан оиламиз билан 200 миллион сўм даромад олганмиз. Бу йилги хирмонимиз ҳам бултургисидан кам эмас. 

— Биз атиги 8 сотих экин ерида боғ барпо қилганмиз, — дейди фестивалнинг яна бир иштирокчиси Миржамол Жўраев. — Шу кеча-кундузда 40 туп анор ва 23 туп анжир шиғил ҳосилга кирган. Бугунги байрамга шу ҳосилимиздан олиб чиқиб, элимиз, қолаверса, сайёҳларимизга илиндик. 

Шу куни ромитанликлар табиат саховати-ширин-шакар мева-сабзавотлар билан бирга асал ва миллий ширинликлар, ҳолвалар билан ҳам фестивал иштирокчилари кўнгилларини хушладилар.

Фестивал фольклор-этнографик жамоалар, болалар мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчиларининг байрамона чиқишларига уланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019