Расул Кушербаев: «Уй бузишда фаол» бўлган масъуллардан тўртта илтимосим бор

00:05 02 Июнь 2020 Жамият
717 0

Бошпана қуриш осон иш эмас. Инсон йиллар давомида маблағ жамғариб қуради, уйи битса довондан ўтгани учун «уй тўйи» қилади.

Бироқ сўнгги вақтларда «уй тўйи» айрим юртдошларимизга татимаяпти. «Уй буз-уй буз» ишлари авжига чиқаётгани халқимиздаги мардлик ва бағрикенглик сифатлари айрим масъулларда етишмаётганлигини кўрсатмоқда. Баҳона тайёр – қишлоқ хўжалиги учун суғориладиган ерларни ўзбошимчаликдан тозалаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.

Аммо қишлоқда уй қурган одам томорқасидан фойдаланиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшади. Буни кўришга эса очиқ кўз керак.

Аламли жойи бир қайсидир масъулнинг қарори билан қонуний, деб берилган айрим ер участкалари кимнингдир айби билан суғориладиган ер тоифасида қолиб кетгани учун фуқаро айбдор бўлиб чиқяпти. Ўша вақтда ер ажратишга қарор чиқарган шахслар эса бугун «адашганлар».

Бу бугунги авлод масъулларининг иккиюзламачилиги эмасми? Давлат раҳбарининг одамларни рози қилиш йўлидаги шунча саъй-ҳаракатларига масъулларнинг шундай жавоб қилиши қайси қолипга сиғадиган иш?

Бу ҳам майли «судга борган ҳар бир фуқаро фақат адолат топишига кафолат берамиз...Ҳар бир инсоннинг тақдирини ҳал этишда онгимизда – адолат, тилимизда – ҳақиқат, дилимизда эса поклик устувор бўлади», дея бағрикенг халқимизга мурожаат қилган Ўзбекистон судьяларининг айримлари «очко» олиш ниятидаги ҳоким, прокурор «бу ер суғориладиган ер», деб муштлаб даъво қилганига шарт уйни бузишга қарор чиқараверса, ҳақлигини исботлашга уринганни оғзини очтирмаса одамлар додини кимга айтсин. Оллоҳнинг инояти, табиат саховати бўлган она ер бағрида яшаш учун уй қурмоқчи бўлган одамни жиноятчига чиқариш адолатданми ўзи?

Бир қатор вилоятлар қатори Тошкент вилоятининг туманларида авжига чиққан бундай ишлар онгимизда шаклланган инсон қадри азиз, деган тушунчанинг йўқ бўлишига сабаб бўлаётгани ачинарли.

Майли асосий масалага ўтсам.

Қисқаси «уй бузишда фаол» бўлган масъуллардан тўртта илтимосим бор.

Биринчиси, кимнингдир уй-жойини қишлоқ хўжалигидаги суғориладиган ер, деб бузишга қарор чиқаришда аввало фарзандларингиз, оилангиз яшаётган уй-жойнинг қандай ердалиги ва қанча катта майдонни эгаллаб турганини бир танангиздан ўтказиб кўриб қарор чиқаринг. Акс ҳолда сизнинг ишингиз камбағалга нисбатан зулм қилишдек гап. Чунки сиз зўр бериб бузаётганингиз бойни эмас, камбағални уйи бўлиб чиқяпти.

Иккинчиси, йўл бўйларида бизнес учун қишлоқ хўжалиги ерларидан юзлаб «заправка», савдо дўконларига кўз юмиб ажратиб бераётган ерлар кўзингизга озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид бўлиб кўринмаганидек, оддий инсон яшаш учун қураётган уй-жойларга ҳам ана шундай қарич билан қаранг. Уларга ҳам ерни қийматини тўлаб, уйларини бузилишдан сақлаб қолишига имкон беринг. Бўлмаса тенглик бузилади.

Учинчиси, ўз даврида аҳолига уй жойга ер бериш устувор бўлган бўлса, бугун суғориладиган ерларни қайтариш устувордир балки. Бироқ бу устуворлик давлатни лафзидан қайтадиган қилиб кўрсатиш ҳисобига бўлмаслиги керак. Масъуллар ўзгарса ҳам давлатнинг фуқаролар олдидаги лафзи қатъий ва ўзгармаслигига амал қилинг.

Тўртинчиси, фуқароларнинг кўчмас мулкларини ўзбошимча, деб топишда қонунларимиздаги адолат тамойилидан келиб чиқиб, биринчи навбатда уларнинг айбсизлигини исботлашга уриниш ва «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонун талабларига риоя этишни унутманг. Зеро, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг 59-моддасида «Агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида олинган мол-мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тасарруф этиш учун битим тузган ёки маъмурий ҳужжатда белгиланган наф ва имтиёзлардан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим» деб белгилаб қўйилган.

Мен билган қонунларимизнинг моҳиятида одамларга енгиллик яратиш, уларнинг ҳаракатида айбсизликни исботлаш ётади. Агар бунинг акси бўлса кўчада турган симёғочдан ҳам айб топиш мумкин.

Гапим қайсидир ҳоким, прокурор, судья ва бошқаларга тегиб кетган бўлса улардан узр сўрамайман. Тегмаганлардан узр.

Расул КУШЕРБАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?