Қувлашмачоқ: АҚШ Россия билан гипертовушли қурол соҳасида мусобақага киришдими?

17:32 11 Декабрь 2019 Дунё
265 0

Иллюстратив фото

 

Пентагон раҳбари Марк Эспер АҚШ гипертовушли қурол яратишда Россиядан ортда қолаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бунга мазкур йўналишдаги изланишлар жараёни маълум муддат тўхтаб қолгани сабаб бўлган. М.Эспер бу ҳақда яқинда Вашингтонда бўлиб ўтган хавфсизлик форумида маълум қилди.

“Биз бу борада мутлақо етакчи эдик, энди эса қувлашмачоқ ўйнаяпмиз. Мудофаа вазирлиги гипертовушли қурол соҳасидаги рақобатда устунликка эришишимиз учун ҳар бир долларини сарфлайди”, - деди у.

У, шунингдек, Россия турли, жумладан, стратегик қуролларни ишлаб чиқаётганидан хавотирда эканлиги, бу РФ билан АҚШ ўртасида имзоланган ҳозирги стратегик ҳужумкор қуролланишни янада қисқартириш ва чеклаш бўйича шартнома(СНВ-III)дан ташқарида қилинаётганини билдирган.

Умуман олганда, АҚШ томони бу каби баёнотларни доимий равишда билдириб келаётган бўлса, Россия уни доимий равишда рад этмоқда.

М.Эспернинг айтишича, М-5дан юқори тезликка чиқа олишга қодир намуналар гипертовушли қуроллар сирасига киради. У бундай қуролланиш келажакда бутун дунёда стратегик мувозанатга жиддий таъсир этади деб ҳисоблайди.

АҚШда гипертовушли лойиҳалар Prompt Global Strike(“Тез глобал зарба”) ташаббуси доирасида ривожланган. Хусусан, бу борада иккита бир-бирига рақобат туғдирадиган ишланма — Advanced Hypersonic Weapon (AHW) ва Hypersonic Technology Vehicle 2 (HTV-2) яратилган. Тезлигини мос равишда М — 9,65 ва М — 5,1 тезликка чиқара оладиган X-43A ҳамда X-51 WaveRider қуролларнинг аниқ намуналари ҳисобланади.

Масалан, X-51 WaveRider гипертовушли қанотли ракета бўлиб, ушбу лойиҳанинг асосий мақсади жанговар вазифани бажаришга кетадиган учиш вақтини кескин қисқартиришга қаратилган. Тактик-техник вазифага мувофиқ, X-51A тезлигини қарийб М-6-7(6500-7500 км./соат)га етказиши назарда тутилган.

Унинг биринчи синови 2009 йилда ўтказилган. Ташувчи сифатида эса В-52 стратегик бомбардимончи самолётидан фойдаланилган. Ушбу синов 95 фоиз муваффақиятли деб тан олинган. Муаммо сифатида эса гипертовушли қурилма билан алоқадаги узилишлар кўрсатиб ўтилган. У уч дақиқали парвозда ракета тезлигини М-5гача чиқара олган.

2013 йилда эса АҚШ Тинч океани устида бу борада яна бир муваффақиятли синов ўтказди. У Эдвардс авиабазасида B-52 самолёти бортидан учирилган эди. Ракета 18,2 минг км. баландликни забт этган, тезлиги эса М-5,1га етган.

X-51A парвози олти дақиқа давом этиб, у 426 км. масофани босиб ўтган эди. Бу шу пайтгача мазкур йўналишда ўтказилган синовлардан энг узоқ давом этгани ҳамда муваффақиятлиси ҳисобланади. Қад этилишича, синов пайтида X-51A да бошқариш тизими ва жанговар қисми олиб қўйилган.

X-51Aʼнинг узунлиги 8 метр, тортишиш кучи 180-450 кгсга тенг, ёқилғи оғирлиги 120 кг., SJY61 гипертовушли тўғри нуқтали ҳаво-реактив двигатели ўрнатилган. Унинг кейинги синовлари ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

SR-72 учувчисиз разведка самолётини ишлаб чиқиш океан ортида ушбу соҳадаги яна бир истиқболли лойиҳа ҳисобланади. Мазкур қурилма прототипининг илк парвози 2017 йил июль ойида ўтказилган эди. Гарчи унинг тафсилотлари ошкор этилмаган бўлса-да, у ижобий натижа бергани тахмин қилинади.

Режага кўра, SR-72 30 км.(айрим манбаларда ҳатто 70 км.) баландликда тезлигини соатига 6,4 минг км.гача чиқариши керак. Парвоз масофаси 6 минг км.дан кам бўлмаслиги ҳам қўшимча қилинади.

Умуман олганда, мутахассисларнинг айтишича, гипертовушли ракета билан қуролланган гипертовушли самолётлар эҳтимолий душман ҳаво бўшлиғининг энг олий нуқталарига ҳам кира олади ва қитъанинг исталган қисмига зарба бера олади. Ушбу вазифани 1 соатга етмасдан бажаради. Бундай самолётлар АҚШ ҳарбий кучлари таркибига 2030 йилда келиб қўшилиши кутиляпти.

Таҳлилчиларнинг айтишича, бундай муваффақиятларга қарамасдан ҳали олдинда машаққатли ва жуда қимматга тушадиган ишлар турибди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019