Қозоғистон — Ўзбекистон: Дўстлик ва қардошлик ришталари мустаҳкамланаверсин

19:10 01 Июль 2020 Сиёсат
208 0

Қозоғистон ва Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги табиий бойликлари кўп, иқтисодий қувват захираси катта, тарихи ва маданияти муштарак мамлакатлардир. Бу тарихий вазиятда давлатларимиз янада аҳил, дўстлик, қардошлик ришталари ҳар қачонгидан-да мустаҳкам бўлиши даркор.

Дарҳақиқат, сўнгги уч-тўрт йилда Ўзбекистон дунёга очилди, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотлар марказига айланди. Узоқ ва яқиндаги мамлакатлар билан миллиардлаб долларга тенг сармоявий шартнома ҳамда келишувлар имзолади. Ўзбе-кистон ҳукумати фуқароларнинг ижтимоий муаммоларига ҳам тезкорлик билан ечим топяпти. Солиқ соҳасида, айниқса, қишлоқ аҳолиси учун катта енгилликлар берилмоқда. Илм-фан ва таълим фаол қўллаб-қувватланмоқда. Давлат тили муносиб ўрнига эга. Мамлакатнинг давлат қарзлари йўқ. Биз қозоғистонликлар бу ва бошқа ижобий ўзгаришларни мамнуният билан кузатиб боряпмиз. Айниқса, Ўзбекистон дунёда кечаётган жараёнларга, БМТ Бош Ассамблеясида кўрилаётган масалаларга ўз муносабатини очиқ баён этаётгани диққатга сазовордир.

Қозоғистон ҳам жадал ривожланмоқда. Охирги йигирма йилдан ортиқ давр учун “Аввал иқтисод, кейин сиёсат” -тамойили асосидаги изчил тараққиёт йўли белгилаб олинди.Бу маҳсулотлар ишлаб чиқариш саноатда уч, қишлоқ хўжалигида икки баробар, транспортда ташиш ҳажмлари учдан икки қисмга қисқариб кетган 1993-1994 йилларда жуда муҳим эди.

Шунга яраша фуқароларнинг ҳам даромадлари сезиларли тушиб кетганди. Инфляция эса 3000 фоиз ва ундан ҳам ошганди. Бинобарин, ижтимоий-иқтисодий характерга эга қатъий чора-тадбирлар зарур эди.

Бу борадаги оқилона сиёсат туфайли ўтган асрнинг 90-йилларидаги тизимли инқироздан чиқиб кетишнинг уддасидан чиқилди. Бозор иқтисодиётига оғриқсиз ўтиш ҳамда хориж инвестицияларини жалб этиш, кичик ва ўрта бизнесни равнақ топтириш юзасидан чоралар қабул қилинди. Банк ҳамда молия соҳасини ислоҳ этиш бўйича тадбирлар жадал амалга оширилди. 1993 йил 15 ноябрь куни эса ўзимизнинг миллий валюта — тенге муомалага киритилди. Бу эса мустақил молия-кредит ва монетар сиёсатни юритиш имконини яратди.

Ўз навбатида, аграр тармоқларда мулкка бўлган давлат монополиясига барҳам берилди. Шу аснода жамоа ва ширкат хўжаликлари (колхозлар ҳамда совхозлар) фермерлик хўжаликларига айлантирилди. 1997 йилдан бошлаб йиллик Мурожаат йўллаш анъанаси йўлга қўйилди. Унда ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш бўйича янги ва аниқ вазифалар белгилаб берилади.

2000 йилда Қозоғистон Республикасининг Миллий фонди фаолияти йўлга қўйилди. Мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ҳам ўсиб боряпти. Президент ҳузурида эса Хорижлик инвесторлар кенгаши тузилди. Умуман олганда, мустақиллик йилларида Президентимиз иқтисодий жиҳатдан кучли Қозоғистонни барпо эта олди. У бугун дунёнинг деярли барча мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бугунги кунда Қозоғистон ҳам Ўзбекистон каби нафақат Марказий Осиёда, балки собиқ иттифоқ ҳудудидаги энг жадал ривожланаётган давлатлар қаторида бормоқда. Республикамиз Евроосиёдаги қулай географик ва оралиқдаги жойлашувидан сезиларли иқтисодий фойда кўряпти, преференцияларга эга бўлмоқда. Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг йиллик ўсиши қарийб 3 — 7 фоизни ташкил этаётган бўлса, иқтисодий ривожланиш суръатлари бўйича эса дунёнинг етакчи ўнта давлати қаторидан жой олган. 2001 — 2005 йилларда ялпи ички маҳсулотнинг ўртача ўсиш суръати 10 фоизга етган эди. Кейинги 6-7 йилда эса Қозоғистон ЯИМ ўсиши бўйича Қатар ва Хитойдан кейин, дунёнинг энг жадал равнақ топаётган учинчи давлатига айланди.

Мамлакатда саноат-инновацион тараққиётни жадаллаштиришга қаратилган ноёб дастур амалга ошириляпти. Сервис-технологик иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш учун хом ашёга йўналтирилган иқтисодиётдан воз кечиш йўли танланди. Ўтган йилларда уни рўёбга чиқариш асосида 1 мингдан зиёд янги корхоналар очилди. Янги иш ўринлари яратилди. Замонавий дунёда иқтисодиётимиз инфратузилмасини мустаҳкамлашга қаратилган “Йўл харитаси” ишончли шакл ва янги йўналишлар касб этмоқда. Президентнинг “Нурлы жол” дастури муваффақиятли амалга ошириляпти. Илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган халқаро тоифадаги ўарбий Хитой — Ғарбий Европа автобани (автойўли)ни қуриш ишлари жадаллик билан давом эттириляпти. Ушбу йўлнинг сезиларли қисми эса республикамиз ҳудудидан ўтган. Нур-Султондан бошлаб елпиғич (яримдоира) тартибида барча томонда илғор қурилиш меъёрлари ҳамда технологиялари асосида суперзамонавий кўп тасмали автобанлар бунёд этиляпти. Авиатрассалар ва темир йўлларнинг янги йўналишлари очилмоқда. Хусусан, “Казах эйр” янги авиакомпанияси ташкил этилди. Машинасозлик жадал равнақ топаётир. Замонавий самолётлар, машиналар, локомотив ва вагонлар қурилмоқда. Американинг тинчлик жамғармаси маълумотларига кўра, 2015 йилда Қозоғистон МДҲга аъзо давлатлар орасида энг кам хатарга эга барқарор мамлакат деб топилди. Жаҳон банки рейтингида эса инвестицияларни жалб қилиш бўйича қулай шароитлар яратилган энг яхши ўнта давлат қаторидан жой олди. Қозоғистонга киритилган чет эл сармоялари ҳажми рекорд даража — 300 миллиард АҚШ долларига етди. Қозоғистон юқори сифатли ун экспорти бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди. Шунга яраша Қозоғистоннинг кўплаб мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон билан ҳам товар айланмаси ўсиб боряпти.

2015 йилда Қозоғистон ЖСТга аъзо бўлди. Бу борадаги тайёргарлик ишлари эса қарийб йигирма йил олиб борилди. Мамлакатимизда инфляция даражаси 5 фоиздан ошмайди. Маблағларни оқилона сарф қилиш бўйича амалга оширилаётган сиёсат Миллий жамғармани яратиш имконини берди. У ерда 100 миллиард АҚШ долларидан зиёд маблағ йиғилган. Айни чоғда Қозоғистон жаҳонда нефть экспорт қилувчи энг йирик ўнта давлат сафидан ўрин олган. Мамлакат раҳбарияти фуқароларга дунёнинг энг илғор 30 мамлакати қаторидан жой олиш вазифасини қўйган.

Минтақа бирлиги — энг тўғри йўл

Собиқ иттифоқ қулагач, бу маконда яшаган халқларнинг зиддияти ва тушунмовчилиги метрополияга эмас, балки тарихий сарчашмаси бир бўлса-да, кўпинча бир-бирига қарши қаратилди. Ўзбек тожикка, қирғиз ўзбекка шубҳа билан қарай бошлади, ҳатто тиш қайради... Минтақа учун бирдек қадрли бўлган олиму уламоларимизни “сизники” ва “бизники”га ажратдик. Бу минтақада яшовчи халқлар учун сохта “тарихлар” яратилди, уларнинг этник келиб чиқиши ҳақида бир-бирига зид бўлган “илмий назариялар” ўйлаб чиқарилди. Натижада Марказий Осиё тарихи ва маданиятини нотўғри талқин қилиш ва этник илдизлари бир бўлган Туркистон қавмлари — ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркманлардан ўзаро душман образини яратишга қаратилган янглиш ҳаракат кузатилди.

Марказий Осиё — геостратегик ҳудуд саналади. Бу ерда бошқа кучлар ўз манфаатини излайди. Тарихимизга эътибор қилсак, бундай бир геосиёсий даврда давлат қуриш ва уни иқтисодий, сиёсий жиҳатдан сақлаб қолиш у қадар осон бўлмаган. Тараққиётдан ортда қолмасликнинг ягона йўли — минтақа бирлигидир. Фақат бирлик ва қардошлик ғояларини амалга ошириш шароитидагина иқтисодиётимиз кўтарилади, сиёсатимиз обрў топади. Айниқса, минтақамиз келажаги икки қардош давлат — Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг олиб борадиган сиёсатига, улар ўртасидаги ҳамжиҳатликка кўп жиҳатдан боғлиқ.

Яқин тарихга назар

ХХ асрнинг 90-йиллари бошида Марказий Осиё мамлакатлари ўз мустақиллигини эълон қилганида, Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақавий бирлашиш ғоясидан манфаатдорлигини билдиргани ҳам бежиз эмас. Хусусан, 1994 йилнинг январида Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти ташкил этиш тўғрисида тарихий келишув имзоланди. Сўнгра Қирғизистон ҳам бу келишувга қўшилди. Мамлакатлар Марказий Осиёда иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга киришди.

Дастлабки йилларда мамлакатлар раҳбарлари минтақанинг ягона, аниқроғи, Марказий Осиё минтақаси эканини аниқ кўрсатувчи қатор муҳим ҳужжатларни имзолаган эди. Марказий Осиёнинг янги тарихидан ўрин эгаллаган ташаббусларнинг эзгу мақсадларга эришмоқчи бўлганини қайд этиш жоиз. Марказий Осиё иттифоқи ҳузурида Ҳукуматлараро кенгаш, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Мудофаа вазирлари кенгаши ҳамда тинчлик ўрнатиш батальони таъсис этилди. Бундан ташқари, бошланғич капитали 9 миллион АҚШ доллари бўлган Марказий Осиё ҳамкорлик ва тараққиёт банкига ҳам асос солинди. Томонлар ҳатто Марказий Осиё парламентини ташкил этиш режалари борлигини ҳам айтган эди. 1995 йилнинг апрель ойида Бишкекда Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон бош вазирлари иқтисодий интеграциянинг 5 йиллик режасини имзолади. 1997 йилнинг декабрида Остона (Нур-Султон) шаҳрида мамлакатлар раҳбарлари энергетика, сув ресурслари, озиқ-овқат, минерал ва ишлов берилмаган материаллар бўйича халқаро консорциум тузиш тўғрисидаги протоколга қўл қўйди. 1998 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон вазирлари сув тақсимоти, атроф-муҳит, миграция сиёсати ва иқтисодий ривожланишга доир асосий масалаларни муҳокама қилди. Тожикистон ушбу гуруҳга 1998 йилда қўшилди — шундан сўнг мамлакатлар гидроэнергетика консорциумини тузиш тўғрисида битим имзолади ҳамда ягона бозорни ташкил этиш бўйича умумий принципларни келишиб олди.

Интилишлар нега тўхтаб қолди?

Интеграциянинг ижобий жараёнлари бошланганига қарамасдан, сўнгги йилларда улар эришиб бўлмас мақсадга айланди. Мамлакатлар ўртасидаги келишмовчиликлар оқибатида Марказий Осиё иттифоқи Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти, сўнгра эса (2001 йилнинг декабрь ойида) Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти дея қайта номланди. Ўзбекистон ташаббуси билан 2004 йилнинг май ойида Россия Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотига таклиф этилди. Кейинчалик эса у Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилиб кетди...

Қайд этиш керакки, бир оз вақтдан сўнг, 2007 йилга келиб, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев минтақадаги бешта мамлакатни ўз ичига оладиган, мамлакатлар ўртасида товар, хизматлар, капитал ва инсонлар эркин ҳаракатланиши лозим бўлган Марказий Осиё иттифоқи тўғрисидаги ғояни жонлантиришга уриниб кўрди. Аммо у қўллаб-қувватланмагани боис Марказий Осиё лойиҳаси қарийб хомхаёллигича қолиб кетди ва уни тиклашга бўлган интилишлар тўхтаб қолди.

Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти даврида терроризм, сиёсий ва диний экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши бирга курашиш, шунингдек, хавфсизлик масалалари тўғрисидаги келишув эришилган самарали натижалар бўлган эди. Шунингдек, бугунги кунда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи бўлган зонанинг ташкил этилишини ҳам минтақавий ҳамкорлик бўйича салмоқли ютуқлардан бири, дейиш мумкин.

Муносабатларимиз оддий кечмаган

Қозоғистон ва Ўзбекистон муносабатлари мустақиллик йилларида бир текис ривожланди, деб айта олмаймиз. 1991 йилдан 2016 йил охиригача Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги таранг ҳамда ишончсиз муносабатлар бир неча марта ўзаро умумий чегараларнинг ёпилишига ва икки томонлама савдо муносабатларининг чигаллашувига олиб келди. Муносабатларимизни кўпинча “минтақадаги етакчилик учун кураш”га йўйишди.

Бироқ сўнгги салкам 30 йилдан бери ўзаро муносабатларимиз оддий кечмаган бўлса-да, ҳар иккала мамлакат ҳам у ёки бу ўлчовлар бўйича етакчи саналади. Гарчи ички ва ташқи сиёсатда тафовутлар мавжудлигига қарамай, томонлар турли минтақавий ҳамда халқаро масалалар бўйича фаол икки томонлама маслаҳатлашувларни олиб боришди. Биз қанчалик яширмайлик, 2016 йилгача ҳамкорлик ўрнини рақобат эгаллаганди. Ҳамкорлик фақат қоғозларда ва сўзда мавжуд бўлиб келди. У ёки бу соҳада битим ҳамда келишувларга эришилган куннинг эртасига чегаралар ёпилар, оддий одамларнинг чегарадан ўтиши учун улкан турнақатор навбатлар сунъий тарзда яратиларди.

Ҳозир айбдорларни қидиришнинг ўрни эмас. Аммо ўша пайтлар хаёлимда шундай фикрлар пайдо бўлиб, наҳотки, икки қардошнинг муносабатлари совуқлашиб, таранглашиб кетаверса... Бу аҳволда минтақамиз тақдири қандай кечади, деган саволлар миямда ғужғон ўйнарди.

Ўзгариш эпкинлари

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида фаолиятини бошлаганидан кейин минтақада баҳорий эпкинлар эса бошлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш ва мамлакатни замонавий, халқаро майдонда рақобатбардош давлатга айлантиришдек тарихий миссияни ўз зиммасига олди. Унинг давлат бошқаруви тизимини изчил такомиллаштириш, иқтисодиёт ҳамда молия секторини либераллаштириш, жамиятнинг барча жабҳасини модернизация қилиш йўлидаги ирода ва қатъияти чинакам қизиқиш ҳамда чексиз ҳурмат уйғотмоқда.

2017 йилда Қозоғистоннинг Биринчи Президенти, Элбошимиз Нурсултон Назарбоев шундай деганди:

“Охирги вақтларда муносабатларимиз бутунлай бошқача ривожланиш йўлига ўтди. Фақатгина охирги беш ойнинг ўзида ёки ўтган йилнинг сўнгги чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоиз ошди. Тўртта янги савдо уйи очилди. Ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан дон 30, Ўзбекистондан мева-сабзавот 25 фоизга ошди. Бу Ўзбекистон савдонинг барча имкониятларини очгани ва тўсиқларни олиб ташлагани натижасидир”.

Боз устига Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон ўртасида давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича улкан келишувларга эришилди. Хусусан, 2017 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон томонидан Давлат чегараларининг туташган нуқтаси ҳудуди ҳақида шартнома имзоланди. Ушбу шартноманинг имзоланиши Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегарасини халқаро-ҳуқуқий расмийлаштиришнинг босқичларидан бирини тўла якунлаш имконини берди ҳамда икки мамлакат ўртасида ўзаро ҳурмат, суверен тенглик ва ҳудудий яхлитликни мустаҳкамлашда мустаҳкам асос яратди. 2017 йил май ойида Ўзбекистон томони Қозоғистон Республикасининг Қўстанай шаҳрида “Ravon” русумли автомобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ўзбекистоннинг минтақада ягона энергетика тизимини тиклашга доир саъй-ҳаракатлари ва интилишлари ҳам эътиборга молик. Бу Марказий Осиё мамлакатларига умумий қувватлардан фойдаланиш ҳамда электр етишмовчилигидан қийналмаслик имконини беради. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг энергия тизими ҳалқа режимида ишламоқда, энергия 500 кВ ҳамда 220 кВ да узатилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Президенти 2017 йил 10 ноябрь куни БМТ шафелигида Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувини ўтказиш таклифини илгари сурган эди. Ўшанда бу ташаббусни минтақадаги барча давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар қўллаб-қувватлаган ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев биринчи учрашувни Остонада ўтказишни таклиф қилганди.

2018 йил Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти минтақада ички туризмни ривожлантириш ва қўшма сайёҳлик маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш ташаббуси билан чиқди. Марказий Осиё ноёб сайёҳлик ресурслари ҳамда туризм тармоғини ривожлантиришда улкан салоҳиятга эгалигига қарамасдан, минтақа мамлакатлари ЯИМда ушбу соҳа улуши 5,5 фоизни, ўртача кўрсаткич бўйича 10,4 фоиз ташкил этмоқда, холос. Бу борада шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва Қозоғистон Ипак йўли мамлакатларининг виза тартибини ўзаро тан олиш ҳақида шартнома имзолади, бу аралаш туризм (битта тур доирасида турли давлатлар ва шаҳарларга саёҳат қилиш)нинг бошланишидир. Бу ҳар икки давлатга сайёҳлик соҳасидан улкан даромад олиш имкониятини яратади.

Ҳамкорликнинг янги уфқлари

Ўзбекистоннинг 33 миллиондан зиёд аҳолиси бор. Бу улкан ва кенг кўламли бозор, меҳнат ресурслари дегани. Шунингдек, мамлакатнинг қулай иқлим шароити йил бўйи мева ва сабзавот етиштириш имконини беради. Шу билан бирга, Ўзбекистон автомобилсозлик соҳасида катта салоҳиятга эга. Нафақат енгил автомобиллар, балки юк ва йўловчи ташувчи техникалар ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Айни вақтда Ўзбекистон ўз ҳудудини саноатлаштириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Деярли ҳар бир ҳудудда эркин иқтисодий зоналар ташкил қилинаётир. Шу ўринда Қозоғистон ҳам мана шундай имкониятларга эга эканлигини таъкидлаб ўтишни истардим. Қозоғистонни индустриал-инновацион ривожлантириш йилларида мингдан ортиқ корхоналар ташкил этилди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, пойтахтдан елпиғич тартибида барпо этилган ва этилаётган автойўллардан Ўзбекистон автомобиль транспорти ҳам фойдаланиб келмоқда.

Минтақада хавфсизликни таъминлаш ҳамда мустаҳкамлаш борасида ҳам Қозоғистон ва Ўзбекистон ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириши зарур. Аслида бу масалада мамлакатларимиз бир кемада.

2019 йил апрелида Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон ҳукуматлари вакиллари чегара оша савдо-сотиқни мақбуллаштириш ва Марказий Осиёдаги энг йирик савдо ҳамда логистика марказини ташкил этиш мақсадида икки мамлакат чегарасида савдо ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича халқаро марказ барпо этиш тўғрисидаги ўзаро англаш меморандумини имзолаган эди. Янги иншоот Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан савдо ҳамкорлигини марказлаштириш, савдо оқимларини бир жойга жамлаш ҳамда тартибга солиш, шунингдек, транспорт логистикасини такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан алоқалари мустаҳкамланиши, жумладан, икки мамлакат вакиллари ўртасида тез-тез ўтказилаётган музокаралар аста-секин минтақадаги ҳамкорлик жараёнини бошлаб берди. Потенциал жиҳатдан бундай ҳамкорлик минтақа давлатларига сув ва энергетика муаммолари, хавфсизлик ҳамда наркотиклар айланмаси муаммоларига биргаликда ечим топиш; буюк давлатлар, сиёсатига нисбатан умумий позицияни шакллантириш, энг муҳими, “глобал иқтисодий жараёнларнинг хом ашё етказиб берувчи чет ҳудуди”га айланиб қолмаслик имконини беради. Ўзбекистоннинг истеъмол бозори катталиги ва Қозоғистоннинг ўлчами ҳисобга олинса, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар минтақадаги ўсишнинг узоқ муддатли истиқболи калити экани ҳамда чиндан ҳам минтақадаги иқлимни белгилаб бериши яққол кўринади.

Энди биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга интилишимиз ва уларга нима таклиф қилишга тайёр эканимиз ҳақида ўйлашимиз лозим (масалан, чегарада қўшни мамлакат билан эркин иқтисодий ҳудудни яратиш, қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик ўрнатиш мумкин). Ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур, чунки тез орада Ўзбекистон ўзига тортиш марказига айланиши, шубҳасиз.

Ўзбекистон жасорати

Биласизми, турли синовлар, офатлар инсониятни, халқларни ўзаро яқинлаштирган. Аввалига COVID-19 пандемияси ва кейин Сардоба сув омборидаги техноген офат қозоқ ҳамда ўзбекни синовларда тоблади, уларни янада яқинлаштирди. Ана шу оғир дамларда ўзбеклар бағрикенглигини, ҳимматини, саховатини яна бир бор намойиш этди.

1 май куни тонгда Сардоба сув омборидаги тўғон ўпирилиши натижасида юзага келган сув тошқинидан Қозоғистоннинг Мақтаарал туманидаги бешта қишлоқни сув босди, 900 га яқин хонадонлар сув остида қолди. Ўзбекистоннинг ўзи учун ҳам оғир дамларда, яъни 6 май куни Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов бошчилигидаги делегация аъзолари мамлакатимиздаги Туркистон вилоятининг тошқиндан зарар кўрган ҳудудларида бўлди.

Ўзбекистон тарафидан 209 нафар шахсий таркиб, 169 та қишлоқ хўжалиги, муҳандислик ва ёнғин-қутқарув техникаларидан иборат қўшимча куч ҳамда воситалар офат ҳудудига етказилди. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов

10 май куни Туркистон вилоятининг Мақтаарал туманидаги Мирзакент посёлкаси аҳолиси билан учрашди. Бу ерда мамлакатимиз Бош вазири Асқар Мамин билан бирга Сардоба тошқинида уйини йўқотган қозоғистонликларга қуриладиган янги уйга пойдевор қўйишни бошлаб берди. Бу қадам ҳам юртдошларимизни қувонтирди. Ахир Ўзбекистон бу табиий ёки техноген офат, деб қўя қолиши ҳам мумкин эди. Йўқ асло бундай бўлмади. Ўзбекистон давлати тиклаш ва қурилиш ишлари учун 200 нафар мутахассис ҳамда 100 га яқин ўт ўчириш машинаси, экскаватор, трактор, сув ҳайдаш насоси ва бошқа техникалар юборди.

Мана, яқинда қардош Ўзбекистондан Туркистоннинг сув тошқинларидан талафот кўрган ҳудудига 3 та юк машинасидан иборат гуманитар ёрдам етиб келди. Қўшни ўлкадан 150 минг дона тиббий ниқоб, 2500 дона ҳимоя костюми, 150 минг дона тиббий қўлқоп, 1000 термометр ва 440 дона койка келтирилди. Ушбу гуманитар ёрдам Туркистон вилоятининг тиббий муассасалари орасида тақсимланди.

Хуллас, минтақадаги икки йирик давлат — Қозоғистон ва Ўзбекистон Марказий Осиёда қатор интеграцион лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қарор қилишдики, бунга ўхшаш ҳодисаларни ХХ аср ўрталарида Германия ҳамда Франциянинг Европа интеграцияси сари йўл олган ҳаракатлари мисолида кузатиш мумкин.

Тўғри, мустақилликнинг дастлабки йилларида икки мамлакат муносабатлари рақобатчиликка бой бўлгандир. Бунинг сабаби бор, албатта. Чунки улар ўз суверенитетларини мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро майдонда ўз ўрнини топиши керак эди. Энди эса Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам суверен давлат сифатида оёққа турди, рақобатга эҳтиёж қолмади. Ҳар ҳолда олдингидан кўра шерикликни мустаҳкамлашни талаб этадиган вазифалар пайдо бўлди. Қатор иқтисодий, инфратузилмавий ва энергетик муаммоларни ечиш, радикал ҳаракатларга зарба бериш, Марказий Осиё учун “йирик ўйинчилар”нинг бебош курашига йўл қўймаслик шарт. Айтиш мумкинки, кўп нарса, ҳатто минтақамиз тинчлиги ҳам шу икки давлатга боғлиқлигини соқит қилиб бўлмайди. Шундай экан, Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилиши икки қардош халқнинг узоқ муддатли манфаатларига тўла жавоб беради ҳамда Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва жадал тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Зиябек КАБУЛЬДИНОВ,
Ч. Ч. Валихонов номидаги Тарих ва этнология институти директори,
тарих фанлари доктори, профессор,
Қозоғистон Республикаси Миллий Фанлар академияси мухбир аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?