Қашқадарёда аёл ўзини ёқиб юборди. Бош прокуратура расмий муносабат билдирди

14:08 20 Февраль 2020 Жамият
364 0

Интернет ижтимоий тармоғида 19.02.2020 йилда “Аёл прокуратура олдида ўзини ёқди. Уни қутқармоқчи бўлган отаси куйди” сарлавҳали мақола чоп этилган.

Аниқланишича, куйганлиги эътироф этилаётган фуқаро О.Мустафоев ва унинг оила аъзолари Косон туманидаги “Т.Ш. Инвест” МЧЖга қарашли ер майдонининг бир қисмини бирон-бир ҳужжатсиз эгаллаб, ноқонуний қурилиш амалга оширишган.

Даъвогар “Т.Ш. Инвест” МЧЖ раиси С.Б. жавобгар О.Мустафоевни оила аъзолари билан жамиятга қарашли ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш, ноқонуний қурилмаларни жавобгарлар ҳисобидан буздириш ва тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилган.

Фуқаро О.Мустафоев ва унинг оила аъзолари суд томонидан қонуний қарор қабул қилинишини кутмасдан ушбу ҳолат бўйича вилоят прокуратурасига мурожаат қилишган.

Вилоят прокуратураси томонидан О.Мустафоевга иш фуқаролик суддида ҳал этилаётгани, барча важларига суд муҳокамаси жараёнида баҳо берилиши ҳақида қонуний тушунтиришлар берилган.

Бундан ташқари, 18.02.2020 йилда ҳам О.Мустафоев оила аъзолари билан бирга вилоят прокуратурасида Косон тумани ҳокими иштирокида қабул қилинганда қурилишга 20 млн. сўм сарфланганлигини иддао қилишган. Туман ҳокими томонидан уларга қурилиш ноқонунийлиги ва бузилишини, аммо келгусида қонуний ер участкаси ажратилиши ва қурилишга ҳомийлик ёрдами кўрсатилиши тушунтирилган бўлсада, бу таклифни рад этишган.

Шундан кейин, О.Мустафоев ва унинг оила аъзолари, низоли уйда 19.02.2020 йил эрталаб фуқаролик ишлари бўйича судъя, эксперт ва мутахассислар томонидан ўлчов ишлари амалга оширилаётганлигидан норози бўлиб, вилоят прокуратурасига соат 10.30 ларда келиб, ишни ўз фойдасига ҳал этиш мақсадини кўзлаб, вилоят прокуратураси биноси яқинида устига қисман ёқилғи сепиб, провакацион ҳаракатлар содир этишган.

РШТЁИМ вилоят филиалининг 19.02.2020 йилдаги маълумотномасига кўра, фуқаро О.Мустафоевнинг елка ва бўйин соҳасида 5-6 фоиз енгил куйиш жароҳати аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?