Қарши шаҳрида ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ўз уйига эга бўлди

12:13 12 Декабрь 2019 Жамият
355 0

Дилором Шодиева 2-гуруҳ ногирони бўлиши билан бирга фарзандини ёлғиз ўзи тарбия қилмоқда. Уйи йўқлиги сабаб кўп вақт ижарада яшашга мажбур бўлаётганди. У учун бундай кунлар ортда қолди. Гап шундаки, у шинам ва барча қулайликларга эга хонадонлардан бирининг соҳибасига айланди.

Ҳа, ўз уйи, бошпанаси йўқ кишида ҳаловат бўлмаслиги рост. Орамизда эҳтиёжманд, кам даромадли оилалар ҳам борки, яшаш учун жой қилишга моддий имконияти етмайди. Шу мақсадда юртимизда кам таъминланган, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган, айниқса, оғир ижтимоий шароитга тушиб қолган оилаларга ижтимоий кўмак кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Қарши шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда юқоридаги фикр амалда яна бир бор ўз исботини топди. Узоқ вақт бошпанасизликдан қийналган 50 нафардан зиёд хотин-қиз, ногиронлиги бор шахсларга “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК томонидан қуриб битказилган арзонлаштирилган кўп қаватли уйларнинг калитлари тантанали равишда топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда сўз олганлар айни жабҳада Президентимиз юритаётган сиёсат моҳияти ва ҳозирги кундаги амалий натижаси ҳақида фикр билдиришди. Меҳмонлар, жумладан, кенг жамоатчилик вакиллари гувоҳлигида уйга эгаликни тасдиқловчи сертификат ва янги хонадон калитлари ўз эгаларига берилди. Тадбир асносида меҳмонлар кўп қаватли уйда яратилган шароитлар билан танишишди. Янги хонадон соҳибларини қутлаб, бу уйларда энг яхши дамларни ўтказишига тилакдош бўлишди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 октябрдаги қарорига мувофиқ, “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан Қарши шаҳрида 3 йилда жами 35 та кўп квартирали арзон тураржойлар бунёд этилди. Хусусан, 2017 йилги Дастурга мувофиқ 7 та 5 қаватли 315 хонадонли уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилган бўлса, 2018 йилда жами 14 та 5 қаватли 630 хонадонли уй-жойлар бунёд этилди. Жорий йилда 14 та 7 қаватли 588 хонадонли уйлар қуриб битказилди.

Эътиборлиси, 50 нафардан зиёд хотин-қизга топширилган хонадонлар умумий қийматининг 10 фоизи давлатимиз томонидан тўлаб берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?