Покистоннинг тўрт шаҳрида Наманган савдо уйлари очилади. Уларда қандай маҳсулотлар сотувга қўйилади?

10:45 08 Ноябрь 2019 Жамият
184 0

Карачи, Лаҳор, Пешовар ва Мултон шаҳарларида Наманган савдо уйлари очиладиган бўлди. Покистоннинг “Najeb Consultants Pvt” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этиладиган бу савдо офисларида Наманган вилоятида ишлаб чиқарилган текстиль ва бошқа енгил саноат маҳсулотлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотилади. Кеча вилоят ҳокимлиги ҳамда “Najeb Consultants Pvt” компанияси ўртасида бу ҳақда келишув имзоланди.

-Ўзбекистон билан, Наманган билан ҳамкорлик қиламиз, деган компаниялар кўп бўлиши мумкин, лекин биз бу ҳамкорликни амалда кўрсатаётган компаниялардан биримиз, - деб қайд этди “Najeb Consultants Pvt” раҳбари Нажиб МушракВохра. -Афғонистон орқали Покистонга Ўзбекистон маҳсулотларини сотишни йўлга қўйганмиз. Узоқ йиллардан бери Покистоннинг асосий савдо ҳамкори бўлган Ҳиндистон билан бугунги кунда муносабатларимиз бироз таранглашган. Эрон билан санкциялар туфайли тижорат қилиш имконияти кам. Бундай вазиятда Ўзбекистон учун Покистонга катта ҳажмларда экспорт таклиф қилиш имконияти мавжуд . Буни амалга оширишда асосий роль ўйнамоқчимиз.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров хорижий ишбилармонга Покистон шаҳарларида очилаётган Наманган савдо уйлари билан бир қаторда вилоятнинг Поп туманида йирик логистика маркази ташкил этиш таклифини айтди. Бундай логистика маркази нафақат Наманган, балки водийнинг бошқа вилоятларидан ҳам маҳсулотларни йиғиш ва қадоқлаш учун қулайлик яратади. Нажиб Мушрак Вохра томонидан бу таклиф ижобий қабул қилинди.

БАА ва Саудия Арабистони каби мамлакатлар билан ҳам ҳамкорлик ичида эканликларини айтиб ўтган “Najeb Consultants Pvt” раҳбари Наманганда етиштирилган органик қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бу мамлакатларда ҳам талаб катта эканини, бироқ авиатранспорт билан юк ташиш нархлари бироз баланд эканлиги, етказиладиган маҳсулотларнинг таннархини кўтариб, рақобатбардошлигини пасайтираётганини қайд этди ва бу борада чегирма берилиши таъминланса, экспорт ҳажмини бир неча бор кўтариш имкони борлигини таъкидлади. Вилоят ҳокимлиги томонидан бу масалада ёрдам берилишига келишиб олинди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.
“Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019