Пойтахтимизнинг кўрку жамоли, ўрни ва мавқеига монанд маскан

12:21 22 Май 2020 Маданият
382 0

Мамлакатимизда иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг барча жабҳасида бўлгани каби маданий соҳада ҳам туб бурилиш юз бермоқда. Жумладан, миллий анъана ҳамда қадриятларимизни тиклаш, бой меросимизни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Бу борада замонавий музейларнинг ташкил этилаётгани муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан 2017 — 2027 йиллар давомида юртимиздаги барча музейларни реконструкция қилиш, қайта ­таъмирлаш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган 10 йиллик Давлат дастури қабул қилинган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимизда Тошкент шаҳри музейининг ташкил этилиши ҳам бу борадаги муҳим ишлардан бири бўлди.

Тан олишимиз керак: 2200 йиллик тарихи бор Тошкент шаҳри шу вақтга қадар ўз музейига эга эмас эди. Буюк Ипак йўлида жойлашган, илм-фан, маданият, маърифат бешикларидан бири бўлган кўҳна ва доимий навқирон шаҳарга оид ноёб экспонатларнинг бир масканга жамланиши пойтахтнинг бугунги ўрни ва мавқеига ҳам нақадар монанд.

Ҳозирги кунгача муассасада мингга яқин экспонатлар тўпланган. Улар соҳанинг энг сўнгги усул ва услубларидан, инновацион технологиялардан фойдаланилган ҳолда жойлаштирилган.

Куни кеча давлатимиз раҳбари ушбу маданият масканига ташриф буюриб, бу ерда қилинган ишлар билан танишди. Музей ­экспонатларини янада ­бойитиш, бу ерни илм-маърифат ва маданият масканига айлантириш юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу биринчи қадам. Тошкентда илмий тадқиқотлар учун жуда катта манба бор. Лекин шу пайтгача яхлит ва тўлиқ ўрганилмаган. Энди 2200 йиллик тарихни даврма-давр ўрганиш, музейни ашёвий далиллар билан бо­йитиб, шаҳар цивилизациясини тўла юзага чиқариш керак.

Барча замонавий талабларга жавоб берувчи ушбу музейда эса зарур шарт-шароит ва имкониятлар етарли. Ишончимиз комилки, ушбу маданият маскани аждодларимиздан бизга мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазинага айланади. У йиллар давомида пойтахтимиз тарихидан мерос ашёлар, санъат асарлари, халқнинг эзгу қадриятлари, турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналари акс этган ноёб ­экспонатлар билан изчил бойитиб борилади.

Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,

Олий Мажлис Сенатининг

Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?