Пойтахт кўчаларидаги реклама-эълонлар қачон тартибга солинади?

11:01 22 Октябр 2019 Жамият
1472 0

Архив фото

Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмизки, кун сайин пойтахтимиз тобора гўзал қиёфа касб этиб бормоқда. Аммо баъзи бир ҳолатлар ҳам борки, саришталик ва озодаликка соя солаётгандек…Сўзимиз исботи сифатида кўчаларда бетартиб равишда жойлаштирилиб кетилаётган реклама, эълонларни айтишимиз мумкин.

Балки, мавзу ким учундир оддий ҳолдек, эътибор қаратишга арзимасдек туюлар.

Пойтахтимизнинг марказий кўчаларидамиз. Агар бу йўллардан мамлакатимизга ташриф буюрувчи меҳмонлар ва сайёҳлар кунига бир неча марта ўтишини инобатга олганимизда ёинки мавзуни юртнинг умумий имижи ҳамда бундайин манзаралар бизнинг қадрият ва урф-одатларимизга, ўзлигимизга тўғри келмаслиги билан боғлайдиган бўлсак, масаланинг моҳиятини теранроқ англаш ҳеч гап эмас.

Симёғочлар, дарахтлар ва автобус бекатларига жойланган реклама ва эълонлар хунук қиёфа касб этмоқдаки, бу ҳолга кимни айбдор қилиб кўрсатиш ҳақида ўйга толасан, киши.

Айрим манзараларга боқиб, бундайин тарзда ўз хизматларини таклиф қилиш фақатгина атроф-муҳитга зарар келтирмоқда, шаҳар чиройига путур етказяпти холос деб айтишимиз мумкин.

Яна кимдирнинг бир турдаги рекламасини турнақатор қилиб, дарахтларга ёпиштириб чиққанини кузатар экансиз, ўнинчи ё ўн биринчи дарахтга келганида ҳам наҳот қилаётган иши тўғри эмаслигини англамаган бўлса деган ўй ўтади кўнглимиздан.

Ўзбекистон давлат Жаҳон тилларининг университетининг шундоқ ёнгинасидаги автобус бекати. Йўлингиз тушса, бир эътибор билан қараб ўтинг. Наҳот, жилла қурса, университет раҳбарияти шу масалага эътибор қаратмади. Эшигингдан чиқишинг билан шундай бетартиб равишдаги қоғозлар билан тўқнаш келишингизни наҳотки оддий ҳолдек қабул қилаверасиз?!

Яна билмадик…Бу билан балки, бошқалар шуғулланиши керакдир. Ким билсин дейсиз?!

Биз ушбу ҳолат бўйича шу олий таълим муассасасида таҳсил олаётган талабалар фикри билан қизиқдик. Фикрлар деярли бир хил. Эълонлар тахтасининг йўқлигини бу ҳолнинг бош сабаби дея изоҳлашди. Бевосита мана шу ҳудуд озодалигига масъул бўлган Инобат Тўйчиеванинг айтишича, ҳар куни жойланган эълон ва рекламалар олиб ташланмасин, барибир бефойда бўляпти, биридан кейин иккинчиси шу ишни такрорлаяпти деган мулоҳазага дуч келдик.

Айтилган гапларга ишонган бўлсак-да, синчковлик билан олиб борилган кузатувларимиз буни аксини кўрсатди. Симёғочлар, дарахтлар, бекатлар, деворларда йил ва ойлар давомида турган эълонларни топиш унчалик ҳам қийин эмас. Ёзувлари ўчиб кетган, қоғоз парчалари анча вақтдан бери турганлигини бўлса қандай изоҳлаш мумкин.

Бизнинг навбатдаги ишимиз ўз тадбиркорлик фаолиятини шу йўл билан реклама қилмоқчи бўлган ташкилот, фирмалар томонидан эълонларда қолдирилган телефон рақамларига боғланиб бу ҳолатга улардан изоҳ талаб қилиш бўлди.

Кимдир сўзини узр сўраш билан якунлаган бўлса, кимдир бу ҳамма учун қулайлигини таъкидлади. Яна кимдир эса барча кўчаларда ҳам эълонлар тахтаси йўқлигини иддао қилишди.

Мана шу ерда муаммонинг бир сабаби топилгандек, худди. Масаланинг ечимининг бир учи эълонлар тахтасига бориб, тақалмоқда.

Умуман олганда шаҳар бўйлаб кун сайин авж олаётган бу каби ҳолатга нима сабаб? Балки нафсини юрт чиройи, унинг ободлигидан баланд қўяётганлар бош сабабчилардир? Ундай бўлса, нега уларга жазо чоралари кучайтирилмаяпти?

Ободонлаштиришга бевосита масъул шахсларнинг кўзлари қаерда?

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармасига мурожаат қилган эдик. Туннинг ярмида белгиланган ва тонг саҳарлаб ёдига солинган, интервью беришга розилик билдирган мансабдор шахслар- ҳарчанд уринмайлик телефонларимизни жавобсиз қолдиришди. Ташкилотга келганимизда саволларимизга жавоб бериш учун ҳеч ким йўқлиги, ҳамма ходимлар муҳим ишлар билан юрганлигини айтишди. Иш куни шундай катта ташкилотда бир пайтнинг ўзида ҳеч ким топилмаслиги бизни бироз шубҳага солди ҳамда шаҳар кўчаларидаги бундайин хунук қиёфаларга мутассадди ташкилот раҳбарларининг ўз вазифасини сидқидилдан бажармаётгани сабаб бўлмаяптимикан деган саволни бериб кўрдик ўзимизга…

Соҳибжон ҲОТАМОВ(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?