Пиллакорлар учун 12 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тарқатилди

22:28 22 Май 2020 Иқтисодиёт
143 0

Сўнгги йилларда республикамизда пиллачилик соҳасини ривожлантириш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг турларини кенгайтириш, шунингдек, пиллачилик тармоғи корхоналарининг экспорт ва инвестиция фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар пилла хомашёси етиштириш ҳажмини ошириш, уни қайта ишлаш ҳисобига экспортбоп ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, республикамизнинг чекка ҳудудларидаги аҳоли, айниқса аёллар бандлигини таъминлаш имконини берди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 июлдаги “Пиллачилик тармоғида чуқур қайта ишлашни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4411-сонли қарори ижроси юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Самарқандлик пиллакорлар мавсум давомида 49 минг 350 қути ипак қуртидан 2 минг 714 тонна қимматбаҳо саноат хом ашёси етиштириш мақсадида астойдил меҳнат қилишмоқда. Айни кунларда вилоятдаги 50 минг 51 та оилавий пудратчилар томонидан 39 минг 215 қути хорижий, 10 минг 135 қути маҳаллий ипак қурти карантин тартибларига қатъий риоя этилган ҳолда парваришланмоқда. Ҳозирга қадар, оилавий пудратчилар билан ички меҳнат шартномалари тузилган.

Бугунги кунда тарқатилган ипак қуртининг 2 минг 297 қутиси 1 ёшда, 2 минг 644 қутиси 2 ёшда, 3 минг 119 қутиси 3 ёш, 12 минг 29 қутиси 4 ёшда, 24 минг 916 қутиси 5 ёшда ва 4345 қутиси пилла ўраш даврида.

Мавсум давомида ҳар бир қути ипак қурти учун оилавий пудратчилар ҳамда касаначиларга инкубаториядан ипак қурти билан биргаликда 250 минг сўмдан нақд пул (аванс) маблағлари ҳисобланиб жами 12 миллиард 614 миллион сўм маблағ тарқатилди.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 июлдаги тегишли қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида вилоятда 7 та кластер корхоналари ташкил этилган бўлиб, пилла етиштириш хом ашёдан тайёр маҳсулотгача тартиби асосида юритилмоқда, — дейди Самарқанд ҳудудий “Агропилла” МЧЖ раиси Ёдгор Жўраев. — Хусусан, “Сингапур Самарқанд ХК” МЧЖ томонидан вилоятнинг Иштихон, Қўшрабод ва Пайариқ туманларида 10 минг 733 қути, “Элбек ТРЖ” МЧЖ томонидан Пастдарғом, Самарқанд ва Жомбой туманларида 10 минг 449 қути фермер хўжаликлари ҳамда касаначилар билан тузилган контрактация шартномаларига асосан тарқатилган ипак қуртининг асосий қисми пилла ўраш арафасида.

Шунингдек, пилла етиштириш мавсумида қатнашаётган 50 минг 51 та оилавий пудратчилар учун меҳнат шартномаси асосида пилла етиштириш камбағалликнинг олдини олиш, кам таъминланган оилаларни муҳофаза қилиш билан биргаликда қишлоқ аёлларининг бандлигини таъминлайди. Пилла парваришида ишлаётганларга 250 минг сўмдан бўнак пули тарқатилди. Бундан ташқари пиллакорларга ун, ёғ, шакар сингари ўнлаб турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Абдулазиз Йўлдошев

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?