Пеле “Асл бразилияликка у кўпроқ ўхшайди” дея таъриф берган футболчини биласизми?

10:29 18 Май 2020 Спорт
287 0

1982 йилги жаҳон чемпионатининг қаҳрамонларидан бири Бруно Конти Италиянинг Неттуно шаҳрида оддий ғишт терувчи оиласида туғилган. Оилада Брунодан ташқари яна беш фарзанд бор эди. Уларнинг барчаси “Рома” клубининг ашаддий мухлиси саналган оталари таъсирида футболга қизиқишарди. Бруно эса жигаргўшаларидан бир оз фарқли тарзда ўша пайтларда Неттунода оммалаша бошлаган бошқа бир спорт турига –бейсболга ҳам меҳр қўйганди. Ўзининг спортдаги фаолиятини айнан маҳаллий бейсбол жамоаларида бошлагани ҳам бежиз эмас.

Бироқ вақт ўтиб, Брунода катта футбол ҳавосидан баҳра олиш иштиёқи устун чиқди. Аввалига “Самбенедеттезе”, кейин эса “Болонья” клуби кўригида бўлди. Аммо мураббийлар штабига маъқул келмади.1971 йилга келиб сартарош амакиси шарофати билан “Рома”да кўрикдан ўтиш имконияти туғилди. Аниқроғи, сартарошнинг доимий мижози бўлган бир спорт журналисти беминнат хизмат кўрсатиб юборди. Лекин итальян футболининг буюк мураббийларидан саналган Эленио Эррера кичик жуссали бундай озғин йигит футбол ўйнашга ярамайди, деб ҳафсалани пир қилди. Бруно сабрли йигит экан. Кутди. Ниҳоят, бир йил ортда қолди. “Рома”га қайта кўрикдан ўтгани борди. Бу гал мураббийлар назарига тушди. Клуб ёшлар жамоасига қабул қилинди. Аммо йигитча она – шаҳридан Римгача бориш учун тонг саҳарлаб туришга мажбур эди. Тонгда Терминига қадар тезюрар поездда борар, кейин метрога тушиб клуб базасига етиб оларди. Негаки, унда бир йилгача пойтахтнинг ўзида яшашга шароит бўлмади.

Кўплаб ёш футболчилар пешонасига ёзилганидек, қаҳрамонимиз ҳам ижарага берилди.В серияси вакили “Женоа”да тўп сурди. Тез орада генуяликлар сафида етакчи ўйинчига айланди. Мавсум якунига кўра, лиганинг энг яхши футболчиси, деб топилди. ”Рома”га қайтгач, икки йил давомида асосий таркиб ўйинчиси сифатида майдонга тушди. Кейин яна Генуяга йўл олди. Бир йилдан сўнг Римга қайтди ва фаолиятининг якунига қадар пойтахтда қолди. Унинг қайтиши “Рома” учун омадли келди. Жамоа беш бор мамлакат кубоги соҳибига айланди.1983 йилда эса йигирма бир йиллик танаффусдан кейин скудеттони қўлга киритди.Навбатдаги мавсумда Рим клубининг Европа чемпионлар кубоги финалигача етиб боришида ҳам Бруно Контининг ҳиссаси катта. Афсуски, “Ливерпул”га қарши кечган ҳал қилувчи баҳсда ундан омад юз ўгирди. Пенальтилар сериясида хатога йўл қўйди. Инглиз клуби посбони Брюс Гроббелар Конти йўллаган тўпни қайтарди ва якунда итальян жамоаси иккинчи ўрин билан кифояланиб қолишга мажбур бўлди.Кейинчалик футболчининг ўзи ўша аламли ўйин охиридаги ҳолатини эсларкан, шундай деганди:”Мен ҳеч нарсани кўрмасдим ҳам, эшитмасдим ҳам. Карахт бўлиб қолгандим. Ҳозиргача буни тушунтириб бера олмайман”.

Аммо унинг ҳаётида ёрқин ва унутилмас ғалабалар кўп учраган. Шу ҳақда сўз очилганда беихтиёр 1982 йилги жаҳон чемпионати эсга тушади. Ўшанда Конти Паоло Росси, Алессандро Альтобелли, Дино Зофф каби жамоадошлари билан биргаликда мундиал ғолиби бўлганди. Испания майдонларида кечган шонли йўл давомида “скуадра адзурра” айнан Бруно Контининг Перу терма жамоасига йўллаган голи эвазига навбатдаги босқичга чиқди. Сафида Зико, Фалькао, Сократес сингари машҳур футболчилар бўлган Бразилия терма жамоаси ҳам айнан шу итальян ўғлонининг хатти-ҳаракатлари сабаб мағлубиятга учради.Қизиғи, бразилияликларнинг ўзи “Майдонда у ҳақиқий бразилияликка айланди”, дея Контининг маҳоратига тан беришганди. Қаҳрамонимиз жаҳон чемпионатининг финалида ҳам ўзини кўрсатди. Марко Тарделли киритган тўпга ассистентлик қилди ҳамда Альтобеллининг ажойиб голи билан якунланган ҳужумда иштирок этди.Немислар устидан 3:1 ҳисобида зафар қучган Италия терма жамоаси шу тариқа жаҳон чемпиони бўлди.

Ушбу тарихий ўйин қатнашчиси Карл – Хайнц Румменигге кейинчалик “Италия муносиб тарзда ғолиб чиқди. Хўш, майдондаги энг яхши футболчи ким эди? Шахсан мен учун бу номга Бруно Конти лойиқ. Ўйин тугагач, у билан либос алмаштирдим. Бу мен учун катта шараф. Ўша либосни энг буюк чемпиондан эсдалик сифатида сақлайман”, деган эди. Ўтган асрнинг бошқа бир афсонавий футболчиси Бобби Чарльтон “Мабодо, мен қайсидир терма жамоа мураббийси бўлганимда, унинг сафида Бруно Контини кўришни хоҳлардим”, дея итальян футболчисига ўз эҳтиромини билдирганди. ”Футбол қироли” Пеле эса “Ватандошларимнинг барчасини бир ерга тўплаган чоғда ҳам Бруно Конти асл бразилияликка кўпроқ ўхшайди”, дея лутф қилганди.

Бу эътирофларнинг сабаби шундаки, Конти тўп билан ажойиб муомалада бўларди. Техникаси юқори эди. Рақиб ҳимоячиларини алдамчи ҳаракатлар билан қойилмақом тарзда ортда қолдирар, тўпни шерикларидан қизғанмасди. Энг қийин паллада жамоаси жонига оро кирарди.Майдонда ўзини аямасди. Охиригача курашарди. Бир сўз билан айтганда, чинакам профессионал эди. Очиғи, Конти давридаги итальян футболи бошқача эди. Ўша кезларда Италияда ҳужумкор футбол намойиш этиш урфга кирган ва бундай ўйинлар мухлисларга олам – олам қувонч, завқ бағишларди. Афсуски, Конти даражасидаги футболчилар ҳар куни туғилавермайди. Балки бу мантиқан тўғри ҳамдир. Акс ҳолда...

1991 йилда Конти футболчилик фаолиятини якунлади. 23 май куни 80 минг томошабин қаршисида ўзининг хайрлашув ўйинини ўтказди. Мухлислар эҳтиромидан мамнун Бруно ўшанда армон билан “Стадионда отамни ҳам кўришни жуда-жуда истагандим”, деганди.

Шундан сўнг қаҳрамонимиз “Рома” клубида ишлади. Она шаҳрида болалар футбол мактабини очди.2005 йилда эса “Рома”ни бошқариб, мураббийлик лицензиясига эга бўлмай туриб, уни Италия кубоги финалига олиб чиқди.Кейин яна қадрдон клуби тизимида ишлашда давом этди.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?