Парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди

19:37 28 Февраль 2020 Сиёсат
185 0

Ялпи мажлисда сенаторлар ота-оналар қаровисиз қолган, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, ушбу парламент сўровига берилган жавоб кўриб чиқилгач, Сенатнинг тегишли қўмитаси томонидан бу йўналишда муайян иш олиб борилганлиги қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича “йўл харитаси”да 2019-2023 йилларда бажарилиши зарур бўлган вазифалар белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага қабул қилаётган номзодларни (фуқароларни) танлашга ва тутинган ота-оналарни тайёрлашга қаратилган тегишли низомлар тасдиқланган. “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларининг 43 нафар раҳбар ходими ҳамда 413 нафар педагог ходими аттестациядан ўтказилган.

Шу билан бирга, бу йўналишдаги қатор камчиликлар ҳам қайд этилди. Жумладан, етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ҳуқуқий ёрдам олиш ва суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқлари етарли даражада таъминланмаган. Етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолганларни “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштириш фақат туман (шаҳар) ҳокимлари ихтиёрида қолиб кетаётганлиги уларнинг келгуси тақдирини белгилашда субъектив ёндашув ҳал қилувчи омил бўлиб қолишига олиб келмоқда. Бу эса кўп ҳолларда етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолганларни патрионат ёки оилалар қарамоғига бериш ишлари самарали йўлга қўйилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бу ва бошқа муаммоларни муҳокама қилиб, сенаторлар бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирди. Энг аввало, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, яъни “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Бунда етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни оилавий ҳамда болалар муассасаларига жойлаштириш тартиби ва шаклларини аниқ белгилаш муҳимдир.

Бундан ташқари, бундай болаларни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат оилавий муассасаларга жойлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш зарурлиги таъкидланди. Бу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?