Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 19 фоизга ошиб, 34,6 млрд долларга етди

20:03 26 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
795 0

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси халқаро захиралари таркиби хусусида маълумот берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси халқаро захиралари бўйича маълумот Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) томонидан тасдиқланган методология (Тўлов баланси ва халқаро инвестицион позиция бўйича қўлланма)га мувофиқ шакллантирилади. Ушбу маълумотлар Марказий банк томонидан мунтазам равишда эълон қилинади.

Захиралар таркибига монетар олтин, чет эл валютаси, чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар, ХВЖнинг маблағ жалб қилишга доир махсус ҳуқуқлари ва захира позицияси ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ халқаро захиралар таркибига киритиладиган бошқа активлар киритилади.

Ўзбекистон Республикаси халқаро захиралари 2020 йил бошига нисбатан 5,4 млрд. АҚШ долларига ёки 19 фоизга ошиб, 1 сентябрь ҳолатига 34,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.

2020 йил бошидан COVID-19 пандемияси оқибатида жаҳон иқтисодиётида инқирозли ҳолатларнинг кузатилиши олтин нархининг 30 фоизгача кескин ошишига сабаб бўлиб, август ойида ўзининг тарихий энг юқори даражасига етди. Олтин нархларидаги бундай кескин ошиш суръати фақатгина 2008 йилдаги молиявий инқироздан кейинги даврда кузатилган.

Табиийки, мазкур қулай шароитдан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан август ойининг ўзида 2,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида олтин экспорти амалга оширилди. Таъкидлаш жоизки, бунда халқаро захиралар таркибидаги олтин миқдорининг камайиши билан бир вақтнинг ўзида валюта активларининг мос равишда ошиши кузатилади. Бу каби амалиёт захираларнинг умумий ҳажми ўзгаришига таъсир қилмайди.

2020 йилнинг ўтган 8 ойи таҳлил қилинадиган бўлса, Марказий банк томонидан 5,8 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги олтин экспорти амалга оширилди. Мазкур валюта тушумининг асосий қисми мамлакатимизда фаолият юритувчи корхона ва ташкилотларга тижорат банклари орқали валюта биржаси савдоларида сотилади.

Қонунчиликка мувофиқ, Марказий банк Ўзбекистон Республикаси халқаро захираларини тўлдириш учун давлатнинг олтин сотиб олишга бўлган устувор ҳуқуқини амалга оширадиган давлат идораси бўлиб, мамлакатда ишлаб чиқариладиган олтиннинг асосий харидори ҳисобланади.

Марказий банк томонидан ишлаб чиқарувчи корхоналардан олтинни харид қилишда тўловлар олтиннинг жаҳон бозорларидаги ўртача нархидан келиб чиққан ҳолда ҳар ойда миллий валютада тўлаб берилади. Ўз навбатида, мазкур маблағлар корхоналар томонидан бюджет олдидаги мажбуриятларни бажаришга ҳамда ишлаб чиқариш ва инвестицион фаолиятини амалга оширишга йўналтирилади.

Бунда Марказий банк томонидан олтиннинг миллий валютада сотиб олиниши иқтисодиётда пул массасининг ошишига ҳамда инфляция даражаси ўсиши хавфининг кучайишига таъсир этиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, 2017 йил сентябрь ойидан бошлаб пул-кредит сиёсатининг макроиқтисодий барқарорликни таъминлашдаги ролини ошириш мақсадида Марказий банк валюта бозорида «нейтраллик» тамойиллари асосида иштирок этади.

«Нейтраллик» тамойилига кўра, ишлаб чиқарувчи корхоналардан сотиб олинган олтин эквивалентидаги валюта маблағлари Марказий банк томонидан ички валюта бозорига йўналтирилади. Бунда қимматбаҳо металларни сотиб олиш натижасида муомалага чиқарилган пул маблағларининг иқтисодиётдаги пул-кредит шароитига таъсирини стерилизация қилиш мақсадида валюта сотиш ҳисобига муомаладан қайтариб олинади. Олтин ишлаб чиқарувчи давлатларда мазкур принципга амал қилиниши пул-кредит сиёсатининг таъсирчанлигини ошириш ва инфляциянинг жиловланишида муҳим аҳамият касб этади.

«Нейтраллик» тамойилининг қўлланилиши натижасида халқаро захиралардаги монетар олтиннинг улуши деярли ўзгаришсиз қолмоқда. Жумладан, олтиннинг улуши 2018 йил 1 январь ҳолатига 50 фоизни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йил 1 сентябрь ҳолатига 54 фоизга етди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?