Ўзбекистонлик эпидемиологлар Хопкинс университети экспертлари билан онлайн мулоқот ўтказди

22:38 21 Май 2020 Жамият
130 0

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва АҚШнинг Жонс Хопкинс университети Саломатлик хавфсизлиги маркази(CHS) экспертлари ўртасида онлайн-консультация бўлиб ўтди. Бу ҳақда юртимизнинг Вашингтондаги элчихонаси маълум қилди.

Маълумот учун, CHS Жонс Хопкинс университетининг Тиббиёт маркази ва Жамоатчилик саломатлиги мактаби тизимига киради. У дунёдаги энг яхши тиббиёт олий ўқув юртлари рўйхатида Гарвард университети тиббиёт мактабидан кейин, иккинчи ўринда туради.

Марказ пандемия билан боғлиқ вазиятни кузатиш ва бутун дунёда онлайн режимида коронавирус тарқалиши харитасини юритиш(Wuhan Coronavirus (2019-nCoV) Global Cases)да иштирок этиб келяпти. Ушбу даргоҳ карантин чораларини олиб ташлаш ва бизнес фаолликни қайта тиклаш, вирусни юқтирганларни тест қилиш ва кузатиш бўйича қатор йўриқномаларни, шунингдек, АҚШнинг серологик (Covid-19га антитаначаларни аниқлаш) тестларини жорий этиш бўйича миллий стратегиясини ишлаб чиққан.
 

Мулоқотда АҚШ томонидан CHS етакчи тадқиқотчиси, Жонс Хопкинс университети юқумли касалликлар тарқалиши устидан назорат қилиш бўйича Кенгаш раҳбари доктор Женифер Нуццо, Ўзбекистон томонидан эса Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Ботиржон Қурбонов, Вирусология илмий-тадқиқот институти директори Эркин Мусабоев, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори Хабибулла Оқилов ва бошқа мутахассислар, минтақамиз давлатларидан шифокорлар ҳамда эпидемиологлар иштирок этди.
 

Суҳбат давомида эпидемиологик назорат, Covid-19 тарқалиши харитасини юритиш методологияси, вирус тарқалишини прогнозлаш ва беморларни кузатиш масалалари муҳокама қилинди.
 

Карантин чекловларини олиб ташлаш шартлари ва тартиблари, иммунитет даражасини аниқлаш учун серологик тестларни қўллаш самарадорлиги, вакциналарни яратиш бўйича тадқиқотлар натижалари ҳам кўриб чиқилди.

Америкалик экспертлар у ёки бу мамлакат билан авиақатновларни қайта йўлга қўйиш истиқболлари бўйича ҳам тавсиялар беришди. Уларнинг фикрича, рейслар борадиган жойдаги вирус тарқалишини баҳолашда юқтирганларнинг мутлақ сонини эмас, балки ҳар 100 минг аҳоли ҳисобига нисбий кўрсаткичларни инобатга олиш мақсадга мувофиқдир.

Доктор Женифер Нуццонинг таъкидлашича, вакцина қилиш воситасида аҳоли иммунитетининг зарур даражасига етиб олгунга қадар вирус тарқалиши давом этаверади. Унинг айтишича, ёз ойида коронавирус тарқалишида танаффус кузатилиши мумкин, бироқ бошқа респиратор вирусларидан фарқли равишда Covid-19 бундай шароитда ўзини қандай “тутиши” ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ. Шу боис кўз фаслида пандемиянинг такрорий авж олишига эътиборни қаратиш ва зарур карантин чораларини кўриш зарур, деди америкалик олим.

Вебинар якунида томонлар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича консультацияларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?