Ўзбекистонда Туркманистон Президенти асарлари тақдимоти бўлиб ўтди

19:18 04 Ноябрь 2019 Маданият
418 0

Фото: Ҳаким Йўлдошев, "Халқ сўзи".

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов асарларида мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва халқ фаровонлигини янада ошириш масалалари” мавзуидаги илмий-назарий конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси аъзолари, таниқли иқтисодчи олимлар, молия ва иқтисодиёт соҳаларининг мутахассислари ҳамда Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари қатнашди.

Анжуманда бугунги кунда Туркманистон замонавий тараққиёт йўлидан дадил одимлаётгани таъкидланди. Туркман қардошларимизнинг мамлакат иқтисодиётини юксалтириш ва халқнинг фаровон ҳаётини таъминлаш борасида эришаётган ютуқлари халқаро доирада ҳам эътироф этилмоқда. Бунда мамлакат Президентининг узоқни кўзлаб амалга ошираётган изчил ислоҳотлари муҳим аҳамият касб этаётир.

Тадбирда Туркманистон Президенти ГурбангулиБердимуҳамедов асарлари тақдимоти ўтказилди.

— Ўзбек ва туркман халқлари азалдан бир дарёдан сув ичиб, яқин дўст ва қўшни бўлиб келган, — дейди Туркман миллий маданий маркази раҳбари ўринбосари Гулдона Авездурдиева. — Тарихи, маданий ва диний қадриятлари, анъана ва урф-одатлари муштарак, тили ўхшаш икки халқ бугун ҳам ўзаро ҳамкорлигу ҳамжиҳатликда ҳаёт кечираётир. Албатта, мамлакатлар ўртасида иқтисодий, маданий-маърифий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари ривожида давлат раҳбарларининг яқин дўстлиги, бир-бирига ҳурмати ва ишончи муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кенг кўламли ҳамкорлик жадал ривожланаётган ҳозирги даврда мана шундай нуфузли анжуманларни ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

ГурбангулиБердимуҳамедовнинг “Туркманистон — фаровонлик ва тараққиёт мамлакати” китобида туркман халқининг тарихи, маданияти, урф-одатлари, шунингдек, аҳолининг фаровон турмуш даражасини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз боради. Асарда қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, транспорт-коммуникация тизимини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратиш лозимлиги чуқур илмий асосланган таҳлиллар асосида кўрсатиб берилган.

“Аркадагнинг бахтиёрлик замони” асарида муаллиф томонидан туркман халқининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини юксалтириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш йўллари илмий жиҳатдан асосланган.

Муаллифнинг “Туркманистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида” китоби бой табиий, кўп тармоқли ишлаб чиқариш ва инфратузилма салоҳиятига эга Туркманистонни комплекс ривожлантириш билан боғлиқ вазифалар қаламга олингани, “Туркманистон қудрат ва саодат даврида” асари мамлакат ва хорижий нашрларда чоп этилган кенг кўламли ва хилма-хил маълумотлар тизимли таҳлил қилингани билан катта ижтимоий-сиёсий, илмий-амалий аҳамиятга эга.

Конференцияда ГурбангулиБердимуҳамедовнинг асарларида Туркманистонинг замонавий тараққиёт асослари илмий-назарий жиҳатдан чуқур таҳлил қилиб берилгани қайд этилди. Ушбу китобларини ўқиш орқали мамлакатнинг бой маданияти, шонли ўтмиши ҳақида, қолаверса, бугунги тараққиётга қандай эришаётгани, бу борада қандай ислоҳотлар амалга оширилаётгани борасида муҳим ва қизиқарли маълумотларга эга бўлиш мумкинлиги алоҳида таъкидланди.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019