Ўзбекистонда 1 октябрдан нималар ўзгаради? ҚҚС, эски автони янгисига алмаштириш, ишончнома, туну кун ишлайдиган кафелар, "прописка"сиз кредитлар...

17:27 26 Сентябр 2019 Иқтисодиёт
2582 0

Мамлакатимизда 2019 йил 1 октябрдан бир қатор янгиликлар кучга киради. Уларнинг орасида ҚҚС ставкасининг пасайтирилиши, ҚҚС бўйича қатор имтиёзлар, яқин қариндошлар ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани мажбурий нотариал тасдиқлашни бекор қилиш ва бошқалар ўрин олган. Қуйида шулар билан таништириб ўтамиз.

“Ўзавтосаноат” trade-in дастурини ишга туширади

Ушбу дастур доирасида автомобиль эгаси ўз автоуловини қўшимча ҳақ тўлаб янгисига алмаштириб олиши мумкин. Компания агар дилерлик марказида танланган автомобиль бўлса, мижоз бир неча соат ичида унинг эгасига айланиши мумкин.

ҚҚС ставкаси камаяди

Жорий йилнинг 1 октябридан қўшилган қиймат солиғи ставкаси (ҚҚС) амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилади.

Бу давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбилари тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилди.

Шунингдек, солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчининг тижорат банкларидаги ҳисобварақлар бўйича операцияларини тўхтатиб туриш бўйича амалдаги тартиб бекор қилинди.

Бундан ташқари, Фармонга кўра 2020 йилги Давлат бюджети лойиҳаси тайёрланишида:

- давлат корхоналари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 12 фоизга тушириш;

- дивидент шаклида тўланадиган даромадларга солиқ ставкасини сақлаб қолган ҳолда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 15 фоиз миқдорида белгилаш;

- қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини бекор қилиш назарда тутилади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб илгари Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказиб келинган ягона солиқ тўлови суммаси Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказилади.

Яқин қариндошлар ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилинади

2019 йил 1 октябрдан — транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинади. Бу давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида кўрсатиб ўтилган(http://lex.uz/ru/docs/4506606).

Шу санадан бошлаб яқин қариндошларни автомобилнинг суғурта полисида кўрсатиб ўтишнинг ўзи кифоя.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун акциз оширилади

“Акциз солиғига тортиладиган айрим маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 октябрдан алкоголли маҳсулотнинг акциз солиғи ставкаси ўрта ҳисобда 10 фоизга, тамаки маҳсулотининг акциз солиғи ставкаси 20 фоизга оширилади.

Барча “автозаправка”лар ва импортчилар ҚҚС тўловчисига айланади

Давлат раҳбарининг “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб:

а) бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъий назар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади;

б) товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъий назар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар. Бунда, товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт;

ҚҚС бўйича қатор имтиёзлар бекор қилинади

Юқоридаги Фармонга биноан, қуйидагилар бўйича қўшилган қиймат солиғидан, шу жумладан импорт қилинганда ҳам, имтиёзлар бекор қилинади:

асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хом ашёси;

соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хом ашё ва шакар хом ашёси;

қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар.

Бу ушбу товарлар нархи ошишига олиб келиши мумкин. Хусусан, Халқаро пресс-клуб томонидан шу йил июль ойида ушбу Фармон муҳокамасига бағишлаб ўтказилган сессияда “Ангрен шакар” заводи вакили ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулот таннархи ошиши мумкинлигини тан олганди()

Ўз навбатида юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

Қолаверса, қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш мақсадида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

UzAuto Motors ҳам ҚҚС тўлашга ўтса-да, амалдаги нархларни сақлаб қолиш учун бор имкониятларини ишга солишини маълум қилганди.

Биринчи ютуқли чек ўйини йўлга қўйилади

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлигининг 2019 йил 1 октябрдан Тошкент шаҳридаги онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим қилинган чеклардаги QR-код ёки фискал белгилар асосида ютуқли ўйинларни ташкил қилиш бўйича тажриба ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йил 1 ноябрга қадар ютуқли ўйинлар ташкил этиш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади. Бу давлат раҳбарининг “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида кўрсатиб ўтилган.

3 фоиз миқдоридаги йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан 2019 йилнинг 1 октябридан эътиборан юртимизда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун Республика йўл жамғармасига амалга ошириладиган 3 фоиз миқдоридаги йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланади(http://xs.uz/uzkr/post/avtomobil-narkhlari-bir-turdagi-tolov-hisobga-olinmaganda-ozgarishsiz-qoldirildi)

Маҳалла раислари маоши ошади

Давлат раҳбарининг “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида (http://xs.uz/uzkr/post/aholi-muammolari-bilan-ishlashda-mahalla-institutining-mavqeini-tubdan-oshirish-chora-tadbirlari-togrisida) фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақи фондини жорий йилда босқичма-босқич 1,5 бараварга ошириш белгилаб қўйилди. Унга кўра, ушбу ходимларнинг ойлик иш ҳақи жорий йил 1 майдан 1,25 бараварга ва 1 октябрдан 1,2 бараварга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

“Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонун кучга киради

“Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонун кучга киради(http://xs.uz/uzkr/post/shakhsga-doir-malumotlar-togrisida).

Гўштга ҚҚС бўйича имтиёз тугайди

2019 йил 1 октябргача бўлган муддатда импорт қилинган гўшт (мол, қўй, товуқ), шунингдек, тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ҳамда уларнинг сўйиш маҳсулотлари ҳам қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди. Бу ҳукуматнинг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган реализация қилиш оборотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига (http://lex.uz/docs/4135021#4137029) ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарорида кўрсатиб ўтилган эди.

1 октябрдан ушбу муддат ўз ниҳоясига етади.

Цемент импорти учун ҚҚС имтиёзи муддати тугайди

Бу қурилиш материаллари ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва бозорда тенг рақобат шароитларини яратиш мақсадида амалга оширилади. Имтиёз цемент клинкерига нисбатан сақланиб қолинади. Аммо у ҳам йил охирида тугайди.

Норма.уз ҳам божхона имтиёзи татбиқ этиладиган товарлар рўйхатидан 2019 йил 1 октябрдан цемент чиқариб ташланиши, бироқ ушбу позицияда имтиёзлар цемент клинкерига нисбатан сақланиб қолиши ҳақида ёзган(https://www.norma.uz/qonunchilikda_yangi/cement_buyicha_bojhona_imtiezi_1_oktyabrdan_bekor_qilinadi).

Шахсга доир маълумотларни манипуляция қилиш учун жарималар кучга киради

Давлат раҳбари томонидан шу йил 8 июлда “Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун” имзоланди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, фойдаланиш, бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш:

- фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан (608 минг 190 сўмдан) 5 бараваригача (1 млн 13 минг 650 сўмгача);

- мансабдор шахсларга 5 бараваридан (1 млн 13 минг 650 сўмдан) 10 бараваригача (2 млн 27 минг 300 сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг содир этилса, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача (10 млн 136 минг 500 сўмгача) жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Мазкур жавобгарлик чоралари 2019 йил 1 октябрдан кучга киради.

Қонун билан Миллий гвардия органлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўрувчи ҳамда суриштирув органлари қаторига киритилган.

Откябрдаги бошқа ўзгаришлар - кафелар туну кун ишлайди, "прописка"сиз кредитлар

Ҳукуматнинг тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига мувофиқ, 2019 йил 15 октябрдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар қуйидаги талаблар бажарилганда туну кун фаолият юритиши мумкин:

-кўрсатилган объектларнинг ички қисмига, шу жумладан, хизмат кўрсатиш хоналари, кириш ва чиқиш жойларига тасвирни камида ўттиз кун давомида сақлаш имкони бўлган видеокузатув тизимини ўрнатиш;

- биноларнинг ён-атрофи, автотураргоҳ ва бошқа тегишли ҳудудни етарли даражада (камида 10 метр масофада) ёритиш;

- бинода шовқин меъёрларига қўйилган талабларга амал қилиш ёки тунги вақтда мусиқа ва товуш кучайтиргич асбоблардан фойдаланмаслик;

- ёнғин ўчириш воситалари ва тиббий ёрдам қутичалари билан таъминлаш;

- ҳамма учун кўринарли жойларга эвакуация чизмаси ҳамда тезкор ва қутқарув хизматларининг телефон рақамлари ҳақида маълумотлар ўрнатиш.

16 октябрдан жисмоний шахслар исталган банкдан кредит олиши мумкин. Бунда “прописка“нинг аҳамияти йўқ.

“Банклар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низом (http://www.lex.uz/docs/3804290)”га киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, 2019 йил 16 октябрдан истеъмолчи-жисмоний шахс яшаш жойидан қатъий назар ўзи танлаган банкка кредит олиш учун мурожаат этишга ҳақли бўлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019