Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот​

20:57 14 Сентябр 2019 Сиёсат
628 0

2019 йил 14 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

​Ялпи мажлис кун тартиби тасдиқланганидан сўнг сенаторлар кўриб чиқилаётган масалаларни муҳокама қилишга киришдилар.

Сенаторлар ишни “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилишдан бошладилар. Таъкидланишича, ҳозирги вақтда 4 та давлат: Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (ТДҲК) аъзолари саналади. Ташкилот таркиби туркий тилли давлатларнинг раҳбарлари Кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллари кенгаши ва Котибиятдан ташкил топган. Котибият Истанбул шаҳрида (Туркия Республикаси) жойлашган.

Ташкилот 2009 йил 3 октябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимига мувофиқ ташкил этилган.

Сенаторлар кейинги пайтда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар, энг аввало, минтақадаги қўшни мамлакатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик чуқурлашиб бораётганлигини қайд этдилар. Бу Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида Ўзбекистоннинг кўптомонлама ҳамкорлигини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.

Бундан ташқари, республикамизнинг Ташкилотга аъзо бўлиши товарлар, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини изчил рўёбга чиқариш, молия ва банк операцияларини соддалаштириш мақсадида савдо-сотиқ ва инвестициялар учун қулай шарт-шароит яратишга, божхона ва транзит тартиб-таомилларини янада соддалаштиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Қўшма қарорини тасдиқлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Сўзга чиққанлар бу масала бутун жамият учун муҳимлиги туфайли унинг Сенат ялпи мажлисида муҳокама этилиши алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Сўнгги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.

Бундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида, шунингдек фуқаролар йиғинларида оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилди, кўплаб тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Бироқ ўрганишлар таҳлили, шунингдек аҳоли билан бевосита ўтказилган мулоқотлар, жамоатчилик вакилларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу соҳада бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганлигини кўрсатди. Хусусан, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимларига катта маблағ сарфланиши туфайли қарзга ботмоқда ва қарзни узиш учун чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда.

Баъзи фуқаролар оилавий тадбирларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошлар танқидидан, умуман олганда, жамоатчиликнинг босимидан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида зиддиятлар пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Сенаторлар кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, бундай ҳолатларга барҳам бериш, аҳоли, айниқса, ёшларда бу масаланинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўғри тушунча ҳосил қилиш мақсадида қатъий чоралар кўриш муҳим эканлигини таъкидлади. Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?