Ўзбекистон лоласи

17:33 29 Август 2019 Маданият
183 0

Ўзбекистон Қаҳрамонлари

Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими Лолахон Муротова мамлакатимизнинг энг таниқли фермерларидан бири сифатида эътироф этилиши бежиз эмас. Боиси қишлоқ хўжалиги соҳасида қарийб қирқ беш йиллик фаолияти мобайнида Лолахон Муротова жуда катта ҳаётий ва илмий тажрибага эга бўлиб, пахтачилик ва ғаллачилик соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритиб келмоқда. 

Лолахон Муротова — қишлоқдошим. У кўз ўнгимда лоладек очилиб, униб-ўсиб келмоқда. Отаси билан жамоа хўжалигида табелчилик килган пайтларимдан яхши таниш эдим. Трактор паркида механик бўлиб ишларди. Лолахон бир ҳовучлигиданоқ отасининг касбига қизиқиб юрарди. Мактаб ўқувчилиги пайтидан трактор минган. Механизаторлар билим юртини тамомлаб, ўз касбининг эгаси бўлиб олди. Қисқа муддатда пахта териш машинасини моҳирона бошқариб, аввал Олтиариқда, кейин эса вилоятда ном қозонди. Ундан кейин ёшлар пахтачилик бригадасига раҳбарлик қилди. Шу-шу ўсишни бошлаб жамоа хўжалигида бўлимни бошқарди. Ширкат хўжалиги раиси бўлди. Фермерлик ҳаракати ташкил топгандан кейин биринчилар қаторида ўзи раҳбар бўлган қумлоқ жойлардан ер олиб, фермерлик қила бошлади. 

Лолахон ерга меҳрини берди. Ер унга бағрини очди. Янги ерларни ўзлаштиришда ҳаммадан фаол бўлди. Ўзи тиним билмади, бошқаларни ҳам тиндирмади. Бир қарасангиз, мутасаддилардан техника сўраган, бир қарасангиз, фермерликда янги ташаббусларни илгари сурган. Шуниси эътиборлики, талабчан ер эгаси бўлиш билан бирга, Лолахон ишчиларга ғамхўрлик қилишни ҳам, уларни ишлатишни ҳам билади. 

У — ҳақиқий деҳқон қизи. Ер билан таллашади. Баъзи томорқачилар ўзининг 10 сотихли хўжалигини эплолмаслиги мумкин. Лекин Лолахон юзлаб гектар ерларининг қайси жойида қандай экин яхши унади, майдон қанча ҳосил кўтара олади, шўрланган жойлари қаер — ҳаммасини беш бармоғидек билади.

Дала — Лолахоннинг гўё иккинчи уйи. У меҳнатни севади. Зар қадрини заргар билганидек, ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга интилади. Мана, шу хислатларини билган олтиариқликлар бундан 10-15 йил аввал Лолахонга энди қахрамонлик берилса керак, деб юришарди. Мана, ўша яхши ниятлар рўёбга чиқди: Президентимизнинг 28 августдаги Фармонига мувофиқ, Лолахон Муротовага “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди. Бу ниҳоятда адолатли иш бўлди. Лолахон шу пайтгача кўп эзгу ишлар қилди. Ушбу юксак унвон унга катта рағбат бўлиб, янги-янги қаҳрамонликларга ундаши тайин. 

Анвар ОБИДЖОН,

Ўзбекистон халқ шоири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019