Ўзбекистон коронавирусдан холи мамлакат сифатида қўшимча туристларни жалб этишни режалаштирмоқда

10:09 28 Февраль 2020 Welcome to uzbekistan
264 0

Фото: Спот

Ўзбекистон коронавирусдан холи деган мақомга эга мамлакат сифатида қўшимча сайёҳларни жалб этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг режалаштириш ва инсон ресурсларини ривожлантириш масалалари бўйича департамент бошлиғи Шуҳрат Исақулов маълум қилди.

“Ўйлашимизча, коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли туристлар сони, хусусан, Хитойда маълум миқдорда камаяди. 2019 йил якунларига кўра ХХРдан Ўзбекистонга қарийб 64 минг сайёҳ келганди, жорий йилда биз 98 минг нафарни прогноз қилган эдик. Аммо кўриниб турибдики, ушбу кўрсаткичлар паст бўлади”, — деди у.

Аммо бунинг ўзига яраша плюс томони ҳам бор экан.

“Ўтган йилда Хитойга 36 миллион турист борган. Ушбу оқимни омилкор маркетинг сиёсати билан тортиш мумкин. Буни бугунги кунгача коронавирус билан боғлиқ бирор ҳолат рўй бермаган ва коронавирусдан холи давлат сифатида амалга ошира оламиз”, — деди у.

Ш.Исақулов мазкур эпидемия ҳозирда бутун дунё жамоатчилигини хавотирга солаётгани, бундай инқирозлар эса туризм индустриясига таъсир этишини айтиб ўтди.

“Одамлар бугун ўз саломатлигидан хавотирланмоқда ва сафарларни қисқартиришяпти. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси эпидемияга оид илк хабарлар пайдо бўлиши билан зарур чора-тадбирларни қабул қилди ва маҳаллий туроператорларга фуқароларимизни Хитой ҳамда бошқа хатар зоналарига юборишни тўхтатиш тўғрисида огоҳлантиришлар юборди. Бундан ташқари, коронавирус тарқалиш эҳтимолининг олдини олиш мақсадида 1 февралдан Хитой билан парвозлар тўхтатилди”, — дея таъкидлади у.

Эксперт ҳукумат даражасида шу бўйича Республика комиссияси тузилгани, ушбу йўналишда тизимли тадбирлар қабул қилинганини қўшимча қилди. Масалан, аэропортларда тепловизор воситасида келувчиларнинг мониторинги йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 53 та санитар-карантин пункти очилган бўлиб, у ерда хатар зоналаридан келган шахслар 14 кунлик карантинга жойлаштирилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019