Ўзбекистон дипломатлари ватандошлардан буюк Ғалабанинг 75 йиллигини нишонламасликни сўрагани ҳақидаги хабарлар асоссиз

17:48 18 Май 2020 Сиёсат
205 0

Интернетдаги ахборот манбаларида Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси ходими “Ватандошларни Ғалаба кунини нишонламасликка чақирди“ ва “Дипломатик жанжални қўзғатди“ деган мазмундаги фикрлар тарқалди. Ўзбекистон Бош консулхонаси ушбу мазмундаги маълумотларга расмий муносабат билдириб, интернет сегментида тарқалган бу зайл маълумотлар асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини қайд этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

“Бош консулхона дипломатлари бу каби чиқиш қилмаган ва ўзбек диаспораси вакилларини фашизм устидан қозонилган Ғалаба кунини нишонлашдан воз кечишга чақирмаган.

Масалани ойдинлаштириш учун Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Екатеринбургдаги ваколатхонаси билан боғланган. Ваколатхона ҳеч қандай дипломатик можаро ҳақида сўз бўлиши мумкин эмаслигини маълум қилган.

Шуни таъкидлаш жоиз, Иккинчи жаҳон урушидаги буюк Ғалабанинг 75 йиллиги бизнинг умумий байрамимиз бўлиб, уни қувонч ва кўзда ёш билан эслаймиз. Шу кунларда биз, аввало, ўз ватанлари учун жонини фидо қилган барча жангчилар хотираси шарафига бош эгамиз, оталаримиз ва боболаримизга, шунингдек, меҳнат фронти қатнашчиларига, оналаримиз ва бувиларимизнинг жасорати ва журъати учун чексиз миннатдорлик билдирамиз.

Жорий йил 9 май арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўзаро табрик алмашдилар, икки мамлакат халқларига самимий тилакларини йўлладилар. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Иккинчи жаҳон урушидаги буюк Ғалабага ҳисса қўшган жангчилар хотираси абадийлаштирилган Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғи ва “Шон-шараф музейи”нинг очилишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

Пандемия билан боғлиқ вазият сабаб жорий қилинган қатъий карантин чораларига қарамасдан Ўзбекистонда буюк Ғалабанинг 75 йиллиги байрам тантаналари ўтказилди. Ана шундай бир шароитда Ўзбекистон дипломатларининг диаспора вакилларига Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабани нишонламасликни таклиф қилгани ҳақидаги хабарлар асоссиз ва мантиққа зид экани яна бир бор ойдинлашади”, дейилади муносабатда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?