Ўзбек тили — буюк маданиятга эга халқнинг тили — мисрлик олима

11:04 22 Октябр 2020 Жамият
186 0

Мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонасида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 31 йиллигига бағишланган ижодий кеча ташкил қилинди, деб хабар берди «Дунё» АА.

Тадбирда Миср олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, хусусан, Айн Шамс университетининг филология фанлари доктори, профессор Магида Махлуф, Қоҳира университетининг Шарқ тиллари кафедраси мудири, филология фанлар доктори, профессор Жалол ас-Саид ал-Хафнави, Ахборот ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори, сиёсий фанлар доктори Аҳмад Таҳир, Осиё мамлакатлари бўйича тадқиқотчи олим Аҳмад Абдо Тарабик, шунингдек, Миср – Ўзбекистон дўстлик жамияти фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, МАР олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар иштирок этди.

Ижодий кечада Ўзбекистоннинг Мисрдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 10 апрель куни «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонунни имзолагани, ҳуқуқий ҳужжат билан 21 октябрь куни юртимизда байрам деб эълон қилинганини алоҳида қайд этди.

– Ота-боболаримиз асрлар давомида она тилимиз ёрдамида жаҳонга ўз сўзини айтиб келган ва шу тильда буюк маданият намуналарини, беназир илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратган, – деди О.Усмонов. – Ҳозирги кунда дунёда 50 миллион нафарга яқин инсон ўзбек тилида сўзлашади. Ўзбек тили Миср, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Швеция, Россия, Украина, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон каби давлатларнинг 65 га яқин университет ва 100 дан зиёд мактабларида ўқитилмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий изланишлар олиб бораётган чет эллик олим ва тадқиқотчилар сони йил сайин ортмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, Қоҳира университетининг Шарқ тиллари кафедраси мудири, профессор Жалол ас-Саид ал-Хафнавийга ўзбек тилини Қоҳира университети ўқув дастурига киритишдаги ташаббуси учун миннатдорлик билдирамиз.

Қайд этиш жоиз, Айн Шамс университетининг филология факультети профессори, доктор Магида Махлуф хоним «Бобурнома» асарини турк ва ўзбек тилидан араб тилига таржима қилиш учун йигирма йил давомида изланишлар олиб борди. Шунингдек, Осиё мамлакатлари бўйича тадқиқотчи олим Аҳмад Абдо Тарабик ҳам «Ўзбекистон ва ислом цивилизацияси ўчоқлари» номли китоб тайёрлаб, уни нашр қилди. Миср ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдураҳмон Ал-Хамиси эса икки жилдлик «Ўзбек халқ эртаклари» китобини қайта чоп этди. Тадбирда мисрлик олимларнинг ушбу саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди.

Профессор Магида Махлуфнинг қайд этишича, “Ўзбекистон халқи мисрликлар қалбидан алоҳида ўрин олган. Зеро, икки халқ ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Хусусан, ўзбек халқи вакиллари Мисрда яшаб, Тулунийлар ва Ахшидийлар давлатчилигига асос солган ва шу заминда ижод қилган. Шу ўринда Нил сатҳини ўлчашда ишлатилган Ал-Фарғоний меҳнатини миннатдорлик билан ёдга олиш ўринли.

Ўзбек халқи тарихи мени ўзига ром этгани учун «Бобурнома»ни таржима қилишга киришдим.

Ўзбек тили ҳақида сўз юритганда, «Қутадғу билик» асарининг бир нусхаси ва албатта Алишер Навоийнинг шеърий девонлари Қоҳирадаги Китоблар ва миллий архивлар уйида сақланишини эслаш жоиз. Мисрда бу китоблардан яқин давргача фаол фойдаланилган. Ўзбек тили – буюк маданиятга эга халқ тилидир. Унда жаҳон тамаддуни ривожининг юксак намуналари ўз ифодасини топган”.

Тадбирда Қоҳира университети магистранти, ёш олима Ҳабиба Муҳаммад сўзга чиқиб, барчани ўзбек тилида қутлади. Ўзбек тилининг ривожланиш тарихи, унинг морфологик хусусиятлари бўйича олиб бораётган изланишлари натижалари ҳақида маълумот берди.

Ижодий кечада Осиё мамлакатлари бўйича тадқиқотчи олим Аҳмад Абдо Тарабик «Ўзбекистон ва ислом цивилизацияси ўчоқлари» номли китобини тадбир иштирокчиларига тақдим этди.

Китобнинг «Ўзбекистон ислом цивилизацияси бешиги» деб номланган бобида мамлакатимиз тарихи, географик жойлашуви, аҳолиси ва тили, шунингдек, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Термиз, Хоразм каби тарихий шаҳарлар ҳақида илмий манбаларга асосланган маълумотлар келтирилган. Китобнинг иккинчи бобида дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган мамлакатимиздан етишиб чиққан буюк алломалар – Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад ал-Фарғоний, Ибн Сино, Алишер Навоий ҳаёти ва улар ижодий фаолиятларига алоҳида ўрин берилган.

Ҳаётга бўлган муносабат эртак ва ҳикояларнинг асосий мавзуларидан биридир. Миср ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдураҳмон ал-Хамисий араб тилида нашр этилган «Ўзбек халқ эртаклари» китобида ҳам айни жиҳатлар ўз аксини топган. Муаллифнинг ушбу китоби билан танишган инсон икки мамлакат халқлари оғзаки ижоди бир-бирига ўхшаш эканига ишонч ҳосил қилади.

Байрамда, шунингдек, Миср Араб Республикаси Президентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, элчи, доктор Файза Абу Нага (2003-2011 йилларда Миср халқаро ҳамкорлик вазири, Ўзбекистон-Миср Ҳукуматлараро қўшма комиссия ҳамраиси) ва Мисрнинг янги тайинланган Ўзбекистондаги элчиси Амира Фаҳмийларнинг самимий табрик ва қутловлари ўқиб эшиттирилди.

Файза Абу Нага ўз мактубида Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг мамлакатимизга ташрифи юқори савияда ташкил этилганини эслаб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган самарали, конструктив руҳдаги мулоқотлар ва юқори даражада имзоланган ҳужжатлар ҳозирги кунда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг барча соҳалардаги ривожи учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётганини қайд этди. Байрам муносабати билан Ўзбекистон халқига эзгу тилакларини изҳор этди.

Ўз навбатида, Мисрнинг янги тайинланган Тошкентдаги элчиси Амира Фаҳми мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги даражага олиб чиқиш, иқтисодий, инвестициявий, гуманитар ва бошқа соҳаларда алоқаларни янада мустаҳкамлаш ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?