“Орзу” кемасига хорижлик меҳмон 5 минг АҚШ доллари билан харидор бўлди

17:06 13 Сентябр 2019 Маданият
802 0

Хабарингиз бор, айни кунларда Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтмоқда ва унда бағдодлик уста ҳунармандлар ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этишяпти. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўрдаолди майдонида миллий ҳунармандчилик анъаналари асосида тайёрланган маҳсулотлар кўргазмасининг энг гавжум нуқтаси –тадбиркор Мирзаолим Турсунов ва ҳунарманд Бахтиёр Шерматов учун ажратиб берилган жой бўлиб турибди.

Ёғоч ўймакорлиги йўналишида ишланган катта-кичик антиқа елканли кемалар машҳур фильмларни ёдингизга солади. Улардаги энг майда деталлар ҳам юксак дид ва маҳорат билан ишланган. Шу яқин атрофдан ўтаётган киши борки, устанинг истеъдодига қойил қолмоқда. Ҳашаматли кемалар фонида суратга тушиш истагида бўлганларнинг саноғи-ю адоғи кўринмайди.

Мирзаолим Турсунов ҳарбий хизматни Санкт-Петербург шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида ўтаган. Бу ҳарбий қисм аскарларига Эрмитаж – тасвирий ва амалий санъат музейини қўриқлаш топширилган ва суҳбатдошимиз тақдирнинг бундай сийловидан ҳалигача миннатдор.

– Эрмитаж ўз салобати билан, минглаб экспонатлари билан мени маҳлиё қилганди, – дея эслайди М. Турсунов. – Мен ўша ерда тарихга меҳр қўйдим ва дунё халқлари ўтмиши билан боғлиқ кўплаб китобларни варақладим. Хизматим якунланиб, қишлоққа қайтганимдан сўнг ноёб асори-атиқаларни тўплай бошладим. Орадан ўтган 30 йил мобайнида 500 дан ортиқ турдаги миллий ҳунармандчилик намуналарини шахсий коллекциямда жамлашга муваффақ бўлдим.

Мирзаолим Турсуновнинг ҳунарманд Бахтиёр Шерматов билан танишиши ажойиб бўлган. Туман марказидаги дўконлардан бирида сотувга қўйилган антиқа кемачани кўрган Мирзаолим акада янгича ғоя туғилди. Сўраб-суриштириб, унинг устасини топди. Бахтиёр ака камгап, қўни-қўшни билан ҳам кўпда мулоқот қилавермайдиган инсон. Мақсадини тушунтирди, ниятини рўй-рост айтди: “Пул, ғоя, ривожлантириш – мендан; меҳнат, сабр-тоқат ва келажакка ишонч – сендан!”

Тадбиркор ва ҳунарманднинг ҳамкорлиги тез орада мева бера бошлади: улар ёғоч ўймакорлиги асосида совғабоп буюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди. Дастлаб кичик ўлчамда кемачалар ясашди ва улар салмоқли пулга сотилди. Аста-секин чор тарафдан буюртмалар кела бошлади ва Мирзаолим ака энди катта ўлчамдаги маҳсулотлар тайёрлашни, бу орқали ҳамма-ҳаммани лол қолдиришни режалаштирди. Бундан илҳомланган ҳунарманд Бахтиёр Шерматов уч ой деганда узунлиги салкам 4,7 метр, баландлиги 3,5 метр келадиган елканли кема ясади. Унга “Орзу” дея ном беришди.

– Иккимизнинг ҳам орзуимиз, мақсадимиз бир, – дейди Мирзаолим ака, - одамларга эзгулик улашиш! Эътибор беринг-а, елканнинг таянч нуқтасида дур-жавоҳирларга тўла сандиқ, сал юқорида эса гулғунча тасвирланган. Бу – дунё бойликлари бир кун тубсизликка ғарқ бўлади ва қалбингда асраганинг – гулғунча билан ёлғиз қоласан! Шундай экан, бошқарувингда бўлган ҳаёт кемаси чамбарагини қўлингда маҳкам тутгинки, довулларга дош берсин, дегани. Маҳсулотларимизни мана шунақа фалсафий фикрлар билан бойитганмиз.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, “Орзу” айнан I Халқаро ҳунармандчилик фестивали учун тайёрланган. Хорижий сайёҳлардан бири уни 5 минг АҚШ долларига сотиб олиш истагини билдирган, лекин Мирзаолим ака фестивал якунланишини кутишни лозим топди.

– Ишонч билан айтишим мумкинки, “Орзу” кўргазмамиз гултожи бўлиб, кўпчиликни мафтун қилиб турибди, – дейди у фахр билан. – Фестивал бошланганидан бери мингга яқин одам ҳар тарафдан келиб, айнан “Орзу”нинг фонида суратга тушиб кетди. Харидорга сотиб юборсам, бу маҳсулотимизнинг дарагини эшитиб, уни кўриш умидида келганларга нима дейман?! Фестивал бошидан буён 10-15 та буюртма олдим. Айтишим мумкинки, бу фестивал бизни кашф этди!

Элёржон ЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Хурсандбек Араббоев олган суратлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019