Ўқувчиларни касбга йўналтириш муаммолари нега бартараф бўлмаяпти?

11:27 11 Сентябр 2019 Жамият
148 0

Меҳнат инсоннинг ҳаётида муҳим ўрин тутибгина қолмай, турмушни меҳнатсиз, яратувчиликсиз тасаввур этиб бўлмайди. Меҳнат тарбияси тарбиянинг мағзини, мазмунини ташкил этади. Барча халқларнинг энг илғор анъаналари меҳнат жараёнида пайдо бўлиб такомиллашади. Меҳнат анъаналарининг таянчи сифатида ёшларни ҳаётга, ижтимоий меҳнат фаолиятида иштирок этишга тайёрлаш ҳам муҳим роль ўйнайди.

Президентимизнинг “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига биноан умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари (ЎИЧМ) ёшларимизни касбга ўргатиш вазифасини лозим даражада бажармаганлиги сабабли ҳақли равишда тугатилмоқда.

Нега? Чунки, айрим ҳудудларда ташкил этилган ЎИЧМ билан бириктирилган мактаблар ўртасидаги масофа ўртача 8-12 км, баъзилари 40 км масофагача узоқликда жойлашган эди. Бу эса ўз навбатида транспорт қатновида ҳам муаммоларни келтириб чиқарарди.

ЎИЧМларидаги яна бир салбий ҳолат бу, педагог-ходимларнинг етишмаслигида эди, яъни айрим касблар бўйича жойларда номутахассис кадрларга ўқув юкламалари асоссиз равишда белгиланди ёки умуман дарслар ўтилмаган ҳолатлар ҳам кузатилди.

Бундан ташқари, ЎИЧМда касблар бўйича моддий-техник база талабга жавоб бермас эди. Айрим ЎИЧМларида “Қандолатчилик”, “Миллий таомлар ошпази”, “Сартарошлик”, “Шиномонтажчи”,“Мебель ишлари устаси”, “Дурадгор” ва бошқа касблар бўйича зарур жиҳозлар бўлмаганлиги, мавжудлари ҳам маънан эскирганлиги сабабли барча касбий фанлар ва амалий машғулотлар фақат аудиторияларда назарий шаклда олиб борилиши, ўқувчиларнинг касбга бўлган қизиқишлари ҳамда дарс машғулотларига қатнашиш давоматларига салбий таъсир кўрсатиб келди. ЎИЧМларида педагог-ходимлар томонидан “Тикувчилик” касби бўйича қўл тикув машиналари, “Миллий таомлар ошпази” бўйича “қозон-капгир” келтирилганлиги ҳам кузатилди. Республика бўйича ўқувчиларнинг амалий машғулотларни бажаришлари учун хомашё материаллари ажратилмаган эди. ЎИЧМларида имкониятга қараб, ўқувчилар ўзлари билан олиб келган материаллар ҳисобидан ёки пул йиғиб амалий машғулотлар ўтказиб келинар эди. Аммо давр талабидан келиб чиқиб, ҳозирги кунда бу тартиб асосидаги таълим тизими талабга жавоб бермаслиги ҳеч кимга сир эмас.

Бугунги кунда мамлакатимизда узлуксиз таълим тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири ёшларни чуқур билим олишлари, истеъдодларини рўёбга чиқаришда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу билан биргаликда уларнинг мустақил ҳаётга тайёрлаш кўникмаларини ҳам шакллантириб бориш таълим тизимининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Айнан шунинг учун замонавий билим олиш билан бир қаторда ўқувчи ёшларда ҳаётий кўникмаларни шакллантириб бориш, оддий қилиб айтадиган бўлсак, ёшларни касб танлашга, уларни ижодий фикрлашга, ёки конструкцион буюмлардан материаллар ясаш, оддийгина электр чироғи патронини ўрнатиш, уйдаги сув тармоқлари тизимлари тўғрисида, шунингдек, оддий ёғочга ишлов бериш, уй рўзғорда кичик таъмирлаш ишлари ва ҳоказолар каби ҳаётий касбий кўникмаларни тўлиқ етказиб беролмаётганлигимиз ҳеч кимга сир эмас.

Биз ёшлар тарбиясида “Технология” фанига ҳаётий эҳтиёж сифатида қарашимиз билан ўқувчини бетартиблик ва дангасалик касалликларига чалинишини олдини олибгина қолмай, унинг келажакдаги маълум бир касб эгаси бўлишига замин яратамиз. Акс ҳолда ўсиб келаётган ёш авлод ўз ҳолига ташлаб қўйилганда меҳнатга бўлган табиий интилиши сўнади ва ўз меҳнатидан қаноат ҳосил қилишни эса ўйин-кулгидан қидира бошлайди. Ўйин-кулгида ривожланган эҳтиёж меҳнатга бўлган табиий эҳтиёжни батамом сиқиб чиқариши моддий ва маънавий қашшоқликка олиб келади.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган 9 500 дан ортиқ умумий ўрта таълим мактабларини ҳар йили 500 000 га яқин ўқувчи-ёшлар битириб, уларнинг 10-15 фоизи таълимнинг кейинги босқичларида (олий таълим муассасаларида) ўқишларини давом эттиришади. Қолган 85-90 фоиз битирувчилар ўзларининг меҳнат фаолиятларини бошлашлари ёки профессионал таълим муассасаларида касб-ҳунар ўрганишлари учун умумий ўрта таълим мактабларида ўқитилаётган “Технология” фанига ажратилган соатлар ҳажми, ўқув дастури мазмунини хорижий мамлакатларнинг таълим дастурлари асосида тубдан қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштиришни тақозо қилади.

Бугунги кунда умумий ўрта таълим мактабларининг юқори синфларида ўқитилаётган ушбу фан дастури мазмуни ўқувчиларга дастлабки ҳаётий касбий кўникмаларни эгаллашлари учун талабга жавоб берадими?

Ушбу долзарб йўналишда хорижий мамлакатлар таълим тизими қандай йўлга қўйилган?

Умумий ўрта таълим мактабларининг юқори синфларида (10-11-синфлар) ўқитилаётган “Технология” фанининг ўқитилиши бўйича бир қатор хорижий мамлакатларнинг, жумладан, Россия, Беларус, Германия, Болгария, Қозоғистон каби давлатларнинг тажрибалари қиёсий таҳлил қилинди.

Ўрганилган 16 та мамлакатларнинг умумий ўрта таълим мактабларида “Технология” фани мажбурий фан сифатида ўқитилиб, йиллик режадаги фаннинг улушидан 7 фоиздан 12 фоизгача соатлар ҳажми белгиланган. Жумладан, Германияда 11 фоиз, Италияда 7 фоиз, Болгарияда 9 фоизни ташкил этса, ушбу кўрсаткич Ўзбекистонда 5-9-синфларда 5 фоизни ташкил этади, холос.

Шу билан биргаликда ўқувчи ёшларга касб кўникмаларини шакллантириб боришда айрим ривожланган мамлакатларда жумладан, Финляндия, Австрия, Латвия, Норвегия, Россия, Туркия каби давлатларда қўшимча равишда “Амалий ва касбий кўникмалар” номли фан ўқитилиши йўлга қўйилган бўлса, Ўзбекистонда “Технология” фани ўқув дастури мазмунига 6 соатлик “Касб танлашга йўллаш” мавзулари билан чегараланиб қолинган.

Шунингдек, хорижий мамлакатлардан Жанубий Кореяда умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув режасида “Технология” фани 5-6-7-синфдан бир ўқув йилига 68 соатдан, 8-9-10-синфларда 102 соатдан ажратилган.

Россияда эса “Технология” фани 8-9-синфларда ҳафтасига 1 соатдан йилига 36 соат, шунингдек, 10-синфда 36 соат, 11-синфда 34 соат дарс ўтилса, 10-11-синфлар учун ўқув режада “Касбий истиқболга эришиш технологияси. Меҳнат бозорида самарага эришиш” фани ҳам мавжуд бўлиб 10-синфда 36 соат, 11-синфда 34 соат ўқитилади. Бундан кўриниб турибдики, 10-11-синфларда “Технология” ва “Касбий истиқболга эришиш технологияси. Меҳнат бозорида самарага эришиш” фанлари йилига 70 соатдан 140 соат жами 2 йилда 280 соат касбий таълимга йўналтиришга ажратилган.

Беларусда умумий ўрта таълим мактабларида “Меҳнат таълими” 8-9-синфларда ҳафтасига 1 соатдан, 10-11-синфларда эса ҳафтасига 6 соатдан умумтаълим фанлар ҳамда қобилиятини ривожлантиришга қаратилган ўқувчилар учун махсус маданият ва санъатга чуқурлаштирилиб ўқитиладиган мактабларнинг махсус фанларидан факультатив соатлар асосида ҳам ўқитилади.

8-9 синф ўқувчилари учун касбга йўналтириш, 10-11-синф ўқувчилари учун касб-ҳунарга тайёрлаш босқичлари асосида амалга оширилади.

Бунда 8-синф ўқувчилари ҳафтасига 2 соатдан, 9-синф ўқувчилари ҳафтасига 4 соатдан, 10-11-синф ўқувчилари учун ҳафтасига 6 соатдан (2 соат назарий, 4 соат амалий) касбга йўналтириш факультатив соатлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўқувчи ёшларга мустақил ишлаш кўникмаларини ривожлантириб бориш мақсадида Россияда “Технология” фани ўқув дастури мазмунига “Конструкцион буюмлардан материаллар ясаш” (22 соат), “Чизмачилик ва графика” (10 соат) каби мавзуларни ўқитиш орқали касбий кўникмалари шакллантирилса, Беларус мактабларида эса ”Веб-сайтларни яратиш ва конструкциялаш” (6 соат), “Тадбиркорлик асослари” (10 соат) каби мавзулар, Қозоғистонда “Ёғочга қўлда ишлов бериш” (7 соат), “Металларга қўлда ишлов бериш” (8 соат) каби мавзуларни ўқитиш орқали касбга йўналтириш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистонда эса “Технология” фани 8-9-синфлар учун ҳафтасига 1 соатдан ўқитиш йўлга қўйилган бўлиб, 10-11-синфларда эса жорий этилмаган.

Ривожланган хориж мамлакатлари тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон умумий ўрта таълим тизимида 10-11-синф ўқувчилари учун “Технология” фанини киритиш ҳамда унга ҳафтасига камида 2 соатдан жами 136 соат ажратиш, ўқув дастурларини тубдан қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Г.Жабборова, А.Очилов

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимлари


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019