Онлайн нашримизда қаровсиз ҳолда ётгани танқид қилинган Бухородаги ноёб ёдгорлик таъмирланмоқда

15:02 30 Июнь 2020 Жамият
510 0

Гапни бундан бир неча ой муқаддам "Халқ сўзи" online”да эълон қилинган танқидий мақоладан иқтибос келтириш билан бошламоқчимиз

“Буюк аждодимиз Муҳаммад Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарида ёзилишича, турк ҳоқони Арслонхон шаҳарга яқин жойда номозгоҳ қилишга буйруқ берган. Натижада 1119 — 1120 йилларда Намозгоҳ қуриб битказилган. Бу ерда Ийд намози ўқилган. Байрам қилинган. Ён-атрофи боғ-роғ, жуда хушманзара бўлган. Бинобарин, Намозгоҳ 900 йиллик тарихга эга. Бунақанги узоқ ва бой тарихга эга обидалар дунёнинг ҳамма жойида ҳам учравермайди. Лекин Намозгоҳнинг бугунги аҳволини кўрган киши ёқа ушлаши тайин. Салобатли иморат қаровсизлик оқибатида нураб бормоқда. Унинг минбари, меҳроби, супаси, ҳовузи, нураган деворларини кўрган киши бу обиданинг эгаси борми, деган мулоҳазага бориши тайин. Тутдек тўкилиб бораётган тарихий обидага боқаркансиз, мабодо Намозгоҳнинг тили бўлганида оҳи-ноласи дунёларга сиғмас эди, деб юборасиз. Пештоқидаги қадимий битиклар кўчиб тушганини айтмайсизми?!”

Халқимизда "Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади", деган гап бор. Бухоронинг энг сўлим ва замонавий қиёфа касб этиб бораётган гўшасида жойлашган Намозгоҳнинг таъмирталаб ҳолда эканлиги ёшу қарига аён эди. Ниҳоят, бу қадимий ёдгорликни асраб-авайлаш мақсадида таъмирлаш-тиклаш ишларига киришилди. Бу юмушни "Усто Ширин Муродов" масъулияти чекланган жамиятининг малакали усталари бажаришмоқда.

Масжид айвони, деворлари, супаси таъмирланяпти. Ён-атрофи ободонлаштириляпти. Муҳими, бу ерда вилоят Маданий мерос бошқармаси ташаббуси билан очиқ осмон остида музей ташкил этиш режалаштириляпти. Намозгоҳ ҳудудида қадимий ашёлар, осори- атиқалар кўргазма сифатида қўйилади. Ўз навбатида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан "Ёшлар боғи" барпо этилади. Агар бу ниятлар рўёбга чиқса, Намозгоҳнинг ёш авлодни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги қадр- қиммати янада ошади, у сайёҳлар ошиқадиган гўшага айланади. Асосийси, мақсадни тўла-тўкис рўёбга чиқаришдир.

Мақоламизни эса Намозгоҳ пештоқидаги ушбу муқаддас битик билан тугатмоқчимиз: ”Пайғамбар (у Зотга салом бўлсин) айтдилар: "Ишни пухта-пишиқ бажарган кишини Аллоҳ яхши кўради". (Аллоҳнинг) элчиси рост сўзлади”.

Истам ИБРОҲИМОВ,
"Халқ сўзи"
 

Ёдгорликнинг аввалги ҳолати қандай эди?
 


Таъмирлаш жараёнлари қандай олиб бориляпти?
 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?