Онгли равишда халқимизни онгсиз қилмайлик

10:12 06 Август 2019 Жамият
3844 0

Иллюстратив фото

Мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллигига бағишланган мақоламизда сўнгги уч йилда давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётида юз берган тарихий ўзгаришларни узоқ ва яқин ўтмишимизга қиёслаб, атрофлича таҳлил қилишни ният қилган эдик.

Биз, озми-кўпми билган, ҳаётий ва сиёсий тажрибаси етарли бўлган юртдошимиз Мурод Муҳаммад Дўстнинг сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларидаги баъзи фикрлари биз ҳозирча четлаб ўтмоқчи бўлган жуда нозик мавзуга қўл уришга мажбур қилди.

Ҳокимият учун курашдаги муваққат байроқ

Уч ярим ой бурун ЎзАда эълон қилинган мақоламиз — “Тил — эл — феъл”да бундан ўттиз йил аввал “Давлат тили ҳақида”ги Қонун билан боғлиқ ҳамма машмашалар ва унинг “кучга кириши” шунчаки бир сиёсат бўлмаганмикан, ҳокимият учун курашаётган томонлар қўлида бир ол байроқ вазифасини ўтамаганмикан, деган саволни бежиз ўртага ташламаган эдик.

Бу жамоатчилик, айниқса, зиёлиларимизнинг фикрини билиш ниятида қилинган синов эди. Бироқ биров ғинг дегани йўқ. Ҳолбуки, биз ўшанда расмий ҳокимиятнигина эмас, ўзларини ўзбек миллатининг “жонкуярлари” сифатида кўрсатиб, яккаҳукмдорлик тузумини бошдан кечирган барча халқлар учун, одатда, ёқимли бўлмиш “мухолифат” тамғаси билан “жонбозлик” кўрсатганларни ҳам кўзда тутгандик: ўтган йиллар ичида улардан қайсилари ўзбек тили бўйича қайғурди? Бу борада қалашиб ётган муаммоларни на ўзимизда, на ташқарида кўтариб чиқдилар! Ахир уларнинг кўпчилиги “зиёлилар” эди-ку!

Нега шундай бўлди?

Фикримизча, бири мўлжалидагини қўлга кирита олмагани учун, тилни-ку қўя турайлик, юртдан ҳам юз ўгириб кетди, бошқа бири турли чекловлар остида кун кечиришга мажбур бўлди. Яна бир гуруҳининг эса муросаю мадора, “майдалаб ют” қабилидаги азалий сиёсий ўйинлар эвазига эришган мавқеларини кўзлари қиймади.

Тил, пахта яккаҳокимлиги, олтин ва бошқа табиий бойликларимизни ўзимизда қолдириш сингари мавзулар ҳокимият учун курашдаги муваққат байроқ эди, холос. У ёки бу даражада “иш битиб, эшак лойдан ўтгач”, эл ҳам, юрт ҳам эсдан чиқди-кетди, кимларнингдир “итининг туваги тиллодан” бўлса бўлгандир, бироқ содда ўзбекнинг эски шаҳри янги бўлмагани майли, синч ёки пахса уйининг чироғини пул тўлаб ҳам ёқолмайдиган бўлиб қолди. Қани энди, ўшанда кечаги “жонкуярларни” кундузи шам ёқиб топиб бўлса!

Маданий мерос 
муаммоси ва «тепа»дан берилган дакки

Бугун ҳар ким билган-билмаганини айтиши мумкин. Чунки биз эркинмиз! Фикрда, зикрда, бир сўз билан айтганда, қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай ҳаракатимизда! Ўн-ўн беш йиллар аввал қадимий шаҳарлардан бошқа ҳудудларда маданий мерос объектларининг жуда кўпчилиги аянчли аҳволдалиги ҳақида “Народное слово” газетасида “чиқиб кетган” мақола учун Хуршид Дўстмуҳаммад икковимиз, энг юқоридан қўлма-қўл йўлланган даккини бўлишиб “еганмиз”.

Ҳолбуки, биз қаердамиз-у, газета қаерда эди?! Бугун-чи, ушбу соҳадаги муаммолар, камчиликлар ҳақида ёзмаган ҳам, айтмаган ҳам қолмади. Ҳатто ЮНЕСКО ҳам аралашмоқда, ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинмоқда. Бундай муносабат турмушимизнинг ҳар бир соҳасига хосдир. Осмон узилиб, ерга тушаётгани ҳам, ҳеч ким еган-емаган сомсасига товон тўлаётгани ҳам йўқ.

Аксинчачорак аср йиғилиб, бугун ҳал қилинмаса, пуфак эмас, ижтимоий-сиёсий бомба бўлиб портлайдиган каттадан-катта, оғирдан-оғир муаммолар очиқ-ойдин, энг муҳими, аввало, давлат раҳбари томонидан рўй-рост айтилмоқда, ечимлари кўрсатилмоқда, чоралари кўрилмоқда, ижроси назоратга олинмоқда.

Бирин-кетин залворли натижалар ҳам юзага чиқмоқда. Маданий меросимизни сақлаш, ўрганиш, юртдошларимизга, бутун дунёга етказиш борасидаги ижобий ўзгаришлар атиги уч йил бурун хомхаёл эди.

Олдинги бошқарувнинг молиялаштириш сиёсатига кўра, маданий мерос объектларини кадастрдан ўтказишга ўттиз йил кетиши ёпиқ мажлисларда очиқ айтиларди. Объектларнинг аниқ сонини ҳеч ким билмасди. Уларни таъмирлаш, сақлаш вазифасини бажариб келган бутун бошли тузилма тарқатиб юборилганди. Аксарият музейлар аҳволи талабга жавоб бермасди. Лекин бу маълумотлар оммалаштирилмасди.

Неча йилки, ҳуқуқлари топталиб келинаётган ишбилармонларга гўёки енгиллик яратиш мақсадида саксон турдаги рухсатномани бекор қилиш баҳонасида 2013 йили маданий мерос қонунчилигидаги, жумладан, музейлар, маданий бойликларни олиб чиқишга оид қонунлардаги рухсат олиш тартиби бекор қилинди.

Юқоридагиларнинг ишбилармонликка алоқаси йўқлиги тўғрисида билдирилган асосларга ҳеч ким қулоқ солмади. Оқибати нима бўлди? Ўз музейларимизда асраб-авайлаб келинаётган нодир ва қимматбаҳо асарлар “ойимча”ларнинг Европадаги қасрларидан топилди. Яна қанчадан-қанча ноёб тарихий, маданий ашёларимиз талон-торож бўлди экан, буни ҳеч ким билмайди.

Қисқаси, унақасига ҳам, бунақасига ҳам ютқаздик, шарманда бўлдик. Ўшанда биров ғинг дедими? Йўқ, демади, деёлмасди ҳам. Бугун эса мумкин. Чунки биз эркинмиз! Ҳар биримиз билиб-билиб ўз ишимизни қилишимиз зарур бўлган босқичда яшаяпмиз.

Президентимиз топшириқлари билан соҳадаги муаммолар мутахассислар, тегишли давлат ташкилотлари, энг муҳими, жамоатчиликнинг фаол иштирокида ҳар томонлама ўрганилди ва қарорлар қабул қилинди, “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Натижада икки ярим миллион музей ашёлари, 7476 та моддий маданий мероснинг кўчмас объекти давлат муҳофазасига олинди, олти йил бурун маданий мерос қонунчилигидаги бузғунчиликлар бартараф этилди.

Маданий мерос объектлари ва санъат ашёларини реставрация қилиш илмий-тадқиқот маркази ташкил қилинди. Моддий маданий мерос объектларига доир давлат кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнини йил охиригача тугатиш мўлжалланмоқда. Мустақиллигимизнинг йигирма олтинчи йилига келиб қабул қилинган “2017 — 2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури” соҳа ривожига кенг йўл очди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ва эътибор беринг, шу орқали халқимизнинг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган тенгсиз ҳиссасини бутун дунё эътироф этишига эришиш ғояси ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаган эди.

Кириш қийин, 
битириш осон эди

Замонавий миллий таълим тизими яратилиши истиқлол йилларида амалга оширилган тарихий ишлардан бири бўлди. Ваҳолонки, илғор давлатлар бу ишга XIX асрда киришган эди. Биз эса аввалига эски мактаблар, дунёвий илмлар, айниқса, табиий ва аниқ фанлар деярли ўқитилмаган мадрасалар даражасида, кейинчалик сиёсийлаштирилган ва мафкуралаштирилган совет таълим тизими исканжасида қолгандик.

Миллий таълим тизимимиз яратилгач, унинг сифати, энг муҳими, пировард мақсади борасида бош қотирмадик, таълимдан муддао фақат тегишли босқич битирувчисини тайёрлаш эмас, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тараққиётни жонлантирадиган ва бошқарадиган замонавий мутахассислар авлодини етиштириш эканлигига аҳамият бермадик.

Таълим деганда, фарзандини етук мутахассис қилиб тарбиялаш эмас, қандай қилиб бўлмасин, боғчага жойлаштириш, тузукроқ мактаб, коллеж, лицейга “гаплашиш”, олий ўқув юртига киритиш одамларимизнинг энг катта муаммосига айланиб қолди. Шунинг учун ҳам бизда таълим муассасасига кириш қийин, уни битириш осон эди. Шу тариқа узоқ йиллар мобайнида турли ярамас одатлар урчиди, гуркуради.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, 7-синфда ўқийдиган фарзандимга физика фанидан уйга вазифани бажаришга ёрдамлашаётиб, биз ўз пайтида ушбу мавзуни 8-синфда ўқимаганмидик, деган хаёлга бордим. Эртасига тизим раҳбарларидан бирига қўнғироқ қилиб, тахминимни тасдиқловчи мана бу жавобни эшитдим: “ўн бир йилликдан тўққиз йилликка ўтаётганимизда, ура-урачилик билан олдинги ўқув дастури ва режаларини янги дастурларга сиғдириш учун шундай қилганмиз, бундай муаммолар бошқа фанларда ҳам бор”.

Бошқа бир мисол: коллежда ўқишни бошлаган бола математика бўйича муайян вазифанинг ечимини билмаган, чунки унга оид қоидалар мактаб дарсликларига киритилмай қолиб кетган. Таълим босқичлариаро шу каби номувофиқликлар қанча бўлганини Яратгандан ўзгаси билмаса керак. Аммо оқибати-чи? Умуман, дарсликларнинг сифати, уларни тайёрлаш жараёни ўзига хос “мафия”га айланиб кетганини ҳозир биров тан олади, биров тан олмайди.

Бола ташқи ахборотни энг кўп қабул қиладиган, шахс сифатида шаклланадиган давр икки ёшдан олти ёшгача экани барчага маълум. Ғирт ўзбекча айтганда эса болаликда ўргангани — тошга ёзилгани. Демак, таълим тизимининг негизи, бу — мактабгача таълимдир.

1991 йили 10134  та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатган. Йиллар давомида уларнинг 5218 таси (51,5%) ёпилиб кетган. 2016 йилга келиб бор-йўғи 4916 таси (48,5%) қолган. Шунга яраша мазкур муассасаларга қамраб олинган болалар сони 1378039 нафардан 668497 нафаргача, яъни икки баробар камайиб кетган.

Биноларнинг аҳволи, тизимдаги турли бемаъниликлар хусусида айтмаса ҳам бўлади. Боғча опалар, умуман, таълим тизимидаги тарбиячи, ўқитувчиларнинг даромади паст бўлиб келгани-чи? Агар айнан шу тизим ҳар қандай замонавий давлат ва миллат тақдирини ё у ёқлик, ё бу ёқлик қилиб беришидан келиб чиқилса, орзу-ҳавас, яхши яшаш илинжида бошқалардан ҳеч кам жойи йўқ тарбиячи, ўқитувчиларни “тиланчи” қилиб қўйган ўзимиз эмасми?

Йилдан-йилга авж олиб келган, бугун йўқотиш осон кечмаётган порахўрлик, таниш-билишчиликнинг илдизи мана шундай муҳит нафасини олган, унда “кўзи пишган, суяги қотган” тарбияланувчи, битирувчиларнинг улкан авлодини етиштириб келганимиз билан ҳам боғлиқ эмасмикан?

Давлатчилигимиз тарихида одамларни бекорга ишлатиш азалдан бўлган. Солиқнинг “бекор” тури ҳам шу “анъана” билан боғлиқдир. Тўғри, хавфсизликни таъминлаш, масалан, қалъалар, деворларни тиклаш, таъмирлаш, шунингдек, сув чиқариш учун катта ариқлар қазиш ишлари эл-юртнинг ўзига ҳам фойда келтирган. Бироқ бошқа ҳолатларда роса суиистеъмолликлар бўлгани, “қора” халқ чиндан ҳам бекорга эзилгани бор гап. Мустамлака даври-ку тушунарли, лекин ушбу одат тарки кейин ҳам амримаҳол бўлиб қолаверди.

Бир йиллик умрининг ярмидан кўпи дарсда эмас, далада ўтган мактаб ўқувчиси қандай қилиб буюк келажак қурувчиси бўлиши мумкин эди?

Катта-кичикка яхши маълум бўлган синов тизимидаги машмашалар тўғрисида гапирмай қўя қолайлик. Олий ўқув юртига кирган талаба ҳақида “билими эмас, таниши кучли экан ёки пулини берган-да”, хулосаси оддий гапга айланиб қолган эди. Яъни мавжуд шароитда билим, истеъдоднинг заррача ҳам аҳамиятию қадри қолмаганди.

Миллий иқтисодиётимиз эндигина оёққа тураётганига қарамай, яхши ниятлар билан тузилган “Умид” жамғармаси йўлланмаси билан четда ўқиб, замонавий билим олиб келган ёшларимизнинг қанчаси ўз юртида муносиб иш тополмаганини бугун кўпчилик билмайди.

Бу ҳақда биринчи раҳбарга етказмоқчи бўлинганида турли қаршиликлар, ўйинлар биздан бошқаларнинг ҳам эсидан чиқмаганига умид қиламиз. Ўшанда бундай ҳолатлар ҳақида ҳеч ким ғинг демаган, деёлмасди ҳам. Бугун эса мумкин. Чунки биз эркинмиз! Эркингина эмасмиз, соҳани ўнглаш, уни сифат томон йўналтириш имконига эгамиз.

Чунончи, Президентимиз қарори билан “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” тасдиқланди. 2021 йилга бориб янги боғчалар очиш, давлат-хусусий шериклик асосида ҳамда чекка ҳудудлар учун долзарб бўлган мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини ташкил этиш ҳисобига улардаги ўринлар сони 56,8 фоизгача, яъни 2016 йилдагига қараганда икки марта кўпайтирилади.

2030 йилда эса бу рақамни 132,3 фоизга етказиш кутилмоқда. 2018 йили мактабгача таълим муассасаларининг сони 7104 тага етгани, яъни икки йилда бир ярим баробар кўпайгани, мактабга тайёрлов гуруҳларида болалар сони 2019 йилнинг биринчи ярмига келиб тўрт карра ошгани, бундан буён бажарилиши лозим бўлган ишларнинг аниқ режа ва муддатлари, молиявий манбалари борлиги қўйилган вазифани уддалаш мумкинлигини исботламоқда.

Агар мактабгача таълим тизими олдига қўйилаётган янги талаблар ўз-ўзидан умуммиллий таълим тизимининг кейинги босқичларини ҳам бошқача ишлашга мажбур этиши кўзда тутилса, бу борада бошланган жараённинг келажаги ва бутунлай бошқача сифат даражасини тасаввур қилиш қийинмас, деб ўйлаймиз.

Бакалавриатга ўқишга кириш учун абитуриентлар олий ўқув юрти эмас, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари, учтагача олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имконининг туғилгани, синовларнинг бир кун, аниқроғи, ярим кунда эмас, июль-август ойларида хотиржамликда ўтказилиши, синов бўйича шахсий натижани икки-уч ҳафта кейин эмас, эртасигаёқ, талабаликка қабул қилинган-қилинмаганини эса ҳафта ўтиб Давлат тест марказининг расмий веб-сайтидан билиб олиш мумкинлиги сингари янгиликлар кечагина тасаввуримизга ҳам сиғмаганини урғулаб ўтган бўлардик.

Аммо фуқароларнинг таълим, хусусан, олий таълим олишдек конституциявий ҳуқуқини амалда таъминлаш билан боғлиқ бир ўзгариш юз бердики, унинг аҳамияти биргина шу масаладагина эмас, балки жамиятимизда адолатни қарор топтириш, чунончи, олий судловга ишончни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди. У ҳам бўлса, Давлат тест маркази хулосасидан норози ва ўз билимига ишончи комил айрим ёшларимизнинг судда ўз ҳақини талаб қила олишидир. Албатта, ушбу ҳолатда давлатимиз раҳбарининг қатъий саъй-ҳаракатлари билан суд-ҳуқуқ тизимида юз бераётган ижобий ўзгаришларнинг катта таъсири бор. Шу билан бирга, эртамиз эгалари бўлмиш ёш авлоднинг мана шундай муносабатлар муҳитида яшаши, ўзи учун курашиши ва ҳақ бўлса, адолатга эришишнинг аҳамияти ва келгуси самарасини тушуниш қийинчилик туғдирмайди, деб ўйлаймиз.

Сўнгги йилларда тарбиячи, ўқитувчи, олимларни моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таълим ва илм-фан тизимларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини юксалтириш йўлида бошланган давлат сиёсатининг алоҳида жиҳатидир. Уларнинг ойлик маошлари 2019 йилга келиб 2016 йилдагига нисбатан 3 баробардан зиёд оширилди.

Бундан буён ҳам бу борадаги рағбатлантириш босқичма-босқич давом эттирилишини ҳисобга олсак, ўқитувчи, олим бўламан, деганларнинг сафи янада кенгайиши, ўтган йиллардаги кемтикларнинг ўрнини тўлдириш, мазкур соҳада рақобат муҳитининг пайдо бўлиши, бу эса ўз ўрнида, улардаги сифат даражасига ижобий таъсир кўрсатиши аниқ.

Мажбурий меҳнат, энг аввало, эътибор беринг, давлат раҳбари томонидан қораланди, шундан келиб чиққан ҳолда, ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўрилди, мазкур иллатни таг-томири билан қирқиб ташлаш учун жамоатчиликнинг ўзи сафарбар этилди.

Таълим-ку ютқазди, 
пахтачилик-чи?

Таълим тизими деҳқончилик соҳаси, хусусан, пахтачиликка боғлаб келинганининг аянчли оқибатларини айтиб ўтдик. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бундан таълим тизими ютқазишга ютқазибди, аммо пахтачилик наф кўрдими?

Мустамлака давридаги талабалик, илмий ходимлик кезларимизда биз ҳам пахтага чиққанмиз. Мантиққа қарши ҳолатлар ўша пайтлардаёқ ҳайронлик уйғотганди. Мустақиллик йилларида колхозлар, аввал, жамоа хўжаликлари, сўнг яна нималаргадир, охири фермер хўжаликларига ўзгартирилди. Аммо давлат сиёсати моҳият эътибори билан ўзгармади, десак адашмаймиз.

Илк паллаларда бундай аҳволни оқловчи бир асос бор эди: большевикларнинг хусусий мулкчиликни илдизи билан қўпориб ташлаш, колхозлаштириш сиёсатининг фожиавий оқибати ўлароқ, биргина бизда эмас, мазкур режимни бошдан кечирган барча ўлка ва халқларда асрлар давомида шаклланиб, шахсий манфаатдорлик ва бозор иқтисодиёти қонуниятларида ривожланиб келган деҳқончилик маданияти йўққа чиқарилди. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида бизда янгича шароитда ишлашга қодир деҳқонлар синфининг ўзи йўқ эди. Уларни янгидан етиштириш лозим эди. Биз эса тескарисини қилдик. Оқибати нима бўлди?

Масалан, 2012 йили, яъни мустақилликка эришганимиздан йигирма йил ўтгач, ўртача ҳосилдорлик 26,5 центнерга тенг бўлган. Мазкур кўрсаткични ҳар йили пахтачиликка давлат хазинаси, фермерлар ҳисобидан йўналтириладиган улкан моддий харажат, саккиз-тўққиз ойлик оғир меҳнат, пахта теримига сафарбар этиладиган икки-икки ярим миллион киши заҳматига солиштирсак, кўрилган зарар ва йўқотилган вақтнинг аҳамияти яққол кўринади-қолади.

Ҳолбуки, 1999 йили жойлари жаннатда бўлгур Ислом ака билан бирга Исроилга борганимизда, томчилатиб суғориш, инновацияларга асосланган тарзда парваришланган, энг муҳими, шахсий манфаатдорлик негизида иш юритувчи хўжалик гектаридан 70 центнер ҳосил олганининг гувоҳи ҳам бўлганмиз, роса ажабланганмиз ҳам. Қизиғи, мазкур хўжаликнинг бошлиқларидан бири Самарқанддан кўчиб кетган фан доктори, адашмасам, Пинхасов деган юртдошимиз эди.

Мана шу далил-исботнинг ўзи пахтачилик, умуман, деҳқончилик соҳасидаги қолоқлигимиз омилларига ўзига хос жавоб бўлишига қаттиқ ишонамиз. Аммо бу ҳақда у пайтлар биров ғинг демасди, деёлмасди ҳам. Бугун эса мумкин. Чунки биз эркинмиз!

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган ва дадил сиёсати туфайли деҳқончиликдаги жуда катта имкониятимизни замонавий равишда юзага чиқаришнинг оқилона йўлига тушиб олдик. Бу борада ўтган қисқа муддатда зарур чоралар кўрилгани, чунончи, эшовидан тушови қиммат, унумдорлиги паст ерларга чигит қадамаслик, деҳқончиликнинг бозорбоп, фойдаси юқори йўналишларини ривожлантириш, маҳсулотларни қайта ишлашга зўр бериш, замонавий техникаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва деҳқонларга етказиб бериш, шахсий манфаатдорликни оширишга катта эътибор берилаётгани яхши маълум.

Аммо энг асосий ўзгариш мамлакат бўйича 76 та пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилиб, уларга қарийб 62 фоиз пахта майдони бириктириб берилганидир. Ушбу янгилик пахтачилик, умуман, деҳқончилигимизнинг яқин келажагига бемалол кўз ташлаш имконини беради, деб қаттиқ ишонамиз. Яъни кўп ҳам ўтмай ҳар бир ўзбек деҳқони хусусий мулк, шахсий манфаатдорлик, замонавий меҳнат маданияти, бозор қоидалари негизида ўз аравасини ўзи тортадиган бўлади. Давлат эса худди илғор мамлакатларда бўлаётгани каби уларни қўллаб-қувватлаш бўйича оқилона сиёсат юритади, холос.

Бир йилда эмас, 45 дақиқада

Бир юз йигирма олти йиллик мустамлака тузумини бошдан кечирган миллатнинг давлат мустақиллигини тиклаганидан беш-олти йил ўтар-ўтмас ўз автомобиль корхонасини яратгани, чиндан ҳам, улуғ воқеа, катта сифат ўзгариши бўлганди.

Лекин вақт ўтгани сайин мазкур ютуқдан миллий иқтисодиётимиз ва турдош соҳаларни илдамлаштириш йўлида фойдаланиш ўрнига, мамлакат рўзғори ва одамларимиз кундалик эҳтиёжини унга ипсиз боғлаб қўйдик.

Эскидан монопол бўлиб келган электр, газ, иситиш тармоқлари ёнига яна биттаси қўшилди. Энг ёмони, экспортимиз, аниқроғи, миллий иқтисодиётимизнинг муҳим бир бўғинини, асосан, бир мамлакатга қарам қилиб қўйдик. Юрт ичкарисида сунъий равишда яратилган етишмовчилик ва у билан боғлиқ турли суиистеъмолликлар муҳити шароитида одамларимизни шу даражада худбинлаштириб юбордикки, улар қачон автомобилларимиз Россиядан қайтар экан, деб кутиб юрадиган бўлиб қолдилар.

Кўпчиликнинг нияти “ижобат” бўлган кезлар ҳали ҳам кўз ўнгимизда: камчилик таниш-билиш, кўпчилик пора эвазига шартномали бўлар, ўшанда ҳам бир йил кейин оладиганига олдиндан пулини тўлаганига қувончи ичига сиғмай, кейинчалик нархи ошмасин-да, деган хавотирда кун санарди. Энг кулгилиси, аслида ачинарлиси, ўзимизда ишлаб чиқарилган миллий автомобилни хорижий валюта — долларга сотиб олишга тўғри келарди: гўёки ўз истагимиз билан долларни автодўкон биқинидаги банк бўлимига давлат баҳосида топшириб, ўз сўмимизни харид қилардик ва бу ҳақда бир бет маълумотни топширмагунча кўнглимиз тинчимасди. Бир сўз билан айтганда, давлат миқёсида ўзимизни ўзимиз алдардик. Аммо бу ҳақда у пайтлар биров ғинг демасди, деёлмасди ҳам. Бугун эса мумкин. Чунки биз эркинмиз!

2016 йилдан бошлаб соҳа фаолиятини қонун, адолат ва бозор иқтисоди тамойиллари асосида ташкил этишга қатъий киришилди. Натижалар ҳам аён: ишлаб чиқариш 2016 йилдаги 88,1 минг донадан 2018 йили 220 минг донагача етказилди (ўтаётган йил режаси — 250 минг дона, яъни 2,8 баробар кўп).

Четдан қараган киши учун қанчалик ажабланарли туюлмасин, ниҳоят, ўз автомобилимизни бир йил муддатда эмас, қирқ беш дақиқада, энг муҳими, ўз сўмимизга харид қилиш “бахти”га эришдик. Кўрилган ташкилий, иқтисодий чоралар туфайли автомобиллар ишлаб чиқариш таннархи 10 — 16 фоизга туширилди.

Ниманидир — хоҳ нақд, хоҳ нақдсиз кўринишда бўлсин, миллий пулимизга бемалол сотиш-сотиб олиш имконини яратиш, бунга одамларни ишонтириш сўз кетаётган тармоқда ҳам юз бергани бугун яхши маълум.

«Оқ» ва «қора»

Миллий пулимизни хорижий валюталарга айирбошлашнинг кечаги ҳолати бугун ҳангомадек туюлади. Ҳеч ёдимдан чиқмайди: 1994 йили ёзда чет эл илмий сафарига отланар эканман, аэропорт биносидаги бўлимда бир доллар ўн бир сўму неча тийин ҳам эди. Ойлар, йиллар ўтгани сайин орадаги фарқ юзлаб баробарга етди.

Ушбу ҳолатнинг асосли ва асоссиз сабаблари бўлганига ишончим комил. Қолаверса, бу борада дунёда, масалан, Туркияда ХХ аср охирларидаги ҳолатдан яхши хабардормиз (мазкур давлатнинг миллий пули 1966 йилги 1 долларга 9 лира кўрсаткичидан 2001 йили 1 долларга 1650000 лира кўрсаткичигача қадрсизланган).

Аммо гап бунда эмас, балки узоқ йиллар давомида миллий пулимизнинг қадри икки хил бўлиб келганидадир: бири — расмий, иккинчиси — ҳақиқий. Мана шу ҳақиқийси, яъни ҳаққонийси нимагадир “қора бозор” тамғасини олди. Расмий, яъни “оқи”да рўй берган қанчадан-қанча қора ишларни айтмай қўя қолайлик.

Давлат ҳатто бир ҳовуч пистанинг нархини тартибга солишга ҳам кучсиз бўлиб қолганди. Нархни “қора” бозор орқали пистачи белгиларди. Халқаро тадбирлар пайтида ҳаққоний бозордаги кўрсаткични бир қадар туширтириб, сўнг яна “қўйиб юбориш”дек кўпдан-кўп ҳолатлар эса “оқ ва қора” бозор тахтасидаги доналар аслида бир қўл билан сурилишини барчага билдириб қўйганди.

Ўшанда ҳам юқоридаги ҳолатлар ҳақида ҳеч ким ғинг демаган, деёлмасди ҳам. Бугун эса мумкин, фақат тарихий хотира сифатида. Чунки 2017 йил кузида, Президентимизнинг қатъияти билан муаммо узил-кесил ҳал қилинди: миллий пулимиз дунёнинг етакчи пулларига нисбатан ўзининг бирдан-бир ҳаққоний ва бозор баҳосига эга, барчага баробар бўлди.

Қоғозда бор, аммо...

Ўн беш йиллар бўлди-ёв, ҳар йили 1 миллиондан ишчи ўрни яратила бошланди. Бу ўн йилда 10 миллион янги иш ўрни пайдо бўлди, деганидир. Ваҳолонки, 2019 йилдаги ҳаққоний ҳолатга кўра, иқтисодиётда расман банд бўлганлар сони эндигина 5,6 миллионга етди. Бу ўша пайтлардаги кўрсаткичларга тўғри келмайди. Хўш, агар амалда ҳар йили 1 миллион иш ўрни яратилган бўлса, бугунга келиб икки-уч миллион юртдошимиз чет элларда нима қилиб юрибди, деган мантиқий савол туғилади.

Жойларда электр, газ, сув йўқ, тақчил, банклардан айланма маблағ олиш имкони ҳалигидек шароитда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш корхоналари фаолият юритиши, даромад топиши, ишчи, ходимларга ойлик бериши амалда ҳеч қанақасига мумкин эмаслиги, демак, миллион-миллион янги иш ўринлари оғизда бўлгани ҳақиқатдир. Ушбу шароитда одамлар оғзида давлатимиз учун уятли бўлган гап-сўзлар пайдо бўлганини эслаш шахсан бизга энди ҳам оғир кечади. Хусусан, совет даврида чироқ ўчмасди, хитоблари миллий истиқлол ғоясига киши билмас путур етказа бошлаганди. Аммо ўшанда шулар ҳақида биров ғинг деёлганми? Йўқ, деёлмаган, деёлмасди ҳам. Бугун эса мумкин. Чунки биз эркинмиз! Эркингина эмас, ҳақиқий аҳвол рўй-рост айтилиб, чоралари ҳам кўрилмоқда.

Охирги уч йилда 1,7 миллиард доллар сарфланиб, 1420 мегаватт янги қувватлар ишга туширилди, қўшимча 9,2 миллиард киловатт/соат электр энергиясини ишлаб чиқариш имкони пайдо бўлди.

Соҳага янги технологиялар олиб кириш эвазига сарф-харажатлар камайиб, салкам 1 миллиард куб метр табиий газ тежаб қолинди. Электр энергиясини ишлаб чиқариш 2019 йилга келиб 64,9 миллиард киловатт/соатга, аҳоли истеъмоли 13,5 миллиард киловатт/соатга етди, бу эса 2015 йилдагига нисбатан 2,4 миллиард киловатт/соатга ёки 21,8 фоиз кўп деганидир. 18,2 минг км. электр тармоқлари ва 4,8 мингта трансформатор манзиллари қайтадан тикланиши натижасида 7,5 мингдан ортиқ маҳаллаларда электр таъминоти тубдан яхшиланди.

Энг муҳими, 2030 йилгача қуввати 5000 мегаваттга тенг қуёш, 1700 мегаваттдан иборат шамол ва 1920 мегаваттни ташкил этувчи янги гидроэлектр станцияларини, асосан, тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ҳисобидан қуриш белгилаб олинди. Натижада ушбу турдаги манбаларнинг электр қуввати ишлаб чиқаришдаги улуши 25 фоизга етказилади ва шу тариқа ўртача 7,5 миллиард куб метр табиий газ тежаб қолинади. Бошқача айтганда, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг эртанги куни ҳақида бугун қайғурилмоқда.

Қургандан қўрқмайлик!

Ҳеч эътибор берганмисиз, эски шаҳарларимиздаги уйларнинг аксарияти каталакдек-каталакдек. Тангадек қуёш тушмайдиган ҳовлилар қанча?! Улардаги шароит-чи? Президентимиз ташаббуслари билан бошланган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш муносабати билан вилоятлардагина эмас, пойтахт маҳаллаларидаги аянчли манзараларга кўз тушганда, одамларимиз қандай оғир шароитда яшаб келаётганларидан юрак эзилиб кетади.

Бироқ улар ҳақида илгари ҳам билганмиз. Аммо ғинг деёлмаганмиз. Бугун-чи? Бугун эркинмиз-ку? Нега улар ҳақида бонг урмаймиз? Агар давлатимиз раҳбари шу ишга қўл урмаганида, умуман, меъморчилик-қурилиш соҳасини тубдан қайта ташкил этиш вазифасини қўймаганида аҳвол ҳали-бери ўзгармаслиги турган гап эди.

“Обод қишлоқ” дастури бўйича 2019 йили бажариладиган ишларга диққатни қаратсак: 159 та туманда, 1,6 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган 478 та қишлоқда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 4,8 триллион сўм сарфланиб, умумий узунлиги 5 476 км.дан иборат минтақавий йўллар (ички кўчалар) таъмирланади, тикланади.

36 мингдан ортиқ ҳамда умумий узунлиги 2 458 км. бўлган тунги кўча ёритиш ҳамда 21 та алоқа тизими яхшиланади, 556 та автобекат қурилади, 189 та замонавий автобус сотиб олинади. Ичимлик сув таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 2 219 км. янги тармоқ ҳамда 221 та сув иншооти қурилади, 729 км. тармоқлар ҳамда 163 та сув иншооти тикланади.

361 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ҳисобидан электр ва газ таъминоти тизими яхшиланади, 214,2 мингта якка тартибдаги, 182 та кўп хонадонли уй-жой таъмирланади, 378 та кўп хонадонли уй-жой ҳудудлари ободонлаштирилади. 280 та мактабгача таълим, 510 та мактаб, 237 та соғлиқни сақлаш ҳамда 439 та бошқа ижтимоий соҳа объекти қурилади ва таъмирланади. 2 532 та бозор инфратузилмаси объекти, 296 км. ирригация ва 1 538 км. мелиорация объекти қурилади ва таъмирланади, 584 км. ирригация объектлари тозаланади.

Хўш, буларнинг нимаси ёмон?

Албатта, яхши! Тилга олинган 1,6 миллион аҳоли ўзимизнинг қора кўзларми, давлатимиз мустақил бўлгач, улар “итининг ҳам туваги олтин”дан бўлиши керакмиди ёки улар ҳисобда йўқмиди?

Шу маънода, сўнгги уч йил ичида нафақат пойтахтда, балки юртимизнинг ҳар бир шаҳар ва қишлоғида авж олаётган қурилиш, ободонлаштириш жараёнининг аҳамиятини “сити”чилик билан чеклаб, торайтириш, аслида ерга уриш қанчалар адолатли?

Қургандан, яратгандан қўрқмаслик лозим. Яратувчанлик фазилатдир. Бузғунчиликдан асрасин. Бу биринчидан.

Иккинчидан, номи сити бўладими ёки бошқачами, гап фақат иш марказлари ҳақида эмас, балки уй-жой мажмуалари ва уларда яшайдиганларга кўрсатиладиган хизмат объектлари тўғрисидадир.

Учинчидан, қурилиш ҳар қандай иқтисодиётни илдамлаштирувчи ўзига хос кучдир: янги иш ўринлари, қурилиш ашёлари, асбоб-ускуналарини ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш, юридик ва жисмоний шахслар учун даромад, давлат хазинасига қўшимча тушадиган ва эл-юрт манфаатига ишлатиладиган солиқлар — молиявий манба.

Тўртинчидан, хизмат кўрсатиш тизими ривожланади.

Бешинчидан, тегишли йўналишларда мутахассислар тайёрлаш — таълим, касб-ҳунар тизими ривожланади, такомиллашади.

Олтинчидан, меъморчилик, қурилиш маҳорати юксалади.

Еттинчидан, пул-қарз муносабатлари жонланади, кенгаяди.

Ниҳоят, саккизинчидан, юртдошларимиз замонавий уй-жойли бўладилар. Энг тараққий топган мамлакатлардаги каби чиройли кўчалар, шинам қаҳвахоналар, жозибали дўконлар, сифатли хизмат кўрсатадиган бошқа тармоқлар мавжуд замонавий мавзеларда яшайдилар.

Бундай мавзелар пойтахтдагина эмас, бирин-кетин барча шаҳар ва қишлоқларимизда қад кўтаришининг аҳамиятини тушуниш шунчалар қийинми? Ахир, уларнинг ҳам шундай шароитда яшашга, ишлашга ҳақи бор-ку! Шундай шароитга эга бўлган ким ҳам киндик қони тўкилган жой, қариндош-уруғ, қўни-қўшнисини ташлаб, вилоят, мамлакат марказига интилади? Шу тариқа, вақт-соати келиб, бизга мутлақо ярашмайдиган “прописка” муаммосидан қутулишимиз аён-ку!

Бу дунёда ўзи нима текин?

Тўғри, бу уйлар текин эмас. Бу дунёда ўзи нима текин? Фақат — бўйинтуруқ. Ундан қутулганимизга ҳадемай ўттиз йил бўлади. Юртдошларимиз эмин-эркин, бой-бадавлат, бахтли-саодатли яшашга ҳақлидирлар.

Шу ўринда, бўлган-бўлмагани аниқ эмас, аммо ибратли бир воқеа эсга тушади. Большевиклар Санкт-Петербургда инқилоб ясаб юрган 1917 йили, яккаҳукмдорлик — подшолик тузумини миллий тараққиётнинг заволи деб билиб, унга қарши бош кўтарган ёш казо-казоларга алоқадор аёл “Нима тўполон, билиб кел-чи?”, дея оқсочини кўчага чиқарган экан. У қайтиб келиб, “Тузумни ўзгартирмоқчи эмишлар, йўқолсин бойлар, дея жар солишмоқда”, хабарини етказганида, “Бизнинг боболар, йўқолсин қашшоқлар, дея бошларини кундага қўйгандилар-ку”, деган экан.

Метрополияда ҳокимият большевиклар қўлига ўтиши биз сингари мустамлака халқлардан ташқари, русларнинг ўзи учун ҳам дард устига чипқон бўлгани тарихий ҳақиқатдир. Етмиш тўрт йил умумқашшоқлик ҳукмронлик қилди. Давлат мустақиллигини тиклаганимиздан сўнг мазкур қарашнинг таъсири вақти-вақти билан бўй кўрсатиб турганидан ҳам яхши хабардормиз. Оқибати нима бўлди?

Кимдир четга чиқиб, бойлигини ҳам ўзи билан олиб кетди, кимдир бойлигини яшириб, яхши замонларни кутиб, ими-жимида юрди. Ишбилармонлик, унинг ортидан иқтисодиёт ортга чекинди. Қуриш-қурилиш сустлашди, тўхтади. Иш ўринлари қисқарди, янгилари яратилмади, шахсий даромад манбалари камайди, миллионлаб юртдошларимиз қашшоқликдан қочиб, даромад излаб ўзга юртларга жўнашга мажбур бўлдилар. Ўшанда ҳам бу ҳақда ҳеч ким ғинг демаган, деёлмасди ҳам. Бугун эса мумкин. Чунки биз эркинмиз!

Беш бармоқ баробар эмас. Барча ҳам бой бўлолмайди. Ўз аравасини ўзи тортишга қодир ўрта синфни кенгайтириш ҳар қандай замонавий жамиятнинг асосий мақсадидир. Давлат ва жамият қўлловига муҳтож қатлам эса ҳар бир мамлакатда бор.

Президентимиз ташаббуси билан арзон уйларнинг қурилиши айнан уларнинг эҳтиёжини қондиришга йўналтирилганини кўриб-кўрмаслик, билиб-билмасликка олишни оқлаб бўладими?

2017-2018 йилларда шаҳарларда уй-жойга муҳтож бўлган фуқаролар учун 24 688 та хонадондан иборат 598 та кўп қаватли уй-жой қурилиб, ўз эгаларига топширилди. 2019 йилда эса 17 667 та хонадондан иборат 403 та кўп қаватли уй-жой қурилмоқда. Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий уй-жойлар қурилиши дастурларига биноан 2009 — 2016 йилларда, яъни саккиз йилда 69 557 та уй-жой қурилган бўлса, 2017-2018 йилларда, яъни бор-йўғи икки йилда 54 010 та уй-жой барпо этилди.

Қурилишлар юқори сифатда бўлишини барча истайди. Нима ҳам дердик, сифатсизлик бу бизнинг бошқа соҳаларга ҳам тегишли умумий касалимиздир. Унинг илдизи хусусий мулкчилик ва шахсий манфаатдорлик йўқ қилинган қашшоқлар тузумига тақалиши яхши маълум. Давлат ва жамият турмушининг ёпиқлиги, рақобат, сўз эркинлигининг йўқлиги ҳар соҳада сифатга путур етказишини мустақил тараққиётимиз даврида ҳам бошимиздан ўтказдик.

Юқорида урғу берилганидек, пахтани деб таълим, касб-ҳунар тизимимизни ўлдирдик. Шунинг учун ҳам қайси соҳани олмайлик, сифат борасида оқсадик. Ўз уй-жойларимиз сифатига иложи борича қаттиқ турдик, умумникига келганда эса мустамлака замонидаги каби иш тутдик. У даврдагисини оқлаш мумкиндир — давлат бизники эмас, бировники эди. Бироқ давлат ўзимизники бўлгандан кейин ҳам шундай ярамас одат давом этаётганининг сабаби нимада?

Одамларнинг давлатга ишончи йўқолиб борганида, ҳақ сўзни айтиш, умуман, сўз эркинлигининг бўлмаганида эмасми?! Шунинг учун ўшанда ҳам сифат ҳақида ҳеч ким ғинг демаган, деёлмасди ҳам. Бугун эса мумкин. Чунки бугун эркинмиз!

Энг муҳими, менга сон эмас, сифат керак, деб давлат раҳбарининг ўзи айтиб турибди. Жамиятдаги нуқсонларни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали юртдошларимиз оқизмай-томизмай айтиб турибдилар. Яъни бу энди қаҳрамонлик эмас, оддий ҳолатдир, холос.

Ёлғиз отнинг чанги чиқмас...

Ўзбекистонимизнинг келажаги фақат ички туриш-турмушимизнинг эмас, ташқи алоқаларимизнинг сифат даражасига ҳам боғлиқ. Ота-боболаримиздан қолган ҳикмат бор: “ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам, донғи чиқмас”.

Тўғри, Ўзбекистон минг йиллар давомида барча жиҳатлардан минтақанинг юраги бўлиб келган. Беш-олти йил бурун қозоғистонлик бир таҳлилчи: “Марказий Осиё, жумладан, Қозоғистон мустақил бўлгач, савдо-сотиқ ва ишбилармонликда уддабурон ўзбеклар минтақа ва мамлакатимиз иқтисодиётида етакчиликни қўлга оладилар, деган хавотирга борган эдим”, дегани мазкур тарихий ҳақиқатнинг ўзига хос тасдиғидир, деб ўйлаймиз.

Бироқ бундай бўлмади. 2016 йилга қадар бир девор қўшниларимиз, бозоримиз ҳам, мозоримиз ҳам бир қардошларимиз билан муносабатларимизнинг қандай бўлганлиги барчамизга яхши маълум. Илк паллаларнинг алғов-далғовлари сабаб ўзаро алоқаларимизда туғилган таранглик, турли чекловларни оқлайдиган асослар бўлганига шубҳа қилмаймиз.

Бироқ вақт ўтиб, лойқа сувлар тиниб боргани сайин улар сусайиши, бутунлай йўқолиши лозим эди. Аксинча, биз ўйлаганимиздек, наф чиқмаслиги олдиндан маълум айрим масалалар юзасидан очиқдан-очиқ дўқ-пўписаларгача бордик. Бундан ҳеч ким ютмагани, беш қардошнинг иноқ яшаб, биргаликда ривожланишидан манфаатдор бўлмаганлар суюнгани, бешбиродар халқ у ёки бу даражада азият чеккани, минтақавий ва миллий иқтисодиётлар, минтақавий хавфсизлик зарар кўрганини исботлашга ҳожат йўқ. Ўшанда ҳам бу ҳақда ҳеч ким ғинг демаган, деёлмасди ҳам. Бугун эса мумкин. Чунки биз эркинмиз!

АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон “Биз Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва уларнинг бутун Марказий Осиёга ижобий таъсирини қутлаймиз” дея тан олди. Мазкур холис, зийрак ва асосли баҳо шунчаки берилмагани, шубҳасиз. АҚШдек йирик давлат бошлиғининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси нима деганини ўзи яхши билади.

Лавозимга киришганидан ярим йил ўтмай, Президентимизни Вашингтонга таклиф қилган АҚШ етакчиси Дональд Трампнинг “Шавкат Мирзиёев ҳам ўз юртида, ҳам бутун дунёда ҳурмат қозонган инсон”, дея эътироф этгани бежиз эмас, албатта. Негаки, 2016 йил кузида Ўзбекистонда бошланган замонавий ислоҳотлар узоқ йиллар эскича сиёсий қарашлар доирасида яшаб келаётган бутун минтақага ҳам таъсир кўрсатаётганидан ҳеч ким кўз юмолмайди.

Ўтган уч йил XXI аср шароитида минтақа юраги кенг бўлиши, оқиллик билан бошқарилиши лозимлиги шарти ҳар жиҳатдан унумли эканини тасдиқлади. Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё халқлари ва сиёсий доираларини бирлаштирди, десак, ошириб юбормаган бўламиз. Чегаралар очилди, тўсиқлар олиб ташланди, ўзаро борди-келдилар тикланди, савдо-сотиқ азалий изига тушиб кетди. Минтақа тарихий бозоридаги ўрнимизни тиклай бошладик. Юртимиз хавфсизлиги даражаси илгаригидан неча чандон мустаҳкамланди. Зеро, айнан қўшниларимиз бизнинг биринчи ва доимий хавфсизлик камаримиздир.

Ўз халқи турмушини сифат жиҳатидан ўзгартиришга чоғланган, минтақадаги вазиятни кескинликдан чиқара олган, халқаро сиёсатдаги энг чигал масалалардан бири — афғон муаммосини тинчлик йўли билан ҳал этиш борасида қатъий позицияга эга шахс билан ҳар ким ҳамкорлик қилгиси келади. Ўтган уч йил ичида МДҲ, Ғарб ва Шарқнинг барча етакчи давлат, минтақалари билан изчил алоқаларнинг йўлга қўйилишида мазкур фазилатнинг ўрни тенгсиз, деб биламиз. Энг муҳими, ташрифлар, учрашувлар замирида халқимизнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, йиғилиб қолган кўпдан-кўп ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ташқи имконлардан фойдаланган ҳолда ҳам бартараф этиш мақсади борлигини билишимиз зарурдир.

Вазиятга холис ва соғлом баҳо берайлик

Гапирамиз, ёзамиз, десак, гап кўп! Мурод Муҳаммад Дўстнинг ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Буюк бир пуфак шишиб келмоқда” номли мақоласи ва ундаги қуйидаги сўзлар бу фикрларимни ёзишга туртки берди:

Ҳамма билади, аввалига мактабу коллеж қуриб пул ўғирладик.

Буюк шаҳарларимиз ва буюк боболаримизнинг номларини сотиб, нечадир мингу юз йилликларини нишонлаб пул ўғирладик.

Ғарибликда намуна бўладиган сонсиз уйлар қуриб пул ўғирладик.

Энди навбат ситиларга келди...”

Аввалги ҳолат ҳақида борини айтдик. Лекин бугун вазият бутунлай ўзгача — давлат ва жамият ҳаётининг барча йўналишлари очиқ! Қанча олтин, чет эл валюта захирамиз бор, улар кўпаяяптими-камаяяптими, нега шундай бўляпти, иқтисодиётимизнинг ҳаққоний кўрсаткичлари, бандлик даражаси, порахўрлик, таълим, соғлиқни сақлаш, қўйинг-чи, жамоатчилик билиши зарур бўлган барча мавзу, масала, муаммолар ижтимоий тармоқлардагина эмас, расмий ахборот воситаларида эмин-эркин эълон, танқид, муҳокама қилинмоқда.

Яқин-яқингача асосий иши расмий ҳужжатларни тарқатиш бўлган ЎзА минбаридан ўз пайтида икки қарама-қарши дунёқараш ва қатлам вакиллари саналмиш Раъно Абдуллаева ва Карим Баҳриевга сўз айтиш имкони берилиши юртимизда атиги уч йилда юз берган кескин сифат ўзгаришидан ёрқин далолат эмасми?

Янги замон ва янги босқич янги муаммоларни туғдириши табиий. Уларни ҳам кўтариш, муҳокама қилиш керак. Бироқ ушбу жараён ақлирасолик ва адолат мезонлари асосида кечиши лозим. Акс ҳолда, муддао самимийлигига шубҳа туғилади.

Бунга йўл қўймаслик учун эса, Олий Мажлис Сенатининг сўнгги йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган мана бу, 2700 йил ичида давлат ва жамият бошқарувида қўллаб келинган, мустақиллик йилларида ҳам воз кечилмаган сиёсатга берилган тарихий баҳо мағзини чақиш фойдадан холи эмас, деб ишонамиз: “биз онгли равишда одамларимизни онгсиз қилишга уриниб келдик”. Давлат раҳбари даражасида илк бор ушбу ҳақиқатни очиқ айтиш, бўлди энди, бу ёғига бошқача сиёсат бўлади, бутунлай ўзгача дунёқараш ва билим билан янгича тизимда яшаймиз, ишлаймиз, деганидир, албатта. Демак, бошқалар ҳам, айниқса, айрим зиёлилар онгли равишда халқимизни онгсиз қилиш одатидан воз кечишлари ҳам фарз, ҳам қарздир.

Азамат ЗИЁ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019