Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси якунланди

19:42 28 Февраль 2020 Сиёсат
411 0

Сенаторлар давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ва Тошкент вилоятидаги чегара божхона постлари фаолиятини ўрганиш ҳолати юзасидан парламент сўрови натижаларини кўриб чиқдилар.
 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 6 февраль куни тақдим этилган сўровга берилган жавобга мувофиқ парламент сўровида кўтарилган масалалар масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда батафсил кўриб чиқилганлиги таъкидланди.

Парламент сўровида кўтарилган масалалар ижросини тўлақонли таъминлаш, мазкур хизматда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, Мажбурий ижро бюроси ва бошқа давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш борасида мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрилди.

Бироқ амалга оширилган ишлар билан бирга парламент сўровида кўтарилган баъзи масалаларнинг ижроси тўлиқ таъминланмаганлиги оқибатида соҳада айрим тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан, чегара божхона постлари яқинида автотранспорт воситалари билан боғлиқ тирбандликларнинг олдини олиш, жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш механизми ишлаб чиқилмаган.

Мажлисда бу ва бошқа камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар билдирилди. Жумладан, 2020 йилнинг 15 апрелига қадар чегара божхона постлари яқинида жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Уч ой муддатда мамлакатимиздаги чегара божхона постларида кеча-ю кундуз валюта айирбошлаш, пул маблағларини нақд пулга алмаштириш, нақд ва нақдсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш терминалларини ўрнатиш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди. Бу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосарини – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни сайлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Бу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
 

Шунингдек сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг таркибига ўзгартишлар киритиш масаласини ҳам кўриб чиқдилар. Бу масала бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
 

Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида 18 та масала, шу жумладан 9 та қонун кўриб чиқилди.

Сенаторлар томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикаси қонунлари жамият ҳаётининг барча соҳаларида ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар ва ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, шунингдек халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
 

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?