Оддий юк ташувчи қандай қилиб буюк сардорга айланди?

14:42 29 Май 2020 Спорт
443 0

Даниэль Пассарелла жуда камбағал оилада туғилиб ўсганди. 13 ёшга қадам қўйганида мактабни ташлади. Тезроқ пул ишлаб топишни ўрганиш ниятида тижорат билим юртига ўқишга кирди. Аммо ўқиш кечгача чўзилар, Даниэльнинг футбол билан шуғулланишига вақт қолмаётганди. Бунақанги турмушдан қониқмаган йигитча ўқишни йиғиштирди ва қурилиш фирмасида юк ташувчи бўлиб ишлай бошлади. Оғир ва қаттиқ меҳнат унинг мускулларини чиниқтирди. Кейинчалик катта футболда унга айнан шу нарсанинг кўмаги тегди.

15 ёшга кирганида Аргентина пойтахтига бориб, омадини синаб кўрди. ”Бока Хуниорс”да ҳам, «Индепенденте» клубида ҳам у мураббийларга ёққандек бўлди. Аммо иш шартнома тузишгача етиб бормади. Хафсаласи пир бўлиб ортга қайтган Даниэль «Мендан профессионал футболчи чиқмайди», деган хаёлга келди. Ўзи саккиз ёшдан бошлаб аъзо бўлган «Архентино» клубига қайтди. Дарвоқе, унинг отаси ўшанда бошқа бир маҳаллий клуб «Ресинг»да ишларди. ”Архентино”да эса мураббий, менежер, селекционер, котиб каби вазифаларнинг барчасини бир киши – Кармело Спатаро бажарарди. Спатаро қобилиятли ёшларни имкон қадар атрофига тўплаб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқига эгалик қиларди. Мабодо, йигитчалар орасидан омадлилари чиқиб номдор клублар билан шартнома тузса пулнинг маълум бир фоизи унинг чўнтагига тушарди. Спатаронинг бизнеси шу эди.

Қизиғи, Пассарелла маҳоратли футболчи даражасига етиб, жаҳон чемпиони бўлганида Спатаро унинг бир ярим ёшли ўғли билан келишувга эришиш таклифини билдирганди.Гўдак вояга етганида футболчи бўлишни хоҳлармикан, деб ўйлаб ҳам кўрмаганини қаранг.

Шу мураббий Даниэлни иккинчи дивизион вакили «Сарменто»га жойлаштириб қўйди.Бу клубнинг «Ривер Плейт» билан ўртоқлик учрашуви Даниэльнинг тақдирида бурилиш ясади. Уни шу клубга қабул қилишди. Бу жамоага мураббий ўзгариб, уни Нестор Росси бошқаришга киришган пайтда Пассарелла унинг ҳузурига борди. Яқин орадаги ўйинда майдонга тушиш истагини билдирди. Гарчи, бўлғуси рақиб номдор «Бока Хуниорс» бўлса-да, мураббий йигитнинг раъйини қайтармади.Тўғри, бу мавсумолди назорат ўйини эди. Бироқ барибир дерби номи бор.Шу учрашувда Пассарелла рақибнинг ўнг қанотига ўйин бермади. Газеталар «Даниэль майдонда шундай ҳаракат қилдики, барчада у бунақанги дербининг йигирматасини ўтказгандек таассурот қолдирди», дея ёзишди. Бошқа клублар «Ривер Плейт» уни бизга сотмасмикан, деган илинжда юришди. Аммо рақобат нақадар кучли бўлмасин, қаҳрамонимиз жамоада қолди. Унга аввалига 200 доллар миқдорида ойлик маош бердилар. Кейин эса ишлари юришиб, уй-жой муаммосини ҳал этди.

Пассарелла Аргентина олий дивизионидаги дастлабки ўйинини 1974 йилда ўтказди.1975 йилда эса клуб раҳбарияти мураббий Нестор Россининг хизматидан воз кечди. Унинг ўрнини эгаллаган Анхел Лабруна жамоа ўйинини кучайтирди. Натижада кейинги 18 йил ичида «Ривер Плейт» илк бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Даниэль ўша кезларданоқ ҳимоядан ҳужумга ташланишни хуш кўрар, кўп гол киритарди. Аммо унинг рейдлари оқибатида жамоа ҳимоя чизиғида бўшлиқ юзага келарди. Бундан эса Лабруна норози эди. Шу боисдан мураббий унга қанотда тўп суришни таклиф қилди. Аммо қаҳрамонимиз таклифни рад қилиб, захира ўриндиғида ўтиришни маъқул кўрди. Буни қарангки, унга яна омад кулиб боқди. Пассарелланинг ўрнига майдонга тушган Эктор Артиконинг ўйини қовушмади. Даниэльнинг жозибадор ўйинини соғинган мухлислар унинг майдонга қайтарилишини талаб қила бошладилар. Жамоанинг фахрий ўйинчилари эса йиғилиш ўтказиб, Пассареллонинг ўйнаши зарурлигини, клубга унинг энергияси, темпераменти, аниқ зарбаси, бош билан ўйнай олиши кераклигини айтишди. Мураббий таслим бўлди.

1975 йилда Даниэль мамлакат ўсмирлар терма жамоаси таркибида Францияда ўтган халқаро турнирда ғолиб чиқди. Ўшанда бу жамоани машҳур мураббий Менотти бошқараётганди. Айнан шу таркибдан 1978 йилда бир неча жаҳон чемпиони етишиб чиққанини ҳам таъкидламоқчимиз. Хусусан, 1976 йил Пассарелла учун омадли келди. Марказий ҳимоя чизиғида ўйнаб туриб, у 35 та учрашувда 24 та гол киритди.Бу ҳимоячилар ўртасида ўрнатилган жаҳон рекорди сифатида тарихда қолди.

Дарвоқе, миллий терма жамоада ҳам бош мураббий унга у қадар ишонч билдирмаётганди. Аммо 1978 йилги жаҳон чемпионати арафасида Менотти икки асосий ҳимоячисидан жароҳат туфайли ажралиб қолди. Уларнинг бири Карраскос жамоа сардори ҳам эди. Шунда мураббий бу вазифани кимга топшириш ҳақида узоқ ўйлади ва Пассарелла номзодига тўхталди. Сабаби оддий эди:бу пайтда қаҳрамонимиз «Ривер плейт»ни сардор сифатида майдонга олиб чиқаётган, терма жамоада ҳам шу клуб аъзолари кўпчиликни ташкил этарди. Бунинг устига Пассарелла барча масалада Меноттини қўллаб-қувватларди. Масалан, мундиалда иштирок этадиган футболчилар орасидан уч нафар ортиқча ўйинчи хизматидан воз кечиш керак бўлиб қолди. Шу уч футболчининг бири 17 ёшли Диего Марадона бўлганди. Пассарелла шу масалада Меноттининг ёнини олди.

«Ривер Плейт»да у етти йилдан кўпроқ тўп сурди. Жамоанинг етти бор мамлакат чемпиони бўлишига кўмаклашди. Уни ватанида «Буюк сардор» дея атай бошладилар. Ҳатто ҳайкал қўйишларига сал қолди. Аммо қўйилганида бу ҳайкалга фақат бир кишининг таъзим қилмаслиги кундай равшан эди. Биз Марадонани назарда тутяпмиз.

Лекин Марадонанинг ўйини кучайган сайин Пассарелланинг мавқеи пасая борди. 1982 йилги мундиалда ҳар иккала футболчининг ўз атрофига тарафдорларини тўплаб олиши терма жамоа ўйинига салбий таъсир кўрсатди. Икки қўчқорнинг боши бир қозонга сиғмас экан. Жамоа жаҳон чемпионатидан қуруқ қўл билан қайтди.

Меноттининг ўрнига терма жамоани бошқаришга киришган Карлос Билардо Марадонанинг хизматидан фойдаланишни лозим топди. Аммо жамоа мушкул аҳволга тушган пайтда Пассарелланинг хизматига таянган чоғлари ҳам учради. Масалан, 1986 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичининг охирги ўйинида жамоанинг жонига Пассарелла ора кирди. Перуга қарши кечаётган учрашувнинг 81 – дақиқасига келиб, аргентиналиклар 1:2 ҳисобида ютқазишаётганди. Ўйин шу натижа билан тугаса, улар мундиал йўлланмасини қўлга кирита олишмасди. Шундай таранг вазиятда Билардо Пассареллони ҳужумчи сифатида майдонга туширди ва унинг саъй – ҳаракати эвазига иккинчи жавоб тўпи киритилди. Бу дуранг Аргентинага мундиал йўлланмасини тақдим қилди. Аммо Пассареллага Мексикада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида майдонга тушиш насиб қилмади.

Айтиш жоизки, қаҳрамонимиз 1978 йилги жаҳон чемпионати, 1979 йилги Жанубий Америка чемпионати ғолибидир. У 35 ёшга киргунга қадар тўп сурди.Аргентина ва италия чемпионатларидаги ўйинлари давомида 134 та гол киритишга эришди. Бу жаҳон футболи тарихида ҳимоячилар томонидан қайд этилган иккинчи натижадир. Ҳаммадан кўп фақат Роналд Куман киритган. Унинг ҳисобида 193 та гол бор.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?