Нохушликларни ислом динига боғлашдан мақсад нима?

18:36 23 Май 2019 Маданият
544 0

Иллюстратив фото

Сўнгги вақтларда интернет тармоқларида “имом ундай бўлди”, “масжид бундай бўлди” қабилидаги иддаолар акс этган материаллар тез-тез кўзга ташланмоқда. Жумладан, “Деновда ҳамшаҳрига марихуана берган масжид ноиби қўлга олинди”, “Уйи томсиз қолган имомга ёрдам берайлик”, “Даҳшатли алангадан мўъжиза туфайли омон қолган имом зудлик билан операция қилиниши зарур” каби мақолалар эълон қилинди. Хўш, бундай чиқишлардан мақсад нима? Уларда ҳақиқат ва холисликка қай даражада амал қилиняпти?

Афсуски, бу саволларнинг барчасига ҳам ижобий жавоб бериб бўлмайди. Баъзи материалларда ҳақиқий воқеликка терс бориш, шов-шув ортидан қувиш, ўқувчилар эътиборини кўпроқ жалб қилиш, ҳатто фитна-фасодларни кўпиртириш ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан, яқинда эълон қилинган “Қўқонда имом ёрдамчиси гиёҳванд моддалар билан қўлга тушди” сарлавҳали хабарда косибчилик билан шуғулланиб, шу билан бирга, Қўқон шаҳридаги масжидлардан бирида имомга ёрдамчилик қилиб келган бир шахс гиёҳванд моддалар билан қўлга тушиб, жазо тайинлангани ҳақида гап боради.

Шу ўринда кишини ўйга толдирадиган жиҳат: асосий касби косибчилик бўлган инсоннинг имомга ёрдамчилик қилганини (“ёрдамчи” деган штат йўқ) сарлавҳага олиб чиқишдан мақсад нима? Нега сарлавҳа “Косиб гиёҳванд моддалар билан қўлга тушди” шаклида эмас? Боз устига мазкур шахс ўтган йили ишдан бўшаб кетганига нима дейсиз?..

Жиноят қилган одамнинг динга муносабати, масжидга алоқаси олдинги планга олиб чиқилмаслиги лозим. Бу одам жиноят қилган экан, қонуний жазосини олди. Бироқ ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш илинжида диний идора, масжид ё имом, умуман, ислом шиорларини ёмонотлиқ қилишга уриниш тўғри эмас, ҳатто гуноҳдир.

Интернетдаги бетизгин эркинлик сабабли баъзилар ҳурмат-эҳтиром каби инсоний туйғуларга, қонун-қоида каби меъёрларга риоя қилмаётгани ҳам кўзга ташланмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмасмагар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”, деб баён қилган (Қоф сураси, 18-оят). Ушбу ояти каримадан журналистларнинг ҳам айтганлари ва ёзганларини муаккал фаришталар ёзиб бориши, вақти етиб дафтар кўтарилганда бугун ёзганларимиз эртага ўзимизнинг фойдамиз ёки зараримизга ҳужжат бўлиши аён бўлмоқда.

Шундай экан, бирор сўзни айтишдан, ёзишдан олдин Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, аждодларимиз ибрати, ислом дини қадр-қиммати ҳақида ўйласак, бунинг жавобгарлиги ҳамда масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик.

Айтиш жоизки, ҳаммани лол қолдирадиган материал ёзаман, деб арзон шуҳратга учиб, нохолис йўлдан бориш журналистика этикасига ҳам, миллатимиз ахлоқига ҳам, динимиз таълимотига ҳам мутлақо тўғри келмайди.

Тўғри тушунамиз, ўша жиноятчининг асл касби қолиб, имомга ёрдамчи эканининг сарлавҳага чиқарилишининг ҳам ўзига яраша сабаблари бор: диндор одам жиноятчи бўлмайди, диндор одам оғуфурушлик билан шуғулланмайди, диндор одамнинг бу каби қабиҳлик билан шуғулланиши бошқаларникидан икки чандон даҳшатли ҳодиса саналади... Мақолага сарлавҳа қўйилганда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилган. Бироқ ўқувчини қизиқтириш, жиноятнинг кўламини бўрттириб кўрсатиш учун қўлга тушган жиноятчиларнинг намоз-ниёзи борини динга боғлайвериш одамларда дин ва диндорларга нисбатан салбий фикрни шакллантиришга, улардан ҳадиксирашга сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Ана шундан эҳтиёт бўлган маъқул, азизлар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019