Ногиронлиги яққол кўриниб турган одам қайта тиббий кўрикдан ўтиши шартми?

18:02 28 Февраль 2020 Сиёсат
178 0

Бу аслида шарт бўлмаса ҳам амалдаги тартиб бўйича ногиронлар тиббий кўрикдан ўтиб, овора бўлмоқда. Бу ҳолатни Сенат раиси “оёғи ёки қўли йўқ ногироннинг шу аъзоси қайта ўсиб чиқмайди-ку?!”, деб кескин танқид қилди.

Сенат ялпи мажлисида тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва ногиронликни аниқлаш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборишга оид масала кўриб чиқилди.

Ушбу масала юзасидан Сенат аъзоси, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази акциядорлик жамияти директори Равшанбек Қурбонов сўзга чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилганини қайд этди.

Бироқ, соҳада камчиликлар ва ўз ечимини кутаётган муаммолар сақланиб қолмоқда. Сенат раиси Танзила Норбоева ўз мулоҳазаларини билдирар экан, ногиронлик бўйича муаммолар кўпайиб кетганини қайд этди. Тиббиёт соҳасига бўлган эътибор кучайтирилганига қарамасдан, бундай ҳолатлар борлиги тизимли стратегиянинг ўзи йўқлигини кўрсатмоқда. Аслида ногиронлик масаласи билан нафақат соғлиқни сақлаш, балки бандлик, Савдо-саноат палатаси ҳам шуғулланади. Лекин улар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўқ.

— Ногиронларга зарур бўлган протезлаш марказлари кераклиги ҳақида қанча гапирамиз, — деди Танзила Норбоева. — Лекин марказлар ҳали етарли эмас. Протез воситалари зарур бўлган ногиронларнинг бор-йўғи 3 фоизига хизмат кўрсатиляпти. Ногиронларни тиббий кўрикдан ўтказиш борасида ҳам шифокорлар етишмаслиги ва бошқа муаммолар мавжуд. Ногиронлар тиббий кўрикдан ўтишда 8-10 кундан ортиқ вақт сарфлашининг ўзи уларни қийин аҳволга туширмоқда.

- Парламент сўровига жавоб беришда эса фақат рақамларни қайд этиш эмас, бизга аниқ режа берасиз, — деди Сенат раиси. – Муаммонинг ечимлари акс этмаган жавоб бўлса, қайтариб юборилади. Шу нарса эътиборда бўлиши керакки, ногиронлик фақат тиббий эмас, балки ижтимоий масаладир.

ЎзА

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?