Навоий ҳокими Ёшлар иттифоқи бир гуруҳ фаоллари киргач, нега кабинетидан чиқиб кетди?!.

16:14 16 Ноябрь 2019 Жамият
1710 0

Сардорлар ҳамда фаол ёшлар иштирокидаги ушбу ташриф аслида иттифоқнинг вилоят Кенгаши томонидан уюштирилиб, унинг мундарижасига кўра иштирокчи ёшлар раҳбарлик масъулиятларини ҳис этишлари лозим эди. Шу боис вилоят ҳокими К. Турсунов уларни холи қолдириб, қарийб бир ярим соатдан сўнг ёшлар билан юзма-юз мулоқот учун қайтиб келди.

Учрашувда ёшларнинг ота-оналари, ўз иқтидорини юзага чиқариб, ижодда, таълим ва илмий изланишда муваффақиятларга эришган талабалар, ёш олимлар ҳам иштирок этишди.

Мулоқот яратилаётган шароитлардан мамнун ёшларнинг ҳамду санолари ёки вилоят раҳбарининг ёшларга ўгитларидан иборат бўлмай, аввал бошданоқ креатив лойиҳалар, таклиф ва ечимлар, бугун болаларни ташвишга солаётган тенгқурларининг муаммолари атрофида кечди. Хусусан, Навоий шаҳридаги 16 – мактабнинг ўқувчиси Севинч Ўктамованинг лойиҳа таклифи ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

- Лойиҳамни шартли равишда “Бахт оромгоҳи”, деб атасак. Унинг доирасида шаҳримиздаги “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ва фарзандга зор ота-оналарнинг битта дам олиш маскани ёки оромгоҳда ҳордиқ чиқаришлари ташкил этилса. Эҳтимол, мазкур тадбир туфайли улар бир-бири билан иноқлашиб, бир оила бўлишар, - дея таклиф берди у. 

Севинчнинг бу таклиф лойиҳаси вилоят ҳокими К. Турсунов томонидан қўллаб-қувватланди ҳамда мутасаддиларга унинг барча ташкилий жиҳатларини маромига етказиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, суҳбат жараёнида ёшлар илмий изланишлар, мактаб ҳаётида дуч келаётган масалаларни ўртага ташлашди. Мулоқот якунида вилоят ҳокими фаол ёшларни рағбатлантирди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур тадбир вилоятда “Талабалар ҳафталиги” доирасида ўтказилиб, уни ҳар бир туман ва шаҳарда ўтказишга келишиб олинди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019