Навоий даҳосига таъзим ёхуд академик Азиз Қаюмовнинг сўнгги суҳбати

12:14 22 Май 2020 Жамият
171 0

Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавияти кўзгуси. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, бой маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни ҳозирлаймиз.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Улуғ шахслар маълум бир миллатга мансуб бўлса-да, уларнинг даҳоси инсониятга зиё тарқатиши билан аҳамият касб этади. Асрлар давомида ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг турли жабҳаларида етишиб чиққан такрорланмас истеъдод эгалари — улуғ мутафаккирлар, салоҳиятли олиму уламолар, фидойи шоиру адиблар туфайли ўзбек халқи жаҳон саҳнида бугун ўзининг муносиб қиёфасига эга бўлиб тургани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли, турли тилларда заминга инган ваҳийликнинг асосида ётган сўзни туркийда баралла жаранглата олган буюк мутафаккир шоир Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг ҳайкали она сайёрамизнинг турли кўркам шаҳарларида қад ростлаб турган бўлса, унинг асарлари миллати ва элати, дину ирқидан қатъи назар, миллионлаб қалбларга мангу зиё сочиб турибди.
 

Ўтган асрнинг илк чорагидаёқ Алишер Навоий ижодини чинакам илмий мезонлар асосида ўрганишга киришилди. Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Олим Шарафиддинов, Мақсуд Шайхзода, Воҳид Абдуллаев, Евгений Эдуардович Бертельс, Ҳамид Олимжон, Ҳоди Зариф сингари шоир ижоди тадқиқотчилари сафига кейинроқ Порсо Шамсиев, Ҳамид Сулаймонов, Натан Маллаев, Воҳид Зоҳидов, Иззат Султон, Суйима Ғаниева, Алибек Рустамов, Абдуқодир Ҳайитметов, Ботур Валихўжаев, Ёқубжон Исҳоқов сингари нуктадон олимлар ҳам қўшилдики, улар орасида филология фанлари доктори, академик Азиз Қаюмовнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Икки йил аввал, домла ҳаётининг сўнгги йилларида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари танлови ғолибларидан бири сифатида таҳририятга ташриф буюрдилар. Сўз берилганида тилга олаётган ҳар бир ҳаётий воқеа-ҳодисага Алишер Навоийдан мисоллар келтиришлари иштирокчиларга юксак завқ-шавқ бағишлаган эди. Сермазмун умрида академик Азиз Қаюмовнинг бу сўнгги суҳбати бўлди. Кўп ўтмай, у киши ҳаётдан кўз юмдилар. Қуйида эълон қилинаётган суҳбат 2017 йил декабрь ойида мухбиримиз Шойим Бўтаев томонидан ёзиб олинган.

Матбуотга болаликдан қалбимизда муҳаббат уйғонган

— Ўтган асрнинг ўнинчи йилларида газета халқимиз ҳаётида энди-энди ­оммалаша бошлаган эди, — дея сўз бошладилар академик Азиз Қаюмов ўша учрашувда. — Падари бузрукворимиз ҳам мана шу йилларда газета ўқишга чанқоқлик билан киришиб, ке­йин бутун ҳаётлари давомида бу машғулотни канда қилмаган эдилар. Бизни ҳам шундай қилишга даъват этардилар. Жиддий мақолаларни яхши тушуна ол­масак, у киши бизга тушунтириб берардилар. Мана шу йўсинда мат­буотга болаликдан қалбимизда муҳаббат уй­ғонган. Ўша-ўша қўлимга газета олмаган кун мен учун беҳуда ўтгандек туюлаверади. Унинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.

Мактабда ўқиб юрган пайтларимда эса “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) ва Қўқон шаҳрида чиқадиган “Янги ­Фарғона” газеталарига ёзган нарсаларим чиқа бошлагани менга қанот бағишлаган эди. Уруш вақтида мен “Янги Фарғона” газетасида озроқ вақт адабий ходим бўлиб ишладим. Ёзув саводхонлиги, матн устида ишлаш борасида ижод аҳли, илм аҳли учун газета катта мактаб эканлигига ўшанда ишонч ҳосил қилганман. Мат­буотнинг аҳамияти, ҳаётда тутган ўрни, унинг таъсир кучи ҳақида шогирдларимга ҳамиша уқтириб келаман.

Ўзбек адабиёти қадим даврлардан бошланган

Ўзбек адабиёти қадим даврлардан бошланган. Ўша вақтда Олим ­Шарафиддиновнинг “Ўзбек адабиёти тарихи хрестоматияси” деган икки томлик китоби босилиб чиққан эди. Биринчи томи уруш бошланишидан аввал, иккинчи томи урушдан кейин чиққан. Бу китоб ўзбек адабиётининг минг йиллик тарихини ўз ичига олган. Олим Шарафиддинов Ўзбекистонда биринчи бўлиб ­Алишер ­Навоийнинг ижодий таржимаи ҳолига доир китоб ёздилар. У китобни ёдлаш даражасида ўқиганмиз. Мактабда ҳам ўқиганмиз. Уйда ҳам ўқиганмиз. Бизнинг авлод Олим Шарафиддинов, Ҳоди ­Зариф, Воҳид Зоҳидов, Евгений Бертельс сингари улуғ олимлар таъсирида шаклланди. 1944 йил Тошкентга келиб, Ўрта Осиё давлат университетининг филология факультетига ўқишга киришга ҳаракат қилдим. Ўша йили университетда шарқ­шунослик факультети очилди. Ўтмиш даври адабиёти билан шуғулланиб, қизиққаним туфайли мен шу факультетга ўқишга кирдим. Абдураҳмон Ҳамроев факультетимизни ташкил этган, раҳбарлик қилган деканимиз эдилар. ­Абдуғани Муталлибов, Содиқ Мирзаев араб тилидан, эронлик Тобо Тобоий деган муҳожир форс тилидан сабоқ беришган.

Мен олий ўқув юртини 1949 йилда тамомлаганман. Аммо 1948 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида ишлайман. Шарқшунослик институтида биз талабалар қўлёзма китоблар бўйича амалиёт ўтаётган вақтимизда институт директори, академик Воҳид Йўлдошевич Зоҳидов мени чорлаб, кичик илмий ходимликка таклиф қилдилар.

— Менга қандай вазифа юклайсиз, — дея сўрадим.

— Ўзингнинг иштиёқинг қандай, қайси йўналишда ишлашга мойилсан, — ­дедилар.

Мен Қўқон адабиёти бўйича ишласам, дедим. Боиси Қўқонда туғилиб ўсганмиз, Қўқон мактабларида таҳсил олганмиз. Бу ерда Чархий домла, Чустий, Собир ­Абдулла каби шоирлар билан учрашиб, суҳбатлашиб, баҳра олганмиз. Домла менинг фикр-мулоҳазаларимни тинглаб бўлиб, “Қўқон адабиёти деган адабиёт йўқ”, дедилар. “Битта ўзбек адабиёти бор, бошқа адабий марказлар катта ­дарёнинг ирмоқлари”, дедилар. “Ўша адабий марказлар секин-аста катта бир дарё пайдо қилади ва ўша дарёнинг оти — ўзбек ­адабиёти”, дедилар.

Мен домланинг бу гапларидан таъсирланиб кетдим. У кишининг таклифини мамнуният билан қабул қилдим. У киши устоз, раҳбар сифатида бизга катта-катта йўналишлар берар эдилар. Олим одам майда-чуйдалар билан ўралашиб қолмаслиги кераклигини таъкидлар эдилар. Шу тариқа Фанлар ака­демиясида шакллана бошладик.

Академиянинг президенти ­Тошмуҳаммад Алиевич Саримсоқов эдилар.

Кучли математик эди

Бир куни бир дўстимиз, Тошмуҳаммад Алиевич Саримсоқов ҳақидаги хотираларингни ёзиб бергин, деб қолди. Мен математикадан йироқ одамман, у киши эса буюк математик одам, қандай ёзишим мумкин, дедим. Тошмуҳаммад­ Алиевич Саримсоқовни кўрган, бирга ишлаган, суҳбатини олган одамлар кам қолган, ўшалардан биттаси сенсан, математика қисмини ўзимиз ёзаверамиз, сен домла билан учрашганларинг, суҳбатларинг, муносабатларинг, суҳбат асносида нималар ҳақида гаплашганларинг ҳақида ёз, деди дўстимиз. Мен жиддий ўйланиб қолдим. Олим одам фақат ўз соҳасида шуғулланиш билан чекланмасдан, ­бошқа илмларни ҳам ўрганиши, бошқа илмлардан ҳам хабардор бўлиши лозимлиги ҳақида буюк зотларнинг гаплари борлиги тўғрисида эшитгандим. Шу сабабли ўйланиб қолдим.

Бир куни Тошмуҳаммад Алиевич ­билан суҳбатлашиб ўтирганимизда 1942 йилда, уруш вақтида мактабни ­битирганимни айтдим. У киши мен ­докторлик диссертациясини ёқлаган эдим, дедилар. Домла 1915 йил туғилган эдилар. Демак, 27 ёшларида фан доктори бўлган эканлар!

Домланинг “Умр довонлари” деган китоблари чиққан. Кейин домла ҳақида катта хотиралар тўплами чиққан. Ўшанда докторлик диссертациясини ёқлаганлари ҳақида ёритилган. Шундай одамлар билан учрашганинг, суҳбатлашганинг учун шукроналар қилгин, дедим ўзимга ўзим ва қўлимдан келганча хотираларимни ёзиб бердим.

Туғилган юртини севган киши улуғ ишларга қодир бўлади

Мен кўриб, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлган улуғ зотлардан яна бири Ҳабиб Муҳаммедович Абдуллаев эди. У киши ҳам ўз вақтида Фанлар академияси президенти бўлганлар. Улар ёшларга жуда ғамхўр, меҳрибон одам эдилар.

Бир куни мени ахтараётганликларини эшитиб, академия президиумига келдим. 1958 йил эди, демак, 32 ёшда эдим. Эндигина номзодлик диссертациямни ёқлаган эдим.

— Сенга бир вазифа юклаймиз, — дедилар домла очиқ чеҳра билан.

— Сиз қандай вазифа юкласангиз, қўлдан келганча ижро этамиз, — дедим.

— Сени Тил ва адабиёт институтига директор қилиб тайинладим, ишга тушавер, — дедилар домла.

Мен ҳайратда қолдим. Тил ва адабиёт институти бизнинг авлод учун муқаддас жой. Ойбек домла, Иззат ­Султон директор бўлганлар. Бу даргоҳни Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган филолог олимлари бошқарган. Мени ҳали ҳеч ким танимас ҳам, билмас ҳам эди. Қандай бошқарар эканман, деб ўйланиб қолдим. Ҳабиб Абдуллаев буйруққа шу вазифани вақтинча бажариш фалончига юклансин, деб ёзган эдилар. Буям институтдаги ёши катта одамлар орасида шубҳа уйғотди. “Бир болани Ҳабиб Абдуллаев бизга бошлиқ қилиб юборибдилар”, дейишди.

Энди бугун ёшим улғайиб, у киши нима учун шундай қилганликларининг сабабини яхши фаҳмлайман. Касаба уюшмаси фаоли бўлганим боис бир қарорни ўзим топиб келдим. Қарорда вақтинча бажарувчи бўлиб тайинланган киши, 12 кун эски маошини олиши мумкин эканлиги ҳақида ёзилган эди. Масалан, кичик илмий ходим 98 сўм маош олар эди. 12 кунгача ўша 98 сўм маош олиб, вақтинча юклатилган вазифасини бажариши мумкин экан. 12 кун ўтгандан ­кейин қанча маош тайинланган бўлса, ўша ­маошни олса бўлар экан. Мен бу қарорнинг нусхасини мусоҳибимизга бердим. Шундан сўнг менга институт директори маошини тўлай бошлашди.

Ҳабиб Абдуллаев янги номзод бюрога етиб боргунча мингта чиғириқдан ўтиши кераклигини яхши билардилар. Биттаси ўтказса, иккинчиси ўтказмайди. Ким бу, ҳеч ким танимаган ёш болани институтга бошлиқ қилиб қўяди, деган гап туғилмай иложи йўқ. Ўша тўсиқни айланиб ўтиш учун мени вақтинча директор қилиб тайинладилар. Вақтинча дегандаям уч йил ишладим.

Ҳабиб Абдуллаев катта раҳбар, кучли шахс эдилар. Ўз фикрларини ўтказишда жуда қатъий эдилар. Бирор киши у ­кишининг сўзини икки қила олмас эди.

Ҳабиб Абдуллаев ёш авлодга ибрат олса бўладиган даражада ижобий муносабатда бўлар эдилар. Мана ҳозир Президентимизнинг ҳар бир нутқини тинглар эканман, улуғ зотлардан мерос бўлиб келаётган муқаддас анъаналар бардавом эканлигидан бошим осмонга етгудек бўлади. Раҳмат газеталаримизга, бу нутқларнинг мукаммал матнини ўзбек тилида ҳам, рус тилида ҳам бериб боришяпти. Бутун диққат-эътибор ёш авлодга қаратилгани ишларимизнинг давомчилари борлигини англатади. Ҳозир ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. Албатта, ўз туғилган юртини севган кишигина улуғ ишларга қодир бўлади.

Келажак учун пойдевор

Фанлар академияси президиум мажлисида институт директори сифатида аспирантурага номзодларни олий мактабни тугатмаган талабалар ичидан танлайлик, деган фикрни билдирган эдим. Фан номзодлари, фан докторларини мана шундай ёшлар орасидан тайёрлайлик, деган эдим. Академиянинг ўша вақтдаги президенти Пўлат Ҳабибуллаев талабалар ичидан ёки мактаб ўқувчилари орасидан эмас, болалар боғчасидан тайёргарликни бошлашимиз керак, деган эдилар. Мана бугун Мактабгача таълим вазирлиги алоҳида очилган. Бу жуда катта муваффақият. Саводли болалар келади мактабга. Ана ўшалардан танлаймиз арбобларни. Шунинг учун ҳозирги Президентимизнинг тутган йўллари буюк келажакни қуриш учун мустаҳкам пойдевор яратади. “Бўладиган бола бошидан маълум”, дейишгани бежиз эмас.

Баркамол авлодни шакллантириш жуда муҳим масала

Академик Тошмуҳаммад Ниёзович Қори Ниёзий номидаги илмий марказ бор эди. Математика бўйича бир фан доктори раҳбарлик қилар эди. У киши Қори Ниёзий ҳақида бир нарса ёзиб беринг, деди бир куни, сиз у кишини кўп кўргансиз, суҳбатларини олгансиз, деди. Шу нарсани ёзиш мақсадида, Қори ­Ниёзий домланинг “Ҳаёт мактаби” китоб­лари, у киши тўғрисида ёзилган бошқа ишлар билан танишиб чиқдим. У вақтда ­Усмон Юсупович Юсупов Марказкомнинг биринчи секретари бўлганлар. У киши маориф ходимлари олдида кўп нутқлар сўзлаганлар. Қори Ниёзий домланинг ёзганларини Усмон Юсуповнинг нутқлари матнлари билан солиштириб чиқдим. Шундан билдимки, иккисида ҳам маориф ходимлари борасида бир хил фикр айтилган. Энг катта эътибор бошланғич синфга қаратилсин, дейилган, энг тажрибали ўқитувчилар бошланғич синфга юборилсин, энг катта маош ўқитувчиларга берилсин, деб Усмон Юсупов ҳам ­айтганлар, Қори Ниёзий ҳам айтганлар. Улар икки хил гап айтиши ҳам мумкин эмас эди. Битталари маориф халқ комиссари, битталари мамлакатнинг биринчи раҳбари. Демак, ёш авлодга бўлган муносабат мамлакатнинг истиқболини тайёрлар экан. Ўзимиз ҳам шуни сездик.

Ёш авлодни шакллантириш, уларнинг орасидан бўладиган ёшларни топиш ва уларга диққат-эътибор қаратиш бизнинг вазифамиз. Мамлакат, халқ олдидаги вазифамиз. Ёш авлодни шакллантириш жуда муҳим масала.

Президентимиз буюк боболаримизга ҳурмат кўрсатдилар

Президент Шавкат Мирзиёев буюк боболаримиз ҳақида кўп гапирадилар. Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий ва бош­қаларни жуда кўп тилга оладилар. Ёш авлод билсин, дейдилар. Ҳақиқатан ҳам, Абу Райҳон Беруний 18 ёшида глобусни яратган. Ўзидан ўзи яратмайди 18 ёшли бола. Унинг ҳам устози бўлган, унинг раҳбарлиги остида яратган. ­Муҳаммад Хоразмийдан бошлаб то Ибн Синогача ҳаммалари катта олимлар бўлиб, дунёга танилган ва халқимизни танитган. Лекин битта фигура юртимизда кам ўрганилган. Абу Наср Форобий. Абу Наср Форобий Фороб деган шаҳарчада туғилган. Тошкентдан 100 километр. Тошкентсиз Форобий юзага чиқмас эди. Отаси ҳарбий хизматчи бўлган. Фороб шаҳри ҳозир Қозоғистон ҳудудида. Мен борганман у ерга. Бир неча китоб­лардан олиб келганман. У киши, асосан, араб тилида ёзган. Китоб­лари араб тилидан лотин тилига, ундан Европа тилларига, кейин рус тилига, рус тилидан қозоқ тилига таржима қилинган. Форобий бўйича бутун Ўзбекистондан битта одам шуғулланган. У киши катта олим эдилар. Музаффархон Хайруллаев. Фалсафа институти директори эдилар, сўнг Шарқшунослик инс­титутида ўн йил директор бўлганлар. Мен Форобийнинг китобларини олиб келдим, кейин ўзим ўйлаб қолдим. Мен қўлимдан келганича Беруний ҳақида, ­Хоразмий ҳақида, Фарғоний ҳақида бир-иккита мақолалар ёздим, чиқардим, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китоби таржимаси тақдимотида қатнашдим, Ибн Сино ҳақида бир китобча ҳам чиқардим. Лекин ўзим Форобий ҳақида ҳеч шуғулланмадим. Музаффархон Хайруллаев­ ёзган китобларни ўқиб чиқдим. Жуда яхши ёзилган, жуда билимдонлик билан ёзилган. Ўзлари жуда истеъдодли, меҳнатсевар олим эдилар. Лекин уларнинг вафотидан кейин Ўзбекистонда ҳеч ким Форобийни тилга олмайди. Мана Шарқшунослик институти қайта тикланди, ўз ишини давом эттиряпти. Яқинда суриштирдим, Форобий ҳақида кимдир ишлаяптими, деб. Шуғулланган бир қанча одамлар вафот этишган ­дейишди. Ёшлар орасида йўқми ­Форобийни ўрганаётган, дедим. Бу ишнинг давомчилари ҳали йўқ, дейишди.

Ёшлар билан ишлаш асосий вазифамиз

Мен олиб келган китобларим асосида бир иш устида ишлаяпман. Мана, Навоийни ҳамма ўрганади, ҳамма билади. Кимдан ўрганган, Олим ­Шарафиддиновдан, Ойбекдан, Иззат Султондан ўрганган. Демак, ёш авлод билан ишлаш бизнинг асосий вазифамиз. Ишимизнинг муносиб давом эттирувчиларини тайёрлаш ўзимизга боғлиқ. Ҳозир шу масалага тўғри эътибор берилмоқда. Давлат ҳам диққат қилмоқда, ўзимиз ҳам эътибор қилмоқдамиз. Ҳисоботларимизда биздан ёш авлодни тайёрлашда қандай иштирок ­этаётганимизни сўрашади. Кимларни тайёрлаб чиқардинг, дейишмоқда. Бу масалалар юқори аҳамиятли ҳисобланаётгани мақтовга сазовор.

Биз фалончини тайёрладим, деб ғўддайиб юришимиз керакмас. Ёш авлод ишимизнинг муносиб давомчилари бўлиб, биздан ҳам яхшироқ ишлашлари, чуқурроқ ўрганиб, халққа тақдим этишлари керак. Мамлакатнинг келажаги шу туфайли таъминланади. ­Навоийшунос сифатида гапимни ­Алишер Навоийнинг бир шеъри билан тамомлайман.

Умр кунин қисмат этибтур қазо,

Ҳар чоғин бир ишга қилур иқтизо.

Ўнғача ғафлат ила побасталиқ,

Жаҳл йигирмагачау мастлиқ.

Ўттизу қирқ ичра эрур айшу ком,

Ваҳки, манга ул доғи эрди ҳаром.

Қилмади элликда тараққий киши,

Олтмишу барча таназзул иши.

Етмиш аро вожиб эрур турмоғинг,

Саксон аро фарздир ўлтурмоғинг.

Тўқсон аро бўлди йиқилмоқ керак,

Юз аро жон таркини қилмоқ керак.

— Дадам Навоий, Фузулий, Машраб ғазалларини худди Қуръон тиловат қилгандек чиройли оҳанг билан ўқирдилар, — деган эдилар домла бир суҳбатларида. — Ғазал оҳанглари ҳозир ҳам қулоғим остида жаранглайди. Оиладаги ана шу муҳит мени болаликдан китобга ошно қилган, бутун ҳаёт йўлимни белгилаб берган.

Алишер Навоий даҳосига бир умр таъзимда яшаб ҳаётини илму маърифат билан зийнатлаган академик Азиз Қаюмовнинг қолдирган мероси ёшлар учун бебаҳо хазинадир. У киши ­Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидан умр йиллари ҳақида сатрларни бот-бот такрорлар эканлар, асосий ­айтилмоқчи бўлган фикрни эса алоҳида урғулаб таъкидлар эдилар:

Умр эрур тақвою тоат учун,

Тенгри буюрғонға итоат учун.

Ҳақиқатан ҳам, буюк шоир Алишер Навоий даҳоси барҳаётдир. У ўз авлодларига муносиб ибрат бўлиб, асрлар қаъридан мангу сабоқ бериб турибди.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президенти Адиблар хиёбони очилишида соҳавий йўналишидан қатъи назар, барча олий таълим муассасаларида ўзбек адабиётини ўқитиш, ўқув режасига Алишер Навоийга бағишланган махсус фан — Навоийшунослик фанини киритиш ҳақида ­қимматли фикр-мулоҳазалар билдирди. Юртимизда бугунги кунда ­ада­биётга, китобга, маънавиятга берилаётган юксак эътибордан буюк бобомиз асрлар қаъридан мамнун боқиб тургандек гўё. Ўрта асрлар Уйғониш даврида Шарқнинг ҳар бир шаҳрида шоиру адиблар, олиму уламолар халқ эъзозида, солиқлардан озод қилингани, эътибор ­топгани анъана сифатида давом этиб келмоқда. Энди очиқ осмон остидаги Адиблар хиёбонида янгича уйғонишлар давом этади. Буюк мутафаккир ­Алишер Навоийнинг ўлмас руҳи бундай анжуманлардан шод бўлиб, авлодларига ­миннатдор боқади.

******

Мухтасар маълумот:

Азиз Қаюмов 1926 йил январь ойида Қўқонда туғилган.

Катта бобоси Абдураҳим Мирзо Қўқон хони саройида мирзабоши бўлиб ишлаган.

Бобоси Абдуқаюм Мирзо Қўқоннинг уста хаттотларидан саналган.

Отаси Пўлат Қаюмов ўқитувчи, онаси Адолатхон ая хат-саводли уй бекаси бўлган.

Азиз Қаюмов 1949 йил Ўрта Осиё давлат университетини битирган.

Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида директор, Тошкент маданият институти ректори ва Ҳамид Сулаймонов номидаги қўлёзмалар институтида раҳбар бўлиб ишлаган.

***********

“Навоийнинг қаҳрамонлари Фарҳод — Хитойдан, Искандар — Юнондан, Ширин — Арманистондан, Қайс — Арабистондан, Шопур — Эрондан. Бу образларни яратган Навоий эса ўзбек халқининг шоири”.

Н. И. КОНРАД, академик.

“Саъдий “Гулистон”ининг таржимаси Оврупода XVII асрда амалга оширилганини эсласак, Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони Оврупода илк таржима этилган ва Ғарб ўқувчилари орасида катта шуҳрат қозонган Шарқ адабиёти намунаси бўлиб чиқади”.

Е. Э. БЕРТЕЛЬС, профессор.

“Навоийгача бўлган даврнинг ғазалчилиги — ўзи битта қоя. Навоий бирданига ўртага Помирдай чиқиб қолди. Ундан кейин яна пастга қараб саҳро бошланди. Бобур яна катта бир тоғ сингари ўртага чиқди”.

Абдулла ОриповЎзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири.

“Навоийни ўқиш эси бор ишқибозга шеър ёзишнигина эмас, шеър ёзмасликни ҳам ўргатади. Навоийни ўқимай қўйиш — уни йўқотиш билан баробар. Навоийни йўқотиш эса халқимиз учун ўзликни йўқотиш демакдир. Негаки, у — асл ўзагимиз, томиримиз, узоқ тарихимиз жам бўлган қомусимиз, руҳий неъматимиз. Навоийнинг тантилиги, теранлиги, улуғлиги — аввало ўзбекнинг қалбига хос, сўнг умумжаҳонники”.

Эркин ВОҲИДОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?