Намангандаги кутубхонага “Нодира” номини ким берганди?

11:37 21 Май 2020 Маданият
447 0

21-май – кутубхоначилар куни

Билим ва маърифат ўчоғи бўлган бу зиё маскани асли 1918 йилда, Намангандаги пахта тозалаш заводи клуби қошида 540 китоб фонди билан иш бошлаган. Орадан 10 йил ўтиб у алоҳида бинога кўчирилади. 1936 йилда китоб фонди 18398 тага, китобхонлар сони эса 8595 тага етади. Наманган вилояти қайта ташкил этилгач, 1941 йили муассасага вилоят кутубхонаси мақоми берилади. 1980 йилда кутубхона учун шаҳар марказида 4 қаватли муҳташам бино қурилади. Унинг очилиш маросими ҳамон Наманган адабий жамоатчилиги, кўп минг сонли китобхонлар ёдида. Тантанага республиканинг биринчи раҳбари Шароф Рашидов ташриф буюриб, лентани қирқиб берган эди. Унинг таклифи билан зиё масканига оташин шоира Нодира номи берилади.

2019 йил ҳам маънавият ва маърифат даргоҳи учун ёдда қоладиган бўлди. Маълумки,ўтган йилнинг 28 февраль-1 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи чоғида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан вилоят ахборот-кутубхона марказини замон талабларига мос равишда таъмирлаш, унинг фондини янги китоблар билан бойитиш, хорижий давлатлар кутубхоналаридан масофавий фойдаланиш имкониятини яратиш, ўқувчиларга китоб мутолааси учун қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш таклифи билдирилган эди. Таклиф қабул қилиниб, унинг ижроси доирасида катта ҳажмда бунёдкорлик ва жиҳозлаш тадбирлари амалга оширилди.
 

Эндиликда марказ аҳолини зарур адабиётлар ва ахборот билан тўла-тўкис таъминлаш имкониятига эга бўлган замонавий зиё масканига айланган. Хусусан, унинг биносини модернизациялаш жараёнида бу ерда  китобхонлар учун 7 та ўқув зали бунёд этилди. Уларда бир пайтнинг ўзида 500 нафарга яқин китобхон мутолаа қилиши мумкин. “Bookcafe”, QR кодли электрон китоблар, аудио адабиётлар, янги асарлар кўргазмаси, медиа ва интернет заллари, хорижий ёзувчилар асарларини ўқиб-ўрганишга мўлжалланган “Дўстлик” ўқув зали ва бошқа хоналар бу ерга ташриф буюрувчилар учун ҳар томонлама қулайлик яратгани билан аҳамиятли. Бинонинг иккинчи қаватида “Нодирабегим” зали ташкил этилган бўлиб, унда ҳассос шоиранинг ҳаёти ва ижоди, у яшаб ўтган даврдан ҳикоя қилувчи экспонатлар ўрин олган.

— Янгиланган бинода аҳоли барча қатламлари, жумладан, имконияти чекланган фуқароларнинг бемалол мутолаа қилишлари ҳам алоҳида эътиборга олинган, — дейди марказ директори Мавлуда Жўрабоева. — Масалан, ҳаракати чекланган китобхонлар бинода бўлган чоғда махсус қурилмалардан фойдалана оладилар. Интернет ва медиа залида кўзи ожиз фойдаланувчиларга 76 номдаги аудиокитоблар шай қилиб қўйилган.

Ахборот-кутубхона фонди катта миқдордаги адабиётлар билан тўлдирилиб, айни кунда унинг китоблар жамғармаси 600 минг нусхага, электрон ресурслари эса 4000 номга етди. Вилоятнинг бош зиё масканидан фойдаланувчилар сони эса 23,5 минг кишидан ортади. Ахборот-кутубхона маркази бой тарихий меросга эга бўлиб, XVII-XVIII асрга тааллуқли китоблар, 1940 йилдан буён чиқарилган газета ва журналларни сақлаб келмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?